Жаҳон | 09:50 / 09.10.2024
4100
2 дақиқада ўқилади

MI5 раҳбари Россия ва Эрон томонидан таҳдид кучайганини маълум қилди

Кен Маккаллумнинг айтишича, Россия, Эрон ва террорчилар томонидан таҳдидлар кучаймоқда. Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир йил ичида MI5 тергов қилаётган ишлар сони 1,5 баробар ошган.

Фото: mi5.gov.uk

Россия разведкаси ўз олдига «Британия ва Европа кўчаларида бетартиблик уруғини» экишни мақсад қилиб қўйган, деди Британиянинг MI5 контрразведка хизмати раҳбари Кен Маккаллум 8 октябр, сешанба куни Лондонда аксилтеррор операциялар маркази йиғилишида сўзлаган нутқида. Унинг нутқи матни MI5 матбуот хизмати томонидан тақдим этилган.

«Биз ўт қўйиш, диверсия ва бошқаларни кўрдик. Тобора кучайиб бораётган хавфли ҳаракатлар эҳтиётсизлик билан амалга оширилмоқда», деди Маккаллум Россия операциялари тафсилотларини келтирмасдан.

Унинг таъкидлашича, «тартибсизлик яратиш бўйича доимий миссиясини» амалга ошириш учун ГРУ жиноий доиралар вакиллари ва учинчи мамлакатлар фуқароларига мурожаат қилишга мажбур, чунки унинг сўзларига кўра, Россия элчихоналарида ишлаган кўплаб жосуслар чиқариб юборилган.

Нафақат Россия, балки бошқа давлатлар ҳам

Маккаллумнинг сўзларига кўра, Буюк Британия ҳозир Россия, Эрон ва Хитой каби давлатлар ҳамда террорчилик ташкилотларининг ҳаракатлари туфайли ўз тарихидаги «энг мураккаб ва ўзаро боғлиқ» таҳдидга дуч келмоқда.

2022 йил январ ойидан бери Британия контрразведкаси ва полицияси Эрон кўмагида уюштирилган 20 та фитнани фош этишга муваффақ бўлди, деди MI5 раҳбари. Гап суиқасдларни тайёрлаш масаласи ҳақида ҳам борган. Хитой разведка хизматлари, дейди у, асосан саноат ва илмий жосуслик билан шуғулланади.

Умуман олганда, ўтган йили MI5 текширган ишлар сони 48 фоизга ўсди, деди Маккаллум ҳамда терроризм билан боғлиқ ва хорижий таҳдидларнинг уйғунлиги унинг разведка агентлигининг «иши қийин» эканини англатишини қўшимча қилди.

Мавзуга оид