Жаҳон | 23:08 / 04.10.2024
748
2 дақиқада ўқилади

Telegram фаолиятидаги узилишларга Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар сабаб бўлгани айтилди

Мессенжер маъмуриятининг маълум қилишича, Исроил, Ливан ва Эронда юз берган воқеалар туфайли Telegram мисли кўрилмаган юкламаларга дуч келган.

Фото: Shutterstock

Telegram мессенжери маъмурияти шу кунларда сервис фаолиятида кузатилган узилишлар Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар туфайли юзага келганини маълум қилди. Бу ҳақда компаниянинг 4 октябр куни эълон қилган баёнотида сўз боради.

«Яқин Шарқда, хусусан, Исроил, Ливан ва Эронда юз берган воқеалар туфайли Telegram мисли кўрилмаган юкламаларга дуч келди. Охирги бир неча ой давомида айрим фойдаланувчиларда уланиш ва медиадан фойдаланишда вақтинчалик муаммолар кузатилди», — дейилади компания хабарида.

Telegram маъмуриятининг қўшимча қилишича, барча муаммолар «тўлиқ бартараф этилган». «Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дея таъкидланади баёнотда.

Сўнгги кунларда Telegram фойдаланувчилари мессенжер фаолиятида бир неча бор узилишлар юзага келганидан шикоят қилди.

Исроил Мудофаа кучлари 1 октябрга ўтар кечаси Ливан жанубида қуруқликдаги операциясини бошлади, шундан сўнг Эрон Исроил томон 200 га яқин ракета учириб, зарба берди.

Аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров 2018 йилдан бери мессенжер кўпчилик мамлакатлардаги махфийлик сиёсатига кўра, жиноятчиларнинг IP манзиллари/телефон рақамларини расмийларга ошкор қила олишини маълум қилганди.

Мавзуга оид