4 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Наманганда ноқонуний рўйхатга олинган автомобиллар, Қатарга меҳнат миграцияси истиқболлари, қоида бузган Жаҳонгир Отажонов ва мактаб қурган тадбиркор — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Наманганда ноқонуний рўйхатга олинган автомобиллар
Наманганда юзлаб автомобиллар давлат рўйхатидан ноқонуний ўтказилгани, иш республика даражасида терговда экани айтилмоқда.
Водий вилоятларида машиналарни ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Улар орасида ЙҲХБ ходимлари ҳам бор. Улардан бири вилоят ички ишлар тизимида юқори лавозимда ишловчи мансабдорга ҳайдовчилик қилгани айтилмоқда.
Наманганда автомобилларни ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказиб келган жиноий гуруҳ аниқланган. Улар бу фаолиятни бутун водий вилоятлари бўйича амалга ошириб келган. Жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари ҳозирда қамоққа олинган ва иш республика даражасида тергов қилинмоқда.
Жиноят иши кўлами жуда катта, фуқаролар ва давлатга миллиардлаб сўмлик зарар етказилган. Ушбу жиноятни содир қилишда гумонланиб қамоққа олинган шахслар орасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳам бор. Жумладан, улардан бири Наманган вилояти ЙҲХБда ишлагани ва бир вақтнинг ўзида вилоят ички ишлар тизимидаги юқори лавозимда ишловчи мансабдорга ҳайдовчилик қилгани маълум бўлди.
Ноқонуний равишда давлат рўйхатидан ўтказилган транспорт воситалари сони водий бўйича бир неча юзни ташкил қилади. Гумонланувчилар аукцион савдоларига чиқарилиши керак бўлган транспорт воситаларини, чет эллардан, жумладан, Қирғизистондан олиб келинган машиналарни “растаможка”сиз давлат рўйхатидан ўтказиб юборган. Яъни Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган транспорт воситаларига давлат рақами ҳамда “техпаспорт” тўғрилаб беришган.
Ўзбекистонликлар Қатарга ишга юборилади
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига кўра, Қатарда туризм, IT ҳамда тиббиёт соҳалари мутахассисларига талаб ва қизиқиш мавжуд.
Агентлик Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ва Қатарнинг Jusour бандлик агентлиги раҳбариятлари ўртасида онлайн учрашув ўтказган.
«Ўзбекистон Қатар давлати учун ҳар соҳада стратегик ҳамкор мамлакат ҳисобланади. Шу боис юртингиздан малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича ҳам катта режаларимиз бор», — деган Қатарнинг Jusour бандлик агентлиги раҳбари Абдулҳодий Биҳайт Барқон.
Учрашувда икки томон ушбу имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистон фуқароларининг Қатар давлатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ҳамкорлик шартномасини тез кунларда имзолашга келишиб олди.
Умра лицензияси бўйича янги талаблар қачон эълон қилинади?
Дин ишлари бўйича қўмита 5 октябрдан Умра зиёратига олиб борувчи фирмаларнинг лицензиялари ўз кучини йўқотиши, улар қўмитадан янги лицензия олиши кераклигини маълум қилган эди.
2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланган.
Ушбу йўналишдаги сайёҳлик фирмалари жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмитадан янги лицензия олишлари керак бўлади.
Янги тартиб кучга киришига 2 кун қолди, лекин ваколатли орган ҳозиргача янги лицензия шартларини эълон қилмаган.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати бош мутахассиси Яҳё Ҳайиталиев қарор лойиҳаси аллақачон ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилганини, қарор бир-икки кунда чиқиб қолиши мумкинлигини маълум қилган.
Жаҳонгир Отажонов учарлик қилди
Ўзбекистонда яна бир таниқли шахс йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатлангани акс этган видеосини тарқатди.
Хонанда Жаҳонгир Отажонов Zeekr русумли автомобилда 195 km/h тезликда ҳаракатланди. Бошқарув чоғида тезлик кўрсаткичини телефонида тасвирга олиб, Instagramʼдаги саҳифасига жойлаган.
Видеога кўра, қоидабузарлик аҳоли яшаш пунктидан ташқарида, автотрассада содир этилган, бундай жойларда рухсат этилган максимал тезлик эса 100 km/h (айрим ҳудудларда — 110 km/h)ни ташкил этади.
«Кеча Zeekr қанча тезликка чиқаркан дейишганди. Қани кўрамиз. Шароит бор чиқаришга», — дейди у видеода. У спидометр кўрсаткичи 195 km/hʼга чиққанида тезликни пасайтира бошлайди. «195 га чиқардим, уёғига ҳаракат кўп экан, тўғриси, қўрқдим. Балки 200 га ҳам чиқар», — дейди у.
Кейинчалик Жаҳонгир Отажонов ўз машинасини койигани, сўнгра Самарқанд вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан жаримага тортилгани тўғрисидаги видеолар эълон қилинди.
Саховатли тадбиркор мактаб қурди
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида маҳаллий тадбиркорлардан бири ўзи таҳсил олган мактаб учун 630 ўринли янги бино қуриб берди. Тадбиркор янги мактаб биноси учун 32,2 млрд сўм сарфлагани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, тадбиркор Жамшид Пардаев ўзи таҳсил олган Олтинсой туманида жойлашган 48-сонли мактаб учун янги бино қуриб берган.
Янги мактаб биноси замонавий кўринишда қурилган бўлиб, унда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча қулайликлар қилинган.
Жумладан, интеллектуал синфхоналар, спортзал, мини стадион, кутубхона, мажлислар зали, компютер синфлари ва ошхона барпо қилинган.
Мавзуга оид
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024