Тасодифан ҳалок бўлган. Ҳамас раҳбари ўлими тафсилотлари ҳақида яна нималар маълум?
Ғарб давлатлари раҳбарлари энди Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш бўйича музокаралар учун янги имконият пайдо бўлди деб ҳисобламоқда. Синварнинг ўрнига ким келиши ҳозирча ноаниқ — бу унинг Ҳамас ҳарбий қанотига раҳбарлик қилаётган укаси ёки Қатардаги сиёсий етакчилардан бири бўлиши мумкин.
Ўтган вақт мобайнида Яҳё Синвар асосан Ғазо сектори остидаги туннелларда, тан соқчилар гуруҳи ҳимоясида, Исроилда гаровга олинганларни жонли қалқон қилган ҳолда яширингани айтиб келинганди.
Якунда эса Синварнинг ўлими Ғазо жанубида исроиллик ҳарбийлар патрули билан тасодифий тўқнашув вақтида рўй берди. Бу вақтда Синварга фақат икки киши ҳамроҳлик қилган, атрофда эса гаровдагилар бўлгани белгилари йўқ.
Синварни бир йилдан ортиқ вақт беҳуда қидиришди — якунда эса тасодифан ўлдиришди
Исроил ҳукумати урушнинг илк кунларидан очиқчасига Синварни Ғазо секторидаги асосий нишони сифатида эълон қилганди. Исроил мудофаа армиясидагилар уни «тирик жасад» деб аташган ва хоҳ тирик, хоҳ ўлик топилмагунича унга ов тўхтамаслигини қайд этишганди.
CNN телеканалининг америкалик расмийлар орасидаги манбаларига кўра, исроиллик ҳарбийлар Синварни тутишга бир неча марта жуда яқин келишган. Бир сафар уларнинг қўлига Ҳамас раҳбари ва унинг оила аъзолари туннеллардан бирида яширингани акс этган видео ҳам келиб тушган. Бошқа сафар эса Синварга оид ДНК белгиларини кейинроқ август ойи охирида гаровдаги олти киши жасади топилган туннелда, ўша жойдан бир неча юз метр масофада учратишган.
Синвар 16 октябр куни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида олиб борилган кундалик рейдлардан бири вақтида ҳалок бўлди. CNN телеканалининг Исроилдаги манбасига кўра, 828-бригада ҳарбийлари атрофдаги бинолардан бири томон югураётган уч кишини пайқаб қолиб, ўт очган ва ўртада отишма бошланган. Исроилликлар танкдан улар яширинган бинони ўққа тутган, шундан кейин вайрон бўлган бино ичкарисига дрон учирилган. Учувчисиз учар қурилма яродор Синвар ҳаётининг охирги лаҳзаларини видеога олган: у харобалар орасида стулда ўтирган, ўнг қўли жиддий яралангани учун чап қўли билан дрон томонга ёғоч парчасини улоқтирган. Шундан кейин видео узилади.
Аввалига Исроил мудофаа армияси у танк зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини айтишди, кейинроқ Исроил Миллий суд-тиббиёт маркази бош патологоанатоми, жасадни очиб кўрган Хен Кугел, Синварда бошқа оғир жароҳатлар бўлса-да, унинг ўлимига айнан бошидаги ўқ сабаб бўлганини маълум қилди.
Кугел ўз хулосасида жасадни текширишга асосланган таҳлилга таянганини айтди. «Бу мен жасадда топганларимга асосланади», деди Кугел. «Унинг бошқа жароҳатлари ҳам бор, масалан, снаряд бўлагидан елка жароҳати, чап оёғига тош тушиши оқибатидаги жароҳат, кўкрагига қадалган кўплаб майда бўлаклар. Улар жиддий зарар етказган, аммо ўлим сабаби — бошга ўқотар қуролдан етказилган жароҳат», — дея қайд этган мутахассис.
Воқеа жойида олинган кадрларда ҳам Синварнинг бошида катта жароҳат пайдо бўлганини кўриш мумкин.
Синвар ўлимининг тахминий вақти ҳақида сўралганда, Кугел 16 октябр куни кечқурун, эҳтимол, жасад текширувга келтирилганидан 24 соат олдин бўлганини айтди.
CNN хабарига кўра, Синварнинг жасади Исроилда махфий жойда сақланмоқда ва расмийлар уни гаровдаги исроилликларга алмашишни маъқул кўрмоқда.
Бармоғи эскпертизага юборилган
Бу уруш доирасидаги одатий отишма эди ва фаластинликларнинг барчаси ҳалок бўлганига ишонч ҳосил қилгач, ҳарбийлар тўқнашув жойини тарк этади ва бу ерга фақат кейинги куни қайтиб келади.
Айнан ўшанда қурбонларнинг жасадларини кўздан кечириш чоғида улардан бири Ҳамас етакчисига жуда ўхшаш эканини сезиб қолишади.
Ҳарбийлар қопқон-мина хавфи туфайли унинг жасадига тегинишмайди, аммо унинг бармоғининг бир қисмини экспертиза учин Исроилга юборишади.
Кейинроқ, хавфсизлик бўйича барча нормалар бажарилгач, унинг жасади Исроилга олиб кетилади.
Унинг шахсини тасдиқлаш учун бир неча соат вақт кетади, бу вақт мобайнида тишлар, бармоқ излари ва ДНК таҳлиллари ўтказилади.
Исроиллик ҳарбийлар Ҳамас раҳбари ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида биринчи марта пайшанба куни кундузи хабар қилишади, кечга бориб эса ЦАҲАЛ «Яҳё Синвар йўқ қилингани»ни расман эълон қилади.
Исроиллик ҳарбийларга кўра, унинг ёнидан автомат ва 10 минг доллар қийматидаги Исроил шекеллари чиққан.
Синварнинг ўлими юзасидан изоҳида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «ёвузликка зарба берилгани»ни айтади, аммо Ғазодаги уруш ҳали якунланмаганидан огоҳлантиради.
«Синвар қочиб юрган вақтида ов қилинди. У қўмондон сифатида эмас, фақат ўзи ҳақида қайғурадиган одам сифатида ҳалок бўлди. Бу барча душманларимизга аниқ сигнал деган», — Исроил мудофаа вазири Йоав Галант.
Ҳалқа торайиб борган
Исроил мудофаа армияси расмий вакили Даниэл Ҳагари ўз баёнотида исроилликлар патрули билан тўқнашув вақтида Синварнинг ёнида деярли қўриқчилари бўлмаганига эътибор қаратган.
Исроил қўмондонлиги фикрича, бу гуруҳ ёки сездирмасдан ҳаракат қилгани ёки Синварнинг атрофидагилар катта йўқотишга учрагани билан изоҳланиши мумкин.
Синвар жонли қалқон сифатида фойдаланиб келгани айтилган гаровдагилар отишма жойида бўлмаган.
Шу билан бирга, Синвар мақсадли амалиёт давомида йўқ қилинмаган, ЦАҲАЛ эса разведка маълумотлари у бир неча ҳафта давомида мазкур ҳудудда бўлганини кўрсатгани ва ҳарбийлар айнан шу ҳудудда ҳаракатлангани бежиз эмаслигини иддао қилган.
Айтилишича, Исроил кучлари Синварни қидириш радиусини Рафаҳнинг жанубий ҳудудларига қадар торайтирган ва аста-секинлик билан унинг жойлашув манзили томон яқинлашган.
Синвар бир йилдан ортиқ вақт давомида қидирилаётганди. Шубҳасиз, унинг ўзи ҳам Исроил босими ортаётганини ҳис қилган. Бунгача бир неча ой ичида Исроил Ҳамаснинг Муҳаммад Дейф ва Исмоил Ҳания каби етакчиларини топиб йўқ қилганди.
Бундан ташқари, Исроил изчиллик билан ҳаракат вакиллари бошпана учун фойдаланиши мумкин бўлган инфратузилмаларни вайрон қилди.
ЦАҲАЛ баёнотида сўнгги ҳафталарда сектор жанубида ўтказилган амалиётлар «Яҳё Синварнинг оператив ҳаракатларини чеклагани» айтилган.
Ғарбдагилар Синварнинг ўлими сулҳ тузиш учун янги имконият, деб ҳисобламоқда
Синвар йўқ қилиниши Исроилнинг 7 октябр воқеаларидан кейинги асосий мақсадларидан бири эди. Аммо унинг ўлими Ғазодаги уруш якунини англатмайди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 17 октябр куни миллатга мурожаатида амалиёт ҳамон Ҳамас қўлида қолаётган гаровдагилар тўлиқ озод этилгунича давом эттирилишини маълум қилган.
«Мен гаровдагиларнинг оила аъзоларига айтаман: бу урушдаги муҳим палла. Сизнинг яқинларингиз уйга қайтмагунича, биз тўлиқ куч билан давом этамиз»,— деган Нетаняҳу. У агар террорчилар қуролларни ташлаб, гаровдагиларни қўйиб юборса, «уруш эртагаёқ тугаши мумкинлиги»ни таъкидлаган.
Гаровдагиларнинг қариндошлари эса Синварнинг ўлимидан кейин Нетаняҳу, ниҳоят асирлар қайтарилиши эвазига ўт очишни тўхтатишга рози бўлишига умид қилмоқда.
АҚШ ва Европадагилар ҳам ўт ўчишни тўхтатиш бўйича келишув имконияти ҳақида айтишмоқда. «Олдинга [сулҳ томон] ҳаракатланиш вақти келди», — деган АҚШ президенти Жо Байден Берлинга ташрифи вақтида. Германия канцлери Олаф Шолц ҳам шунга ўхшаш баёнот берган: «Умид қиламанки [Синварнинг ўлими билан], ўт очишни тўхтатиш ва Ғазодаги гаровдагиларни озод этиш бўйича келишув учун аниқ истиқболлар очилди».
Financial Times америкалик аноним дипломатга таяниб хабар қилишича, АҚШда Синварнинг ўлимидан кейин янги ташаббусни муҳокама қилиш бошланган, унинг доирасида гаровдагилар озод этилиши эвазига Исроил уларни қўйиб юборадиган Ҳамас жангчилари хавфсизлигига кафолат бериб, ўз ҳужумларида «пауза» қилишга рози бўлиши кўзда тутилган.
Ҳамас ҳам 18 октябр, жума куни Синварнинг ўлимини тасдиқлади ва ташкилот етакчилари ўлими Фаластин халқининг қаршилик ҳаракатига якун ясамаслигига ишонтирди. Унда айтилишича, гуруҳнинг бутун тарихи давомида унинг етакчи арбобларига ҳар бир суиқасддан кейин гуруҳ фақат кучайиб борган.
«Ҳа, севимли инсонларимизни, айниқса, етакчиларимизни йўқотиш оғриқли ва қайғули, аммо биз шунга аминмизки, охир-оқибат ғолиб бўламиз — ўз озодлиги учун курашувчиларнинг барчаси учун якун шундай бўлиши лозим», — дейилган баёнотда.
Ғазо секторида Синварнинг ўлими бўйича фикрлар қарама-қаршилиги кузатилмоқда, дея ёзади маҳаллий аҳоли вакиллари билан гаплашган The New York Times журналистлари. Кўплар уни шаҳид деб ҳисоблаётган бир маҳалда, уруш бошланишига Исроилга қилинган ҳужум сабаб бўлганини келтириб, унинг ўлимини олқишлаётганлар ҳам топилади. «У уруш бошлаб бизни таҳқирлади, энди биз уйсиз, сувсиз, егуликсиз ва пулсиз қолдик», — деган NY Times билан суҳбатда ғазоликлардан бири ва Синварнинг ўлимини «ҳаётидаги энг яхши кун» деб атаган.
Айрим экспертлар Синварнинг ўлими Ҳамас учун «фалокат» бўлиши мумкинлигини айтмоқда
Ҳамас раҳбарлигида Синвар ўрнига ким келиши мумкинлиги ҳозирча номаълум. «Ал-Жазира» эҳтимолий номзодлар номини келтирган, улар орасида гуруҳнинг сиёсий қанотига 1996 йилдан 2007 йилгача раҳбарлик қилган Холид Машал, Ҳамас асосчиларидан бири ва 1992 йилдан 1996 йилгача унга раҳбарлик қилган Мусо Абу Марзуқ, шунингдек, Яҳёнинг укаси, гуруҳ ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Синвар бор.
Кўплаб таҳлилчилар Синвар ўлдирилиши гуруҳ фаолиятида марказсизлашув ва парчаланишга олиб келиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳолда Қатардаги Ҳамас сиёсий раҳбарияти ҳамда Ғазодаги ҳарбий қўмондонлик бир-биридан мустақил бўлиб қолади.
«[Янги раҳбарлар] Синвар тутган линия бўйича ўз шартларини юмшатишга тайёр бўлиши мумкин, аммо бу фақат маълум даражагача — акс ҳолда улар Ҳамаснинг ҳақиқий раҳбари бўла олмайди», — деган Financial Times нашрига Рамаллоҳдаги таҳлил марказларидан бирининг раҳбари Иброҳим Далалша.
«Буни вақт кўрсатади, аммо мен ўйлайманки, бу Ҳамасга ҳалокатли зарба бўлди, — дейди Politico нашрига терроризмга қарши кураш бўйича америкалик эксперт Нэйтан Сейлс. — Ҳар сафар террорчилик ташкилоти бошлиғини йўқ қилишга муваффақ бўлганингизда, хоҳ у бин Лодин, хоҳ Бағдодий бўлсин, бу унинг имкониятлари ва режаларини сезиларли даражада ўзгартиради». Унинг фикрича, Ҳамас мисолида бу эффект катта эҳтимол билан кучлироқ бўлади, чунки Синвар гуруҳдаги барча режалаштириш ва қарор қабул қилиш ваколатларини ўз қўлида жамлаганди.
Мавзуга оид
08:56
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024
«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари Насруллоҳнинг йўлини давом эттиришга ваъда берди
17:04 / 30.10.2024