Жаҳон | 11:00 / 04.10.2024
1158
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ColdRiver ҳакерларининг 100 дан ортиқ домени блокланди

ColdRiver ҳакерлар гуруҳи Россия «ФСБ»нинг «Центр-18» бўлими билан боғланган бўлиб, унинг вазифалари АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Америка департаментлари ва агентликлари маълумотларига киришни ўз ичига олади.

Фото: Annette Riedl / Dpa / Global Look Press

Қўшма Штатларда ColdRiver ҳакерлар гуруҳи билан боғлиқ 107 доменни мусодара қилиш учун ордерлар чиқарилди. 3 октябр, пайшанба куни эълон қилинган баёнотда АҚШ Адлия вазирлиги блокланган доменлардан мақсадли фишинг – электрон почта манзиллари ва веб-сайтларни сохталаштириш орқали бошқа шахс ниқоби остида маълумотларга киришга уринишлар учун фойдаланилганини таъкидлади.

ColdRiver фаолияти, АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, собиқ АҚШ разведка ходимлари, АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаментининг собиқ ва ҳозирги ходимлари, мудофаа бўйича пудратчилар ва Энергетика вазирлиги ходимларига қаратилган. Идора фикрича, ҳакерлар Федерал хавфсизлик хизматининг (Россия «ФСБ») «Центр-18» номли бўлинмаси билан алоқада бўлиб, унинг вазифаларига АҚШ департаментлари ва агентликларининг маълумотларига кириш киради.

Полша Россия ва Беларус ҳакерларининг қўшма диверсиясини тўхтатиб қолди

Полша ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия ва Беларус ўртасида Полшадаги барқарорликни бузишга қаратилган қўшма қўпорувчилик операциясини тайёрлаган ҳакерлар гуруҳини фош қилди. Бу ҳақда Варшавада 9 сентябр куни мамлакат бош вазири ўринбосари, рақамлаштириш вазири Кшиштоф Гавковский маълум қилди. Унга кўра, Беларус ҳудудидан фаолият олиб борган ҳакерлар Полша давлат идоралари ва ҳарбий буюртмаларни бажарувчи давлат компаниялари ресурсларига бузиб киришган.

Кибержиноятчиларнинг вазифалари орасида «маълумотни товламачилик йўли билан олиш, шахслар ва ташкилотларни шантаж қилиш, шунингдек, ҳақиқий киберуруш олиб бориш» бўлган, деди вазир. Мисол тариқасида у Полшанинг антидопинг агентлиги POLADA’га ҳакерлар ҳужумини келтирди. 

Кшиштоф Гавковский гуруҳда қанча одам борлиги, шунингдек, қўлга олинганлар сонига аниқлик киритмади. Унинг қўшимча қилишича, йил бошидан буён 400 мингта эҳтимолий киберҳужумлар қайд этилган, бу бутун 2023 йилдагидан (370 минг) сезиларли даражада кўп. 

Мавзуга оид