Жаҳон | 14:20 / 21.10.2024
6132
3 дақиқада ўқилади

УҚК: Россия ҳудудидаги аэродром ва ҳарбий заводга зарба берилди

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Дзержинскдаги Липецк-2 ҳарбий аэродроми ва Свердлов ҳарбий заводига қилинган ҳужумлар ҳақида хабар берди.

Фото: DW

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Липецк областидаги Липецк-2 ҳарбий аэродроми ва Россиянинг Нижегород области Дзержинск шаҳридаги Я.М.Свердлов заводи нишонга олингани ҳақида хабар берди. Тегишли маълумот 20 октябр, якшанба куни Бош штабнинг Telegram-каналида эълон қилинди.

Украина ҳарбийларига кўра, Су-34, Су-35 ва МиГ-31 самолётлари Липецк яқинидаги аэродромда жойлашган. Шунингдек, «ўқ-дорилар омборлари, ёнилғи-мойлаш материаллари ва самолёт жиҳозларини сақлаш жойлари» ҳам борлиги хабар қилинган.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби хабарига кўра, Свердлов заводи «артиллерия ўқ-дорилари ва кучли портловчи бомбалар учун кимёвий моддалар» ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, Украина армияси унинг ҳудудида бошқариладиган авиабомбалар сақланаётганини даъво қилмоқда.

«Иккала объект ҳудудларида кўплаб портлашлар қайд этилган, шунингдек, душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳам фаол ишлаган. Зарба натижаларига ойдинлик киритилмоқда», — дейилади хабарда.

РФнинг бир қанча минтақалари учувчисиз учоқлар ҳужумига учради

20 октябрга ўтар кечаси Россиянинг бир қанча ҳудудлари учувчисиз учиш аппаратлари томонидан оммавий ҳужумга учради. Хусусан, Россия Федерацияси пойтахти, Москва, Липецк ва Орёл областлари хавф остида қолган.

Пойтахт мэри Сергей Собянин «Москва томон учган» дрон Раменское шаҳар округида уриб туширилганини айтди. «Дастлабки маълумотларга кўра, парчалар тушган жойда вайроналар ва қурбонлар бўлмаган», — деб ёзди Собянин Telegramʼдаги каналида.

Россиянинг бошқа минтақалари ҳам дрон ҳужумларига учраган. Хусусан, Липецк области губернатори Игор Артамонов Липецк осмонида «УУА бостирилганини» айтди. Артамоновнинг сўзларига кўра, учиш аппарати қолдиқлари Сирский Рудникнинг микрорайонига тушган. «Мутахассислар воқеа жойида ва дроннинг қолган қисмларини зарарсизлантирмоқда», деб ёзган у.

Орел области губернатори Андрей Кличков ҳам 19 октябр оқшомида йирик учувчисиз учоқлар ҳужуми ҳақида хабар берди. Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари минтақа узра 11 та Украина дронини йўқ қилган.

Брянск области губернатори Александр Богомаз 19 октябр оқшомида камида тўртта Украина дронининг «йўқ қилингани» ҳақида хабар берди.

Брянск, Липетск ва Орёл областларига қилинган ҳужумлар натижасида қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ, деди минтақа раҳбарлари.

Мавзуга оид