Жаҳон | 16:59
2654
2 дақиқада ўқилади

Марбург вируси: ЖССТ янги глобал эпидемия хавфидан огоҳлантирди

Руандада даволаб бўлмайдиган Марбург вируси тарқалди. Ҳозирча вирусга қарши ваксина йўқ.

Фото: Mirror

Руанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудидаги 30 та тумандан еттитасида касаллик ҳолатлари аниқлангандан сўнг мамлакатда ушбу касаллик илк бор авж олганини тасдиқлади, дея хабар бермоқда Mirror.

Касалланиш ҳолатларининг 70 фоиздан ортиғи Кигали шаҳридаги иккита тиббиёт муассасаси ходимларида кузатилган. Вафот этганлар сони 10 кишига етган. Mамлакатда жами 29 та касалланиш ҳолати қайд этилди. Mirror қўшимча қилишича, шифокорлар касалланган шахслар билан алоқада бўлган 300 нафар одамни кузатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча Марбург вируси учун даво ёки ваксина мавжуд эмас.

ЖССТ вирус тарқалиш хавфини минтақавий даражада юқори, аммо глобал миқёсда паст деб баҳоламоқда. Шу билан бирга мутахассислар касалликка чалингани гумонланаётган бир киши Раундани тарк этганидан ташвишда.

2 октябр куни Германияда Руандадан келган тиббиёт факультети талабаси ва унинг дўсти Марбург вирусини юқтирганлик белгилари туфайли Ҳамбург марказий вокзалидан зудлик билан эвакуация қилинди. Улар кейинги тиббий кўрикдан ўтиш учун Ҳамбург-Эппендорф университети касалхонасига олиб кетилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, поездда вирус ташувчиси бўлган 200 га яқин йўловчи бўлган. Полиция карантин чоралари учун уларнинг алоқа маълумотларини тўплади.

Марбург вируси геморрагик иситмани келтириб чиқаради, бу касалликдан ўлим даражаси 88 фоизгача етиши мумкин. Вирус тўғридан тўғри алоқа натижасида юқади. Касаллик белгилари орасида юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи ва ҳолсизлик, шунингдек ич кетиши, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кузатилади.

Марбург вируси Эбола вируси билан бир оилага мансуб. Касаллик ўз номини 1967 йилда Германиянинг Марбург шаҳрида юз берган эпидемия туфайли олган. Ўшанда Германиянинг Франкфурт, Сербиянинг Белград шаҳрида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Европада касалликнинг тарқалиши Угандадан лаборатория тадқиқотлари учун келтирилган Африка яшил маймунлари туфайли бошланган. Лаборатория ходимлари маймунларни ёриб кўриш пайтида уни юқтириб олган.

Мавзуга оид