Ўзбекистон | 11:32 / 15.10.2024
3428
1 дақиқада ўқилади

“Давлат маблағларига қилинган тажовузни Ватанга хиёнат сифатида баҳолаймиз” - Робахон Маҳмудова

“Адолат” СДП етакчиси Робахон Маҳмудова Наманган вилоятидаги сайловолди учрашувида қонунчиликка коррупция билан боғлиқ жиноятлар, талон-торож ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи нормаларни киритишни таклиф қилди.

Фото: “Адолат” СДП

Робахон Маҳмудова бу сафар Наманганда бўлиб, ҳудуд сайловчилари билан учрашди.

Учрашувда партия Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар, сайловчилар, фаол ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Маҳмудова “Адолат” СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида коррупция ҳолатларига муросасиз бўлиш кераклигини таъкидлади:

Биз бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бюджети даромадлари ва харажатлари билан боғлиқ барча жараёнларни рақамлаштириш ва очиқлаш, коррупция билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, талон-торож ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи, етказилган зарарларни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритишни таклиф қиламиз. Биз давлат маблағларига қилинган тажовузни Ватанга хиёнат сифатида баҳолаймиз ва талон-торожликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий жазолаш принципини илгари сурамиз, – деди партия етакчиси.

Мавзуга оид