Жаҳон | 20:47
1889
2 дақиқада ўқилади

Хитой ЕИнинг электромобиллар борасидаги қарорига жавобан Европа алкогол маҳсулотларига янги бож жорий этди

Еврокомиссия Хитой томонидан жорий этилган божларни савдо ҳимоясини «суиистеъмол қилиш» деб атаб, бу бўйича Жаҳон савдо ташкилотига шикоят киритишини маълум қилди.

Фото: AP

Хитой Европа Иттифоқи томонидан мамлакатда ишлаб чиқарилган электромобилларга нисбатан жорий этган божларига жавоб тариқасида Европа брендилари (алкогол маҳсулотлари) импортига бож жорий этди, деб хабар беради BBC.

Еврокомиссия Хитой томонидан жорий этилган божларни савдо ҳимоясини «суиистеъмол қилиш» деб атаб, бу бўйича Жаҳон савдо ташкилотига шикоят киритишини маълум қилди. Аммо Хитой ушбу қадам «антидемпинг» чора эканини ва у ички ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлади.

Франциялик ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, янги божлар Hennessy ва Remy Martin каби йирик брендиларга таъсир кўрсатиб, мазкур соҳалар учун «ҳалокатлига» айланади. Хитой эълонидан кейин ушбу компанияларнинг акциялари тушиб кетган.

Европа брендиларга нисбатан янги чекловлар ЕИ томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга юқори божлар жорий этилганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди. Хитой Савдо вазирлигига кўра, бренди импорти сабаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар «жиддий зарар кўрмоқда». Импортчилар Европа брендилари учун «депозит гаровларини» тўлаши керак бўлади.

Хитой, шунингдек, Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган бошқа маҳсулотлар, жумладан, автомобиллар ва сут маҳсулотларига ҳам янги божларни жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Hennessy’га эгалик қилувчи LVMH компанияси акциялари 3 фоиздан ортиққа, Remy Martin’ни ишлаб чиқарувчи Remy Cointreau акциялари эса 8 фоизга тушиб кетган. Jefferies таҳлилчиларининг ҳисоблашича, янги тарифлар истеъмолчилар орасида нархларнинг 20 фоизга ошишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, Хитой томонидан жорий этилган божлар туфайли немис автомобил ишлаб чиқарувчиларининг ҳам акциялари тушиб кетган.

Мавзуга оид