Ўзбекистонда 8 та чиқинди ёқиш заводи қурилиши режалаштирилмоқда
Экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Юртимизда йилига 14 миллион тонна чиқиндилар ҳосил бўлади. Лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли фильтратлар ер остига сингади.
Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин. Шу мақсадда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Қарийб 1 миллиард 300 миллион долларлик инвестицияларни жалб этган ҳолда, 8 та чиқинди ёқиш заводи қуриш ҳамда Оҳангарон полигонида чиқинди газини қайта ишлаш режалаштирилган.
Масалан, Хитойнинг CAMC Engineering компаниясининг 350 миллион доллар тўғридан тўғри инвестицияси ҳисобидан Андижон ва Тошкент вилоятларида 2 та завод барпо этилади. Уларда кунига 4 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 630 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бу соҳага Хитойнинг бошқа бир компанияси – Shanghai SUS Environment ҳам қизиқиш билдирган. У 310 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 2 та завод қуришни режалаштирган. Уларда кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 480 миллион киловатт соат электр энергияси олинади.
Бирлашган Араб Амирликларининг Tadweer Group компаниясининг 200 миллион доллар маблағи эвазига Бухоро ва Навоий вилоятлари учун битта завод қурилади. Унд кунига 1 минг 500 тонна чиқиндини қайта ишлаш ва йилига 363 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати яратилади.
Корея Республикасининг Sejin компанияси иштирокидаги лойиҳа ҳам жуда муҳим. Унга кўра, 55 миллион доллар эвазига Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги маиший чиқинди полигонида ҳосил бўладиган газдан муқобил электр энергияси олиш йўлга қўйилади. Унинг қуввати 16 мегаватт бўлиши кўзда тутилган.
Умуман, лойиҳалар натижасида қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш таъминланади. Йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқинди ёқилиб, 2 миллиард 100 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 97 миллион АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳалар 2025-2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида урғу берди.
– Булар шунчаки завод эмас, ҳаёт-мамотимизни ҳал қиладиган масалалардан бири. Ер-сувларимизнинг яроқлилиги ҳам, аҳоли саломатлиги ҳам, ҳаво тозалигию энергетика барқарорлиги ҳам шу соҳага боғлиқ. Чиқиндилар тўғри тўпланиб, кўпроқ қайта ишланса, экологик мувозанат яхшиланади, табиат тоза бўлади, жамият ўзгаради, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу боис мутасаддиларга бу лойиҳаларни намунавий қилиб, ҳудудларда кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Ҳозир инвесторлар, ишлаб чиқарувчилар, биринчи навбатда, корхонасининг энергия таъминотини ўйлайди. Шунинг учун чиқиндини қайта ишлаш заводлари яқинида қурилиш материаллари, органик ўғитлар каби янги корхоналарни жойлаштириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Бу тадбиркор учун ҳам, инвестор учун ҳам манфаатли бўлади.
Барча ҳудудларда бундай лойиҳаларни кўпайтириш ва мутаносиб ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Мамлакатимизда бу соҳа изчил такомиллаштириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 26 сентябрдаги фармони билан, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Агентлик чиқиндиларни тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш билан шуғулланади. Бу соҳада циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазият барқарорлашади, санитар ҳолат яхшиланади, аҳолига хавфли касалликлар юқиши камаяди. Чиқиндилар қайта ишланиб, муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олинади. Мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилади.
Мавзуга оид
00:30
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47 / 24.12.2024
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
20:43 / 23.12.2024