Ўзбекистон | 20:03
1765
3 дақиқада ўқилади

“Чиқиндидан 6 ойлик қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларга СМС-хабарнома юборилди” – Экология вазирлиги

Санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги республика миқёсида жами 585 млрд сўмга етган. Тўловларни ундиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида дастлаб вилоят марказларида чиқинди хизматлари учун 6 ойлик тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларга СМС-хабарнома юборила бошланган.

Фото: maxsustrans.uz

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг қисқа рақами орқали чиқинди тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларга қарздорлик қопланмагунига қадар электр энергияси учун тўловни чеклаш тизими жорий этилаётгани ҳақида СМС-хабарномалар юборилиши бошлангани хабар қилинганди.

Экология вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқаролар орасида хонадондан чиқинди чиқмаслиги, чиқиндилар ёқиб юборилиши ёки ерга кўмилиши каби асоссиз сабабларга кўра маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлашдан бош тортиш ёки кечиктириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Бунинг оқибатида санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги кескин ошиб, республика миқёсида жами 585 млрд сўмга етган.

«Аҳолининг тўлов маданиятини шакллантиришга доир қатор чора-тадбирлар доирасида биринчи босқичда вилоятлар марказларининг чиқинди хизматлари учун 6 ойлик тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларига СМС-хабарнома юборилди. Шунингдек, 2024 йил учун олдиндан тўлиқ тўловни амалга оширган абонентларга тўлов тарифлари йил давомида оширилган тақдирда ҳам тарифлардаги фарқлар қўшиб ҳисобланмаслиги каби имтиёз мавжудлиги ҳақида маълумот берилди.

2024 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча коммунал хизматларда (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув, иссиқлик таъминоти) жумладан, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати тўловлари учун ҳам тегишли қонун билан ҚҚС жорий этилгани муносабати билан хизмат тарифлари ҚҚС билан бирга ундирилиши айтиб ўтилди», дейилади вазирлик изоҳида.

Қўшимча қилинишича, СМС-хабарномалардаги қарздорлик миқдори бўйича эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда 1205 қисқа рақамига оғзаки ариза қолдириш мумкин.

Маълумот учун, «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида қуйидагилар назарда тутилган эди:

  • 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;
  • 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;
  • 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекланади.

Мавзуга оид