Жаҳон | 18:05 / 04.10.2024
4845
3 дақиқада ўқилади

АҚШда «Ҳелен» тўфони қурбонлари сони 200 дан ошди. Президент ва номзодлар жабрланган ҳудудларга бормоқда

Бу 2005 йилдаги «Катрина» тўфонидан кейинги энг ажалвор табиий офатга айланди.

Фото: EPA

«Ҳелен» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишидан ошди. Қутқарувчилар сентябр ойи охирида АҚШ жануби-шарқига ёпирилган табиий офатдан омон қолганларни қидиришда давом этмоқда.

Қурбонларнинг ярмидан кўпи Шимолий Каролинада яшаган, бу штатда бутун туманлар 2005 йил августида рўй берган ва 1800 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган «Катрина» тўфонидан кейинги энг вайронкор табиий офат туфайли яксон бўлган.

Юзлаб кишилар ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 750 мингдан ортиқ уй электрсиз қолган, кўплаб йўллар ёпилган, бу эса жабрланган ҳудудларга ёрдам юборишга халал бермоқда.

Сўнгги кунларда жабрланган ҳудудларга сафар қилаётган АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни Флорида ва Жоржия штатларида бўлган.

«Мен сизни кўряпман, сизни эшитяпман, сиз билан бирга қайғу чекяпман ва мен сизни қўллаб-қувватлашимизга ваъда бераман», — деган у Жоржиядаги Рэй-Сити аҳолисига.

Аввалроқ президент Флорида, Жоржия, Шимолий ва Жанубий Каролина, шунингдек Виржинияда жабрланган ҳудудлар учун молиявий ёрдам ажратишни маъқуллаганди.

Ҳафта бошида Жоржиянинг жабрланган ҳудудларига собиқ президент, ноябрдаги сайловларда республикачилар партиясидан номзодини кўрсатган Доналд Трамп ташриф буюрганди, чоршанба куни вице-президент, демократларнинг сайловдаги номзоди Камала Ҳаррис ҳам мазкур штатда бўлди.

Яқин кунларда Мексика кўрфази соҳилларида ва Флоридада кучли ёғинлар ёғиши кутилмоқда, бу эса тахминан 100 млрд долларга баҳоланаётган тиклаш ишларини қийинлаштириши мумкин.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги раҳбари Алехандро Майоркас аввалроқ, агар яқин ойлар ичида АҚШга яна бир тўфон ёпирилгудек бўлса, федерал ҳукумат ёрдам кўрсатишда қийинчиликларга учраши мумкинлигини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти минтақага 8,8 млн порция егулик, 7,4 млн литр сув, 150 та генератор ҳамда 225 мингта палатка юборган.

Атлантика океанида тўфонлар мавсуми ноябр ойи охирига қадар давом этади, айни вақтда яна иккита тўфон ҳаракатланмоқда.

Олимлар табиий офатлар кўпайгани ва шиддатли тус олаётганини сайёрадаги иқлим ўзгариши билан боғлайди.

Мавзуга оид