Икки ойдан бери денгизда сузиб юрган эркак Камчатка қирғоқларида қутқариб олинди. Унинг ҳамроҳлари ҳалок бўлган
Улар август ойи бошида китларни томоша қилиш учун денгизга чиқиб кетганди, аммо саёҳатчилар белгиланган вақтда қайтиб келмаган. Қайиқ билан алоқа узилиб қолган.
9 августдан бери қайиқда сузиб юрган эркак 14 октябр куни Камчатка қирғоқларида қутқарилди. Қайиқни маҳаллий балиқчилар тасодифан пайқаб қолди, деб ёзмоқда “Камчатка Life”. Бу вақт давомида 50 килограммга озиб кетган эркакни дарҳол шифохонага олиб кетишган. Қайиқда яна икки кишининг жасади бор эди — катта ёшли эркак ва ўсмир йигит.
Уларга нима бўлган?
Дастлаб икки эркак ва улардан бирининг ўғли бўлган 15 ёшли ўсмир 4 август куни китларни кўриш учун Шантар оролларига денгизга чиққан, деб таъкидлайди Baza. Улар 9 август куни “Байкат 470” русумли катамаран типидаги қайиқда ортга қайтишни бошлаган. Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси маълумотларига кўра, саёҳатчилар Хабаровск ўлкасида жойлашган Перовский бурнидан йўлга чиқиб, Сахалин вилоятидаги Оха шаҳрига етиб келиши керак эди.
Улар ўзлари билан иссиқ кийимлар, қутқарув жилетлари ва фалшфеерлар (сигнал берувчи пиротехника) олиб кетганди. Бундан ташқари, 20 литр сув ва озиқ-овқат захирасини ҳам ғамлаб олишган. Аммо кутилмаганда қайиқ билан алоқа узилиб қолди, саёҳатчиларнинг ўзлари белгиланган жойга вақтида етиб келмади.
Қайиқ қандай топилди?
Октябр ойининг бошларида бедарак йўқолганларнинг қариндошлари уларни қидириш учун Сахалинга келди. Улар ижарага қайиқ олиб, Амур лимани қирғоқларини кўздан кечиришди. Қидирувлар натижа бермади.
14 октябрга келибгина қайиқ Камчатка ўлкасининг Уст-Хайрюзово қишлоғи яқинидан топилди. Супертраулерлардан бирининг экипажи қайиқни радарда кўриб, уни сузиб юрган чиқинди деб ўйлаган.
Икки киши — эркак ва ўсмир ҳалок бўлган. Марҳум эркакнинг акаси, ўсмирнинг амакиси бўлган 46 ёшли Михаил Пичугин эса тирик қолган. У денгиз сафари давомида 50 килограмм вазн йўқотди, ҳозирда аҳволи оғир. Пичугин ўз қариндошларининг жасадларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, сафарда қайиқнинг двигатели шикастланган. Ҳолат юзасидан сув транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси.
Денгизда ит билан
Шу йилнинг май ойида австралиялик Тим Шеддок ва унинг ити Белла очиқ денгизда уч ой сузиб юрганларидан кейин қутқарилган эди. Бу вақт ичида улар хом балиқ еб, ёмғир сувини ичган ва шу тариқа омон қолган.
Эркак Француз Полинезиясига етиб бориш мақсадида Мексикадан денгиз саёҳатига чиққанди. Саёҳат давомида қайиққа бўрон урилиб, электроника қурилмаларини шикастлаган. Траулерни кузатиб келаётган вертолётдагилар австралиялик эркак ва унинг итини кўриб қолди. Эркакни текширган шифокор унинг ҳаётий кўрсаткичлари ҳайратланарли даражада “меъёрий” эканини маълум қилди.
Кейинроқ Тим Шеддок ўз интервьюсида денгизда оғир синовларни бошидан ўтказганини айтиб берди. “Менга фақат дам олиш ва яхши овқатланиш керак, чунки денгизда узоқ вақт ёлғиз қолдим. Бошқа жиҳатдан соғлиғим жуда яхши. Дори-дармонларим бор. Менга жуда яхши ғамхўрлик кўрсатилмоқда”, — деб таъкидлади австралиялик.
Нажоткор кетчуп
Доминикан Республикаси фуқароси қарийб бир ой очиқ денгизда деярли ҳеч нарса емасдан омон қолди. Бу вақт давомида эркак битта кетчуп билан озиқланган.
2022 йил декабр ойида 47 ёшли Элвис Франсуа Кариб денгизидаги Сан-Мартен ороли портида елканли қайиқни таъмирлаётган пайтда, тўсатдан бўрон кўтарилиб, кемани очиқ денгизга суриб кетган.
Эркак мобил телефон орқали фавқулодда хизматлар билан боғланишга уринган, аммо сигнал тополмаган. У қайиғи чўкиб кетмаслиги учун узлуксиз равишда ундан сувни чиқариб ташлашга мажбур бўлган. Узоқ вақт давомида оқим бўйлаб сузган эркак турли буюмлар ва анжомлар орасидан топилган биргина кетчуп билан овқатланишга мажбур бўлган.
24 кундан сўнг Элвис Франсуа Пуэрто Боливар шаҳридан 220 километр узоқликда Колумбия сувларида қутқарилди. Сузиб ўтаётган кемалардан бирининг капитани қайиқ бортида Help ёзуви ва ойна ёрдамида берилаётган сигналларни кўриб қолган.
Мавзуга оид
18:50 / 18.10.2024
Камчаткада мигрантларни ишга олиш тақиқланган йўналишлар кўпайтирилди
20:00 / 01.09.2024
Камчаткада бортида 22 киши бўлган вертолёт ҳалокатга учради
20:17 / 18.08.2024
Россияда 7 магнитудали зилзиладан кейин Шивелуч вулқони уйғонди
15:25 / 12.04.2023