Жаҳон | 22:13 / 21.10.2024
3133
2 дақиқада ўқилади

Британия қул савдоси учун узр сўрашдан ёки товон тўлашдан бош тортди

Кир Стармер бошчилигидаги лейбористлар маъмурияти бу мавзуни кун тартибига олиб чиқмайди.

Кир Стармер / Фото: AP

Британия ҳукумати қул савдоси учун товон тўлаш бўйича мунозарани давом эттириш ниятида эмас, деди бош вазир Кир Стармернинг матбуот котиби. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Аввалроқ, Кариб ҳавзаси ҳамжамиятининг репарация комиссияси (CARICOM) раиси Хилари Беклс Британиянинг товон тўлаш бўйича позицияси янги лейбористлар маъмурияти туфайли ўзгариши мумкинлигига умид билдирган эди. Бироқ Стармер вакилининг айтишича, бу мавзу кун тартибида эмас.

«Биз компенсация тўламаймиз. Кечирим сўраш бўйича позиция ҳам ўзгаришсиз қолмоқда. Биз узр сўрамаймиз», деди вакил.

Британиянинг мустамлакачилик даври уч асрдан ортиқ давом этган. Унинг мустамлакалари орасида замонавий Канада, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Миср ва Кариб денгизи ороллари бор эди. Британия қул савдогарлари XVI аср ўрталаридан бошлаб трансатлантик савдода энг муҳим роллардан бирини ўйнаган ва тез орада бу борада Испания ва Португалияни ортда қолдирган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, бир неча юз йил давомида Европа мамлакатлари Африка қитъасидан 20 миллиондан ортиқ одамни кўчирган ва кейинчалик уларни қулликка сотган. Фақат 1807 йилда Британия парламенти қул савдосини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

2023 йилда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш собиқ мустамлакачи давлатларни қул савдоси учун молиявий компенсацияларни кўриб чиқишга чақирган эди.

 

Мавзуга оид