Жаҳон | 21:55 / 20.10.2024
3729
3 дақиқада ўқилади

Буюк Британия ва Германия «тарихий мудофаа пакти»ни имзолайди

Битим Британия ва Германия кучларига НАТО билан бирга Россиянинг шарқий чегарасида, катта эҳтимол Эстония ва Литвада қўшма машғулотлар ўтказиш имконини беради.

Фото: The Sunday Times

Буюк Британия келаси ҳафта Германия билан «тарихий мудофаа пакти»ни имзолайди, бу эса Европа Иттифоқи билан янада яқинроқ ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради, деб ёзди The Sunday Times.

Битим Британия ва Германия кучларига НАТО билан бирга Россиянинг шарқий чегарасида, катта эҳтимол Эстония ва Литвада қўшма машғулотлар ўтказиш имконини беради. Шартнома, шунингдек, мамлакатларга биргаликда кўпроқ қурол сотиб олиш, янги авлод қуролларини яратиш ва ишлаб чиқаришда яқин ҳамкорликка олиб келади, Украинага ҳарбий ёрдам туфайли камайиб бораётган арсеналлар фонида давлатлар мудофаа саноатини мустаҳкамлайди.

Нашрнинг ёзишича, Британиядаги пакт мудофаа, разведка маълумотларини алмашиш, энергия ва ноқонуний миграция масалаларини ўз ичига олган Европа Иттифоқи билан кенгроқ хавфсизлик ва мудофаа келишувига биринчи қадам сифатида қаралмоқда.

Буюк Британия, Германия ва Франция – Европанинг энг йирик ҳарбий давлатлари – агар республикачи Доналд Трамп президентлик сайловида ғалаба қозонса, Қўшма Штатлар алянсдаги ролини қисқартиришидан қўрқиб, НАТОда қандай қилиб кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда.

Британия Мудофаа вазири Жон Хили НАТОнинг Брюсселдаги саммитида сўзлаган нутқида Германия билан бўлажак келишувни Британия ва Франция ўртасида 2010 йилда тузилган мудофаа ва хавфсизлик битими билан солиштирди. Хили Германия билан тузилган шартнома Буюк Британия томонидан ўшандан бери тузилган «энг муҳим икки томонлама битим» бўлишини тан олди.

Вазир, шунингдек, Эстонияда жойлашган Британия қўшинлари янги тайёргарликдан ўтишини ва яна ҳарбий ҳаракатларга тайёр бўлиш учун дрон ва замонавий технологияларни олишини айтди. Октябр ойи бошида Британия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган «Асгард» лойиҳаси доирасида душманни узоқдан аниқлаш имконини берувчи янги дронлар, радиолар ва радарлар тақдим этилади.

Ушбу лойиҳа энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда Британия кучларининг разведка ва жанговар имкониятларини оширишга қаратилган. 

Мавзуга оид