Жаҳон | 10:40 / 16.10.2024
1386
2 дақиқада ўқилади

Шолц ЕИдан Украинага ёрдамни оширишни сўрайди

Киевнинг ҳарбий эҳтиёжларни қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги сўрови 17 октябр куни бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида кўриб чиқилади, деб ёзади Reuters.

Фото: : EP / Flickr

Германия канцлери Олаф Шолц 17 октябр куни бўлиб ўтадиган Евроиттифоқ саммитида Европа Иттифоқи ҳамкорларидан Украинага ҳарбий ёрдамни оширишни сўрайди. Бу ҳақда 15 октябр, сешанба куни Берлиндаги ҳукумат вакилига таяниб, Reuters хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Германия канцлери «янада қандай қўллаб-қувватлаш мумкинлигини кўриб чиқиш учун албатта яна мурожаат билан чиқади».

Украина Европа Иттифоқининг 35 миллиард евро миқдоридаги кредитига умид қилиши, хусусан, ундан қурол сотиб олишда фойдаланиши мумкин, дея эслатади Reuters. Европарламент 22 октябрда уни якуний маъқуллаши керак. Бироқ, агар Қўшма Штатлар молиявий ёрдамини эълон қилса, бу миқдор камайиши мумкин.

Боррел Украина учун 6,5 млрд евро ажратилишига умид қилмоқда

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ноябр ойигача иттифоққа аъзо давлатлар унинг Киевга Европа тинчлик жамғармасидан ҳарбий мақсадлар учун олти миллиард евродан кўпроқ маблағ ажратиш ҳақидаги таклифини маъқуллаб, Венгриянинг ветосини бекор этишига умид қилмоқда.

«Биз Европа тинчлик жамғармаси ва Украинага ёрдам жамғармаси маблағларини блокдан чиқаришга имкон берадиган консенсусни топишимиз керак, мен ҳозир 100 фоиз кафолат бера олмайман, аммо ўйлайманки, барча мамлакатлар бу келишувга эришадилар», деди Боррелл 14 октябр куни Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича.

Мавзуга оид