Жаҳон | 09:05
3598
2 дақиқада ўқилади

Оталар ўз фарзандини ҳидидан таний олиши исботланди

Германиялик олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, оталар нафақат ўз болаларининг ҳидини танийди, балки уни бошқалардан ёқимлироқ деб ҳам билади.

Фото: Getty images

Германиянинг Дрезден техника университети олимлари оталар ўз фарзандининг ҳидини таний олишини маълум қилди. Ғайриоддий тадқиқот давомида олимларнинг аниқлашича, оталар нафақат ўз болаларининг ҳидини танийди, балки уни ёқимлироқ деб ҳам билади. Тадқиқот натижалари Physiology & Behavior журналида чоп этилган.

Тадқиқотда 56 нафар ота ва уларнинг 73 нафар биологик фарзандлари иштирок этди. Болалардан душ қабул қилиш ва тоза, илгари кийилмаган кийимларда ухлаш сўралди. Эрталаб бу кўйлаклар йиғиб олиниб, ҳид намуналарини яратиш учун олимларга топширилди. Кейин оталардан турли ҳидларни бир қатор хусусиятлар бўйича баҳолаш ва улардан қайси бири фарзандларига тегишли эканини аниқлаш сўралди.

Натижалардан маълум бўлишича, оталар уч ёшгача бўлган фарзандларининг ҳидини 37 фоиз ҳолларда, ўсмирлик ёшига яқин болаларининг ҳидини эса 33 фоиз ҳолларда тўғри аниқлай олган. Оталарнинг жавоби тасодифий эмас, улар ҳақиқатан ҳам ўз фарзандларининг ҳидини таний олишган, дейилади мақолада. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, оталар бу ҳидни бошқа болаларникига қараганда ёқимлироқ деб баҳолашган.

Оталарнинг ўз фарзандлари ҳидини аниқлаш қобилияти бутун болалик даврида сақланиб қолади, фақат балоғатга етиш даври бундан мустасно, деб қайд этди мақола муаллифлари. Шунингдек, ҳиднинг ёқимлилиги ота ва бола ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ёрдам берувчи ижобий ҳиссиётлар билан боғлиқлиги ҳам аниқланди.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ўз фарзандининг ҳидидан келадиган ёқимли ҳис-туйғулар болаларни таниб олишда ҳамда ота-она ва бола ўртасидаги мустаҳкам алоқани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид