Ўзбекистон | 20:25 / 22.10.2024
3905
6 дақиқада ўқилади

22 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар

Ҳаво ифлослиги бўйича топ-учликка кирган Тошкент, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўқитувчиларнинг маоши, Чилонзорда қурилаётган икки қаватли автобус бекати – кун давомида Kun.uz'да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳавоси ифлос Тошкент

Ҳали иситиш мавсуми бошланмаган бўлса-да, Тошкент яна дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида тез-тез юқори ўринларни эгалламоқда. Пойтахтимиз бугун тонгда антирейтингда 6-ўринга кўтарилган бўлса, оқшомга яқин 3-ўринга ҳам чиқиб олди. Бу вақтда шаҳардаги PM2,5 зарралари миқдори 1 куб метр ҳаво таркибида 70 микрограммдан ошган.

Ушбу кўрсаткич ҳавонинг ифлослиги аҳолининг барча қатламлари учун зарарли даражада эканини билдиради. Мутахассислар бундай вақтда очиқ ҳавода камроқ бўлиш, ниқоб тақиш ва деразаларни ёпишни тавсия қилади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Тошкентда PM2,5 эмиссиясининг юқорилиги йилига 3 мингдан ортиқ кишининг бевақт оламдан ўтишига сабаб бўлмоқда. Бу ўлимларнинг 84 фоизи инсулт, юрак ишемик касаллиги ва қуйи нафас йўллари инфекциялари билан боғлиқ. Таҳлилларга кўра, Тошкент ҳавоси PM2,5 билан булғанишининг йиллик нисбатда ўртача 28 фоизи иситиш сектори билан боғлиқ. Қиш ойларида асосан кўмир ёқилиши ҳисобига бу омилнинг улуши 45 фоизгача етади. Йиллик нисбатда, шунингдек, саноат корхоналари 13 фоиз, барча турдаги транспортлар 16 фоиз улушга эга. Шаҳар атрофидаги ҳудудлардан шамол орқали кириб келадиган чанг PM2,5 билан ифлосланишнинг 36 фоизини ташкил этади.

Атроф ҳудудлардан келадиган чанглар чўлланиш даражаси билан ҳам боғлиқ. Кечаги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев эндиликда 16 миллион гектарлик яйлов ерларини бошқариш Ветеринария қўмитасига ўтказилишини маълум қилди. Қўмитага йил якунигача чўлларни деградациядан чиқариш бўйича уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди. Шунингдек, келаси йил “Яшил макон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Йиғилишда давлат раҳбари Тошкентдаги дренаж тизими борасида қатъий эътироз билдирди. “Куни кеча бўлган кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатди”, деди Шавкат Мирзиёев. Пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларнинг тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Шаҳар ҳокимлиги йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиши керак.

Афғонистондан ўтиш арзонлашди

Афғонистон ўзбекистонлик ҳайдовчилардан ундириладиган йиғимлар миқдорини камайтирди. Ўзбекистон транспорт вазирлигининг маълум қилишича, Амударё кўпригидан ўтиш учун йиғим аввал 12 минг афғоний ёки тахминан 182 доллар бўлган бўлса, 28 сентябрдан эътиборан бу миқдор 7 минг афғоний ёки тахминан 106 доллар деб белгиланди.

Афғонистонга юк машинасининг кириши учун аввал 5 минг афғоний ёки тахминан 76 доллар миқдорида ундириб келинган йиғим эса эндиликда 3,5 минг афғоний ёки 53 долларни ташкил этади.

Ўзбекистон томони трансафғон мултимодал транспорт йўлаги орқали юк ташувларига қулай шароитлар яратиш, ундириладиган йиғимлар миқдорини оптималлаштириш бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилди.

Ўқитувчилар ойлиги

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги Қирғизистондаги ўртача ойликлардан ҳам пастроқ экани маълум бўлди. Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбоеванинг маълум қилишича, мамлакатда ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги 26 400 сомни ташкил этади. Марказий банк курси билан ҳисоблаганда, бу сумма 3 млн 950 минг сўмга тенг.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги маошлар ўртача 3,5 млн сўм бўлган. Агар 1 октябрдан бошлаб устозларнинг маоши 15 фоизга оширилганини инобатга олсак, Ўзбекистондаги ўқитувчиларнинг ойлик маоши Қирғизистондаги маошлар билан тенг даражага чиққан бўлиши мумкин.

Таққослаш учун, Ўзбекистонда жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот 2700 доллар, Қирғизистонда эса 1970 долларни ташкил этади.

Аянчли йўл-транспорт ҳодисалари

Тошкент шаҳрида яна бир фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бугун тонг соат 06:20 ларда Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди рўпарасида йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган икки кишини Lacetti уриб кетган. Оқибатда уларнинг иккиси ҳам ҳалок бўлган, машина дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳам вафот этган.

Икки кишининг ўлими билан боғлиқ авария Наманган вилояти Поп туманида ҳам рўй берди. Бироқ туманнинг Наврўз маҳалласида содир бўлган ЙТҲ тафсилотлари маълум эмас – расмийлар Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволларини жавобсиз қолдирди. Шуниси маълумки, фожиадан кейин вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Поп тумани ИИБ раҳбарлари маҳаллага келиб, рўй берган ҳолатни маҳалла масъуллари ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилган.

Бугун, шунингдек, Фарғона вилоятида аввалроқ фожиали ЙТҲ рўй бергани ойдинлашди. Маълум бўлишича, Фурқат туманида Cobalt ҳайдовчиси атрофни туман қоплаган бўлишига қарамай, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган ва рўпарадан келаётган Damas билан тўқнашган. Оқибатда Damas ҳайдовчиси воқеа жойида, унинг турмуш ўртоғи эса шифохонада вафот этган. Суд ҳукми билан, Cobalt ҳайдовчиси 3 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Икки қаватли бекат

Тошкентда ноодатий бекат пайдо бўлади. Чилонзор тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, метронинг “Чилонзор” бекати ёнидаги эски автобус бекати ўрнида янгича автобекат қурилмоқда. Одамлар гапжум жойдаги бекатнинг иккинчи қаватида кафе жойлашган терасса бўлади. Бекат ичидаги очиқ ҳовлига дарахт экиш, бу ҳудудга ақлли светофор ўрнатиш режалаштирилган.

“Лойиҳа бошланиши ҳақида олдиндан хабар беролмагани учун қурилишга масъул ташкилотлар аҳолидан узр сўрайди”, дейилади туман ҳокимлигининг баёнотида. Расмий хабарда бекат қурилиши қанчага тушиши, уни молиялаштириш манбалари, кафени юритадиган тадбиркор қандай танлаб олинишига аниқлик киритилмаган.

Мавзуга оид