Ғазо расмийлари Байт-Лахияга зарба оқибатида 90 га яқин киши ҳалок бўлганини маълум қилди
Якшанбага ўтар кечаси Исроил анклав шимолидаги Байт-Лахияга зарба берган, маҳаллий расмийларга кўра, 87 киши, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Камида 40 киши яраланган, кўпчилик ҳамон харобалар остида қолмоқда.
Ҳамас назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, кўплаб жабрланувчилар ҳамон харобалар остида ва тез ёрдам бригадалари етиб бора олмайдиган жойларда қолмоқда.
Исроил қурбонлар тўғрисидаги маълумотни текшираётгани, аммо Ҳамас офиси томонидан тақдим этилган рақамлар бўрттирилган деб ҳисоблашини маълум қилиб, гуруҳдаги манбалар «олдинги ҳолатларда нақадар ишончли» эканини кўрсатиб қўйганини қайд этган.
ЦАҲАЛ маълумотига кўра, сўнгги кун давомида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо ва Ливанда «175 га яқин террорчилик нишонлари»га зарба йўллаган.
Ҳамас матбуот хизмати шанба куни Байт-Лахияда рўй берган портлаш оқибатида аҳоли тиғиз яшовчи квартал жабрланганини маълум қилган. Ғазодаги Ҳамас фуқаро мудофааси агентлиги ҳам қурбонлар кўплигини маълум қилган. Wafa ахборот агентлигига кўра, зарба оқибатида турар жой комплекси буткул вайрон бўлган.
BBC ўз хабарида бу маълумотни мустақил манба орқали текшириш имконсизлигини билдирган.
Айни вақтда ҳудудда алоқа ва интернет ишламаётгани туфайли Байт-Лахиядаги қидирув-қутқарув ишлари ҳам мураккаблашган.
Бу зарба Исроил қўшини Байт-Лахиядаги Индонезия шифохонасини ўққа тутгани ҳақидаги хабардан бир неча соат ўтиб йўлланган. Исроил мудофаа армияси BBC мухбирига «Ҳамаснинг террорчилик объекти»га зарба бергани ва «тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча чоралар кўрилгани»ни билдирган.
Исроил Ғазо шимолига янги ҳарбий юришини октябр ойи бошида бошлаган, Ҳамас мазкур ҳудудда қайта гуруҳланишига йўл қўймаслик мазкур амалиёт вазифаси сифатида белгиланган.
Хусусан, Исроил қўшини йирик қочқинлар лагери жойлашган Жабалия шаҳрини қуршаб олиб, ўққа тутмоқда — жума куни бу ҳудуд ўққа тутилиши оқибатида камида 33 киши ҳалок бўлганди.
Гуманитар ташкилотлар сўнгги ҳафталарда мазкур ҳудудга ёрдам деярли етказиб берилмагани ҳақида огоҳлантирган. Исроил статистикаси ҳам Ғазога ёрдам ҳажми сентябр ойининг шу даври билан таққослаганда, сезиларли даражада камайганини кўрсатмоқда.
Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами ўтишига тўсқинлик қилаётганини бир неча бор рад этган, аммо АҚШ анклавга ёрдам етказиш ҳажмини оширишни талаб қилиб, акс ҳолда ҳарбий ёрдам етказиб беришни чеклашидан огоҳлантирган.
Ғазода Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин айрим экспертлар бир йилдан ошиқ вақт давом этаётган можаро тўхташи мумкинлиги ҳақида ҳам айтишганди. Аммо Ҳамас Исроил Ғазодан чиқиб кетмаскан, гаровдагиларни қайтариш ҳақида гап бўлмаслигини билдирди.
Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий ҳам шанба куни Синварнинг ўлими минтақада Исроилга қарши турувчи кучлар тармоғи бўлмиш «Қаршилик ўқи» курашдан тўхтамаслигини билдирди.
«Ҳамас тирик ва яшашда давом этади», — дейилган Хоминаийнинг баёнотида.
Мавзуга оид
13:30 / 01.11.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар сони 182 нафарга етди
08:56 / 01.11.2024
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024