Жаҳон | 12:10 / 03.10.2024
3907
3 дақиқада ўқилади

Россия суди АҚШ икки банкининг 372 млн долларлик ҳисобрақамларини хатловга олди

Қарор Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг Украина регуляторлари ҳамда New York Mellon ва JPMorgan банкларига нисбатан Украина томонидан Сбербанкнинг Украинадаги шуъбаси бўлган ХЗ Банк мулкини ноқонуний олиб қўйганлигини тан олиш тўғрисидаги даъвоси доирасида қабул қилинди.

Bank of New York Mellon Фото: David 'Dee' Delgado / Reuters

2 октябр, чоршанба куни Москва области арбитраж суди Россия Бош прокуратураси талабига биноан Американинг Bank of New York Mellon ва JPMorgan Chase Bank банклари Россиядаги ҳисобрақамларидаги 372 миллион долларни хатловга олди.

Суд бу қарорни Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, Украина Миллий банки, Украина Миллий инвестиция жамғармаси давлат корхонаси, Bank of New York Mellon ва JPMorgan Chase Bank'га қарши жамоавий даъвоси доирасида қабул қилди. Даъвога сабаб, Россия томонининг фикрича, 2022 йил баҳорида Украина Миллий жамғармасига Сбербанкнинг собиқ Украина шуъба корхонаси – ХЗБ (Халқаро захира банки)нинг музлатилган активлари ноқонуний ўтказилиши бўлган. ХЗБ Украинада олиб қўйиш учун зарур бўлган маблағларни Bank of New York Mellon ва JPMorgan Chase Bank ҳисобрақамларига жойлаштирган.

Reuters: ЕИ Россияга қарши санкцияларни узайтириш йўлларини кўриб чиқмоқда

Европа Иттифоқи Россия Марказий банки активларини музлатиш, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши учун киритилган санкцияларни узайтиришнинг янги механизмларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 13 сентябр куни манбаларга таяниб, Reuters хабар берди.

Журналистларнинг сўзларига кўра, европалик дипломатларга маблағларни кейинги музлатиш бўйича бир нечта сценарийлар таклиф қилинган. Биринчиси, Россия Федерацияси активларини беш йил давомида музлатиш, аммо бу қарорни ҳар йили қайта кўриб чиқиш. Бундай ҳолда, уни бекор қилиш учун кўпчилик овоз талаб қилинади. Иккинчи сценарий - музлатиш муддатини ҳар уч йилда бир марта бир овоздан узайтириш. Учинчиси, Россияга қарши барча санкцияларни ҳар уч йилда бир марта узайтириш. 

Ҳозирги вақтда чекловлар ҳар олти ойда бир марта янгиланиши керак ва қарор қабул қилиш учун бир овоздан маъқуллаш талаб этилади. Reuters агентлигининг таъкидлашича, Еврокомиссия бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.

Россия музлатилган активлари Киевга 50 млрд долларлик кредит ажратишда муҳим рол ўйнайди

2024 йил июн ойида бўлиб ўтган «катта еттилик» (G7) саммити чоғида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ташкилотга аъзо барча давлатлар Украинага йил охиригача гаров сифатида 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлаганликларини эълон қилди. 

Бу маблағнинг ярмини Киевга Европа Иттифоқи давлатлари, қолган ярмини эса G7 бошқа аъзолари тўлаши кутилмоқда. Киев кредитни Россия Федерацияси Марказий банкининг музлатилган активларидан унга ўтказилган фоизлар ҳисобидан тўлаши керак бўлади.

Мавзуга оид