7 йилда 2 баробар ўсиш? Ўзбекистон 2030 йилда ЯИМни 200 млрд долларга етказиши айтилди
Президент ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йил якунларига кўра 160 эмас, 200 млрд долларга, жон бошига ЯИМни эса 4000 эмас, 5000 долларга етказиш имкониятлари борлигини таъкидлади, дея маълум қилди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов. Бу кўрсаткичларга эришиш учун Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги 6 йилда ўртача 10 фоиздан ўсиши керак.
Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилги ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича прогнозни яхшилаб, 160 млрд доллардан 200 млрд долларгача кўтариши мумкин. Бу ҳақда макроиқтисодий кўрсаткичлар масаласида президент ҳузурида ўтган йиғилишдан кейин иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов маълум қилди.
“Президентимиз 2030 йилга бориб ЯИМни 160 эмас, бемалол 200 млрд долларгача олиб чиқишимиз, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни 4000 доллар эмас, 5000 доллардан ҳам кўпроқ миқдорга олиб чиқиш имкониятларимиз борлигини кўрсатиб бердилар”, – деди Норқулов “Ўзбекистон 24”га берган интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, инфляция бўйича прогнозлар ҳам қайта кўриб чиқилган.
“Президентимиз томонидан 2025 йилдаги давлат бюджетини шакллантириш ва унинг ижросини таъминлашда тежамкорлик ва барқарорликка риоя этиш, энг асосийси, давлат бюджети тақчиллигини 3 фоизгача тушириш, инфляция даражасини 7 фоиздан оширмаслик вазифаси қўйилди. Инфляция 2026 йилда 5-6 фоиз даражасида сақланиши ва 2027 йилдан бошлаб 5 фоиз ва ундан паст бўлиши кутиляпти”, деди вазир ўринбосари.
Илҳом Норқуловнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг суверен рейтингини инвестицион даражага олиб чиқиш бўйича ҳам топшириқ берилган. У 2024 йил якунлари бўйича ЯИМ ҳажми 111 млрд долларга етиши кутилаётганини айтди.
Расмийларга кўра, 9 ойлик якунларига кўра иқтисодиёт 6,6 фоизга ўсган, йил якунигача ўсиш камида 6 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ Статистика агентлиги, Жаҳон банки миссияси билан биргаликда, яширин иқтисодиётни ҳам инобатга олган ҳолда ЯИМ ҳажмини қайта баҳолашдан ўтказган эди. Натижада Ўзбекистон иқтисодиётининг 2023 йилдаги ҳажми дастлаб эълон қилинган 90,8 млрд доллар эмас, 101,6 млрд доллар бўлгани қайд этилди.
Ушбу рақамни инобатга олганда, расмий хабарларда айтилаётган икки рақам – 2024 йилда 6 фоизлик ўсиш кузатилиб, ЯИМ ҳажми 111 млрд долларга етиши бир-бирига номутаносиб кўринади.
Шунингдек, йил якунида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 111 млрд доллар деб олганда, 2030 йилга бориб 200 млрд долларлик ЯИМга эга бўлиш учун ЯИМ йилига тахминан 10,3 фоиздан ўсиши керак. Бу Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларнинг яқин йиллар учун энг оптимистик кутилмаларидан ҳам анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мавзуга оид
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024
2030 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 200 млрд долларга етиши мумкин
20:24 / 14.12.2024