Жаҳон | 09:10
4071
3 дақиқада ўқилади

Россия армияси Вуҳледарни қўлга киритган бўлиши мумкин

Россия армияси Вуҳледарни деярли бутунлай эгаллаб олди, деб ёзади Россиянинг уруш тарафдори бўлган Telegram каналлари видео-далилларни эълон қилиб. Айрим хабарларга кўра, шаҳарда юзлаб украиналик аскар қуршаб олинган бўлиши мумкин.

Фото: Ozge Elif Kizil/Anadolu/picture alliance

1 октябр, сешанба куни Россия армияси бўлинмалари Вуҳледарни деярли бутунлай эгаллаб олди, деб ёзади Россиянинг уруш тарафдори бўлган Telegram-каналлари. Улар Россия Қуролли кучлари ходимларининг Вуҳледар турли қисмларида, жумладан, шаҳар кенгаши биносида Россия байроқларини илаётгани акс этган видеоларни чоп этди.

Шаҳардаги Украина армияси қаршилиги, бир қатор каналлар таъкидлаганидек, «маҳаллий хусусиятга эга». Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотга ҳали расман изоҳ бермади.

Аввалроқ Донецк области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Вадим Филашкин телевидение орқали Россия Қуролли кучлари аллақачон стратегик муҳим шаҳарнинг «деярли марказида» экани ва вазият оғирлигини тан олганди. Унинг сўзларига кўра, Вуҳледарда 107 нафар тинч аҳоли қолган, улар учун гуманитар ёрдам етказиш жуда қийин.

Юзлаб украиналик аскар қуршаб олинган бўлиши мумкин

Вуҳледарда Украина Қуролли кучларининг 2000 га яқин кишидан иборат 72-алоҳида механизациялашган бригадаси бор эди. Сўнгги кунларда унинг аҳволи, мутахассисларнинг фикрига кўра, оғирлашди. Шаҳар шимолида рус позициялари орасидаги бўшлиқ кенглиги бор-йўғи 3 км ва у рус армияси томонидан ўққа тутилади, бу эса Украина Қуролли кучларининг Вуҳледар гуруҳи таъминотини жуда қийинлаштирди.

30 сентябр куни Британиянинг The Telegraph нашри Россия Қуролли кучлари шаҳарни тўлиқ қуршаб олишга яқин қолгани, юзлаб украиналик аскарлар қамалда қолиши мумкинлигини ёзган эди. 72-механизациялашган бригада ҳарбий хизматчисининг айтишича, Вуҳледардан эвакуация йўллари узилган, озиқ-овқат, ўқ-дорилар ва ёнилғи захиралари тугаб бормоқда.

Вуҳледар УҚКнинг муҳим мудофаа пункти эди

Бундан олдин Украина қўмондонлиги Вуҳледарни Волновахага ва ундан кейин Азовбўйига қарши ҳужум қилиш учун бир неча бор плацдарм деб атаган. Шаҳар денгиз сатҳидан 180-200 метр баландликда жойлашганлиги билан аҳамиятли эди. Бу жанубий ва шарқдаги аҳоли пунктларини артиллерия назорати остида ушлаб туриш имконини беради. Бироқ, Россия армияси учун бу устунлик унчалик аниқ эмас, дея таъкидлайди Урушни ўрганиш институти (ISW), чунки ғарб ёки шимолга ҳужум қилинган тақдирда, қўшинлар очиқ жойда ўнлаб километр масофани босиб ўтиши керак.

Айни пайтда, Вуҳледарни тўлиқ эгаллаб олган руслар Донецк темирйўлининг муҳим қисмини Украина назорати зонасидан олиб ташлайди. Волновахадан унчалик узоқ бўлмаган жойда у Запорижжя ва Херсон областлари орқали Россия Федерацияси томонидан қўшилган Қримга чўзилган Жанубий темирйўллар билан ягона туташиш нуқтасига эга. 2016 йилда вайрон бўлган ушбу темирйўл кесишмасини тиклаш орқали Россия Федерацияси Керч кўприги шикастланганидан кейин тўхтаб қолган Қрим билан темирйўл алоқасини қайта очиши мумкин, деб таъкидлайди ISW.

Мавзуга оид