Жаҳон | 12:53 / 02.10.2024
59466
11 дақиқада ўқилади

Эроннинг Исроил бўйлаб ракета зарбаси. Бу ҳақда нималар маълум?

Эрон сешанба куни кечқурун Исроил бўйлаб ёпирилма ракета ҳужуми амалга оширишга уринди. Ҳужум оқибатлари бўйича маълумотларга ойдинлик киритилмоқда. Теҳрон буни «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас етакчилари ўлимига жавобан қилганини билдирган.

Эрон ракеталари Исроил устида. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, эронликлар 180 га яқин ракета учирган. Фото: Anadolu

Ижтимоий тармоқларда Эрон томонидан учирилган, Иордания устидан ўтган, уриб туширилган ёки Исроил ҳудудига қулаган ракеталар акс этган кўплаб видеолар тарқалди.

Маҳаллий вақт билан соат 21:30 дан ўтганида Исроил армияси хавф ариганини ва бомбапанагоҳлардан чиқиш мумкинлигини маълум қилди.

Исроиллик ҳарбийларнинг дастлабки маълумотларига кўра, эронликлар 180 та ракета учирган.

Кўп ўтмай Исроил мудофаа армияси пресс-атташеси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари брифингда ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирган. Ҳагарининг сўзларига кўра, ҳужум вақтида ракеталар Исроил маркази ва жанубига тушиши билан боғлиқ бир неча ҳолатлар қайд этилган. Агентликлар тарқатган хабарларга кўра, у оқибатлар ҳақида маълумот бермаган.

Исроил армияси пресс-атташеси бу ҳужум «оқибатларга эга бўлиши»ни айтган, аммо Исроил айнан қачон ва қандай шаклда жавоб қайтаришига аниқлик киритмаган.

Jerusalem Post газетаси Magen David Adom қутқарув ташкилоти раҳбарига таяниб, Тел-Авив шимолидаги бинога ва Исроилнинг бошқа бир қанча жойларига ракета келиб урилгани ҳақида хабар берган.

Исроилдаги «Гааретц» газетаси Қуддус ва Тел-Авивда кучли портлашлар рўй бергани, шунингдек Исроил марказига ҳамда жанубдаги Негев саҳросига ракеталар тушгани ҳақида хабар тарқатган, аммо тафсилотлар маълум эмас.

АҚШ президенти маъмурияти маълум қилишича, президент Жо Байден америкалик ҳарбийларга Исроилга зарбани қайтаришда ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқ берган. АҚШ ва бошқа иттифоқчилар жорий йил 13 апрелида ҳам Эроннинг ёпирилма зарбаларини қайтаришда Исроилга ёрдам берганди.

Эроннинг баёноти

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бу ракета зарбаси ўтган ҳафта охирида Байрутга йўлланган зарба оқибатида «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлиши, шунингдек, июл ойи охирида Теҳрондаги портлаш оқибатида Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганига (бунда ҳам Эрон Исроилни айблаган) жавоб эканини билдирди.

«Исмоил Ҳания, Ҳасан Насруллоҳ ва Аббос Нилфорушон шаҳид бўлишига жавобан биз сионистлар босиб олган ҳудудлар марказига зарба бердик», дейилади корпуснинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирилган баёнотида.

Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий иврит тилида ёзилган твитида Исроил бўйлаб янги ва янада кучли зарбалар йўллашни ваъда қилган.

Шахсини очиқлашни истамаган эронлик мулозим Reuters агентлиги билан суҳбатда Исроил томонга ракеталар учириш бўйича буйруқни айнан Олий раҳнамо берганини айтган. Агентлик суҳбатдоши айни вақтда оятуллоҳ хавфсиз жойда эканини айтган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён ҳам X ижтимоий тармоғидаги твитида бу зарбадан мақсад Исроилга Эрон можаро истамаслиги, аммо ўз манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилишга тайёрлигини кўриш эканини ёзган.

Пизишкиён Эрон бу зарбада ўз имкониятларининг фақат бир қисмини намойиш этганини айтиб, шундай огоҳлантирган: «Эрон билан можарога киришманг!»

Ракета зарбасидан кейин Ливан ҳаво кенгликларини ёпган, Эрон ҳам Теҳрондаги аэропорт фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Ливан транспорт вазири Али Ҳамия X ижтимоий тармоғида мамлакат ҳаво кенглиги сўнгги воқеалар туфайли камида икки соатга ёпилишини, парвозларни тиклаш ёки тикламаслик бўйича қарор кейинроқ қабул қилинишини айтган.

Жаҳон агентликлари Теҳрон халқаро аэропорти раҳбари Саид Чаландорийга таяниб хабар беришича, аэропорт номаълум муддатга парвозлар учун ёпилган.

Эроннинг зарбаси исроилликларнинг янги йил байрамлари бошланиши арафасида берилди: исроилликлар янги йили Рош ха-Шана бу йил 2 октябрданн 4 октябр куни кечгача нишонланади; 3-4 октябр кунлари дам олиш кунлари бўлади.

Жаҳондаги реакция

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эронликлар зарбасини «қабул қилиб бўлмайдиган» акт деб атади ва бутун дунёни буни қоралашга чақирди.

«Дастлабки маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Исроил Қўшма Штатлар ва бошқа ҳамкорлар кўмагида бу ҳужумни самарали қайтарди», — дея қўшимча қилган Блинкен.

CNN телекомпанияси америкалик ҳарбийлар орасидаги манбасига таяниб, Эрон ракеталарини тутиб олишда Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ташқари Американинг Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмида жойлаштирилган учта эсминеци ҳам иштирок этган.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистларга Исроил иттифоқчилар ёрдамида бу ҳужумдан қурбонларсиз ўтганини айтган. Салливан исроилликлар каби Эронга жиддий оқибатлар билан таҳдид қилган.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер сешанба куни кечқурун телефон орқали Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамда Иордания қироли Абдулла II билан мулоқот қилган.

Даунинг-стрит матбуот хизматига кўра, Стармер Нетаняҳу билан суҳбатда Британия бундан кейин ҳам Исроил ва унинг аҳолиси хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришда давом этишига ишонтирган, шунингдек Ливанда ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Франция бош вазири Мишел Барне Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув эҳтимоли ҳақида гапирган.

«Мен шу ерда — ҳозир кечқурун соат 7:16 — Яқин ва Ўрта Шарқда вазият ёмонлашаётган, эскалация ва ҳужумлар кузатилаётган, Эрон ва Исроил ўртасида тўғридан тўғри можаро яқинлашаётгандек туюлаётган паллада гапиряпман», — деган Барне Франция парламентида чиқиш қилиб.

Германия ТИВ раҳбари Аннелена Бербок X ижтимоий тармоғида Эрон ракета зарбаси бутун минтақани жарликка етаклаши ҳақида ёзган.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳамас гуруҳи Исроил бўйлаб зарбаларни олқишлаб, буни худди Теҳрондагилар каби «қаҳрамон шаҳидлар қони учун қасос» деб атаган.

AFP агентлиги хабарига кўра, Ироқдаги Эрон таъсиридаги гуруҳлар агар Эронга зарба бериладиган бўлса, АҚШнинг ушбу мамлакатдаги базалари бўйлаб янги зарбалар йўллаш билан таҳдид қилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутериш Эроннинг Исроил бўйлаб зарбаси юзасидан баёнотида Яқин Шарқдаги можаро кенгайишига олиб борувчи ҳаракатларни қоралаган ва навбатдаги марта ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган.

АҚШ огоҳлантирганди

Сешанба куни аввалида АҚШ президенти маъмурияти вакилларидан бири анонимлик шарти билан АҚШдаги маълумотларга кўра, Эрон яқин вақтлар ичида Исроилга баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга тайёрланаётгани тўғрисида хабар берганди.

Оқ уй вакили берган хабар сешанба куни кўплаб агентликлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилди.

«Қўшма Штатлар Эрон яқин вақтлар ичида Исроилга баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга тайёрланаётганини кўрсатувчи маълумотга эга. Биз Исроилни ушбу ҳужумдан ҳимоя қилиш учун фаоллик билан мудофаа чораларини кўрамиз. Эроннинг Исроилга тўғридан тўғри қуролли ҳужуми Эрон учун жиддий оқибатларга эга бўлади», — дея унинг сўзларини келтирганди Америкадаги CBS телекомпанияси.

Жорий йил 13 апрелига ўтар кечаси ҳам Эрон Исроил бўйлаб ҳаво ҳужуми амалга оширганди, кейинроқ Исроил армияси ҳужумда 170 та дрон, 30 та қанотли ракета ва 120 та баллистик ракетадан фойдаланилганини маълум қилган.

Исроиллик ва америкалик ҳарбийлар ҳаводаги нишонларнинг 99 фоизи уриб тушрилганини айтганди. Ўшанда ҳужумни қайтаришда Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига АҚШ, Буюк Британии, Франция ва Иордания ҳам ёрдам берганди.

Баллистик ракеталарнинг айримлари Исроил жанубидаги Неватим авиабазасига етиб келганди, аммо исроиллик ҳарбийлар зарбалар оқибатидаги шикастланиш даражаси жуда кичиклиги ва база фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини билдирган.

Бу зарбалар Ислом республикасининг Дамашқдаги консулхонасига йўлланган авиазарбага жавоб экани маълум қилинганди, Теҳрон Сурия пойтахтига ҳужум учун Тел-Авивни айблаган. Исроил ҳукумати ўз одатига кўра бундай амалиётлардаги иштирокини тасдиқламайди ва рад этмайди ҳам.

Иcроил аҳолиси ракета ҳужуми вақтида Тел-Авив ва Қуддусни боғловчи автойўл четида яширинмоқда, 2024 йил 1 октябр
Ohad Zwigenberg / AP / Scanpix / LETA

Рамзий зарба ва Эрон ракеталари ноаниқлиги
Павел Аксёнов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси

Эроннинг Исроил бўйлаб ракета зарбаси кўлами бўйича 13 апрел кунги ҳужумни эслатиб юборади. Ўшанда Эрон, шунингдек Сурия, Ливан ва Ироқ ҳудудларидан учирилган ракета ва дронлар сони 300 дан ошганди. Уларнинг 99 фоизи уриб туширилгани айтилганди. Бунда Исроилга АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Иордания ёрдам берганди.

Шу билан бирга, ўшанда уриб туширилмаган ракеталарнинг аксари шунчаки нишонга етиб бормаганди. Ҳужумдан бир неча ой ўтиб эълон қилинган тадқиқотда айтилишича, Эрон ракеталарининг мўлжалдан оғиш масофаси 1,2 километрни ташкил этган.

Эндиликда, Reuters агентлиги Исроил расмийларига асосланиб хабар беришича, Эрон икки тўлқинда 200 га яқин ракета учирган.

Агар бу дастлабки маълумотлар тўғри бўлиб чиқса, бу сафар Исроил ва унинг иттифоқчилари ракета зарбаларини қайтариши янада осонроқ бўлди дейиш мумкин.

Эрон хатолардан сабоқ чиқариши мумкин эди, аммо қисқа муддат ичида бу қадар кўп миқдордаги ракеталарни такомиллаштира олмасди.

Апрел ойидаги ҳужум натижаси, қанчалик ғалати бўлмасин, Эронни қониқтирганди, Теҳрондагилар ўз ракеталари Исроил осмонида пайдо бўлиши фактининг ўзини муваффақият деб атаганди. Биринчи октябр кунги ҳужум ҳам Исроилда вайронгарчиликларга олиб келмаган бўлиши мумкин, аммо барибир Эрон пропагандасида қониқиш ҳосил қилади.

Кўплаб халқаро шарҳловчилар Теҳрон ҳамон Исроил Эроннинг минтақадаги асосий иттифоқчиларидан бири, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига йўллаган зарбалари ва гуруҳ раҳбариятини йўқ қилишига ноодатий тарзда босиқлик билан қараб келаётганини қайд этишганди.

Душанба куни, «Ҳизбуллоҳ» объектлари бўйлаб бир неча кунлик шиддатли авиазарбалардан кейин Исроил армияси Ливан жанубига кириб, гуруҳнинг Ливан жанубидаги қишлоқларда жойлашган позициялари ва объектларига қарши «чекланган, локал ва аниқ мақсади қуруқлик рейдлари» ўтказилишини эълон қилди.

«Бу нишонлар чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган ва Исроил шимолидаги обшиналарга тўғридан тўғри таҳдид солмоқда», — дейилганди Исроил мудофаа армияси баёнотида.

Мавзуга оид