Қоракўлда машина уриб кетиши оқибатида икки ўқувчи ҳалок бўлди
Kun.uz манбасига кўра, ҳолат бугун эрта тонгда, ўқувчи қизлар репетиторга кетаётганида содир бўлган. Бухоро вилояти ИИБ ва ММТБ масъуллари негадир ҳолатни яширишга уринмоқда.
Мактаб ўқувчиларининг ўлими билан боғлиқ навбатдаги ЙТҲ Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.
Манбага кўра, ЙТҲ бугун эрта тонгда, соат тахминан 5:00–6:00лар атрофида содир бўлган. Туманнинг Тожикент маҳалласида яшовчи, ҳудуддаги 27-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари экани айтилаётган икки қиз репетиторга кетаётганида уларни машина уриб юборган. ЙТҲ оқибатида ўқувчи қизларнинг иккиси ҳам вафот этган.
ЙТҲда икки ўқувчи қиз ҳалок бўлганини ва улар Тожикент маҳалласидан эканини ушбу маҳалла раиси Kun.uz’га тасдиқлади.
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукуруллаев билан боғланди. Лекин у шахсий тадбирда эканини айтиб, сўровимизни жавобсиз қолдирди.
Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари ҳолатдан хабари йўқлигини, бошқарма масъуллари билан боғлана олмаганини маълум қилди.
Аввалроқ Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокими ёрдамчиси содир этган ЙТҲда 3-синф ўқувчиси ҳалок бўлганди.
Охирги ҳафталарда Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги мактаб олдида 8-синф ўқувчиси, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги мактаб олдида эса 11 ёшли қиз ҳалок бўлди. Тошкент шаҳри Сергели туманида 9 ёшли қиз, Шайхонтоҳур туманида 19 ёшли қиз автоҳалокат қурбони бўлди.
Олий Мажлис Сенати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки беш ойи давомида 65 нафар ўқувчи автоҳалокатларда қурбон бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.
Мавзуга оид
15:49 / 02.10.2024
Самарқандда тормози ишламай қолган “Камаз” 7 та машинани пачоқлади
16:24 / 30.09.2024
Юқори Чирчиқда пиёдалар йўлагидан ўтаётган 11 ёшли ўқувчини Cobalt уриб юборди
11:25 / 29.09.2024
Самарқандда бешта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
09:16 / 29.09.2024