Исроил бош вазири қароргоҳига ҳужумдан кейин Эронга таҳдид қилди
Теҳрон ва унинг иттифоқчиларининг «мени ва хотинимни ўлдиришга уриниши жиддий хато бўлди», деди Исроил бош вазири Нетаняҳу ўзининг шахсий қароргоҳига учувчисиз учоқ ҳужумидан сўнг.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон ва Теҳрон иттифоқчиларини Ливандан учирилган учувчисиз учоқ Исроил ҳукумати раҳбарининг Кесария шаҳридаги шахсий қароргоҳига ҳужум қилганидан кейин уни ва унинг рафиқаси ўлдирмоқчи бўлганликда айблади. «Эронпараст «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг бугун мени ва хотинимни ўлдиришга уриниши жиддий хато бўлди», — деб ёзди Нетаняҳу 19 октябр, шанба куни X ижтимоий тармоғида. «Бу мени ёки Исроил давлатини келажагимизни таъминлаш учун душманларимизга қарши адолатли урушни давом эттиришдан тўхтата олмайди», деб қўшимча қилди бош вазир.
Эрон ва унинг иттифоқчилари Исроил фуқароларига зарар етказмоқчи бўлсалар, «оғир нарх тўлайдилар», дея таҳдид қилди Нетаняҳу. У Исроил «террорчиларни ва уларни юборганларни йўқ қилишда» давом этишини қўшимча қилди.
Исроил бош вазирининг шахсий қароргоҳига учувчисиз учоқ ҳужуми Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан уюштирилган, деб хабар берди Irna Эрон давлат агентлиги Ислом Республикасининг БМТдаги доимий вакилига таяниб.
ОАВ: Исроил Эроннинг ядровий иншоотларига зарба бермайди
Исроил Эронга жавоб зарбаси беришда ядровий ёки нефт эмас, балки Ислом Республикасининг ҳарбий объектларини нишонга олади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байденга маълум қилди, деб ёзди The Washington Post 15 октябрга ўтар кечаси. Афтидан, гап икки етакчи ўртасида 9 октябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида кетмоқда.
Исроилнинг фақат Эрон ҳарбий объектларига ҳужум қилиш режаси Вашингтонда «енгиллик» билан кутиб олинди, деб ёзади WP. Нашрнинг қайд этишича, таҳлилчилар Эрон нефт обектларига ҳужум дунёда энергия нархининг ошишига, ядровий иншоотларга ҳужум эса янада кескинлашувга олиб келиши ва Қўшма Штатларни можарога тортиши мумкинлигидан хавфсираган. Байден аввалроқ Исроилни «бошқа вариантлар ҳақида ўйлашга» чақирган эди.
The Washington Post нашрига кўра, Нетаняҳу ҳозир эгаллаган «нисбатан вазмин позиция» АҚШ президентининг Яқин Шарқдаги иттифоқдошига THAAD ракетага қарши кучли мудофаа тизимини юбориш қарорига таъсир кўрсатди. Пентагон 13 октябр куни Исроилда THAAD батареяси жойлаштирилишини маълум қилди.
Вашингтондаги манбанинг WP нашрига айтишича, Исроилнинг Эронга зарбаси АҚШда 5 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан амалга оширилиши керак. Агар Исроил ўз ҳудудининг оммавий ўққа тутилишига жавоб бермаса, Теҳрон буни заифлик белгиси сифатида талқин қилиши мумкин, деб ёзади газета. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар билан маслаҳатлашувлар натижасида Исроил «яқин ҳафталарда» Ливандаги операциясини тўхтатишини эълон қилди, деб ёзади газета.
Мавзуга оид
08:56 / 01.11.2024
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
21:37 / 31.10.2024
Германияда Эроннинг барча бош консулликлари ёпилади
15:50 / 31.10.2024
Германия канцлери Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «вазиятни кескинлаштирмасликка» чақирди
09:20 / 31.10.2024