Украина бош прокурори «сохта ногиронлик» билан боғлиқ ҳолатлар учун истеъфога чиқди
Президент Зеленский амалдорларни, жумладан прокуратура ходимларини сохта ногиронликни олганликда айблаганидан сўнг, бош прокурор ўз лавозимини тарк этди.
Украина бош прокурори Андрий Костин истеъфога чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда 22 октябр куни Бош прокуратуранинг телеграм-каналида хабар пайдо бўлди.
Костиннинг айтишича, у Украина президенти Володимир Зеленский «сохта ногиронлик» олган амалдорларни танқид қилганидан кейин истеъфога чиқишга қарор қилган. «Украина прокуратураси тизимида кўплаб шармандали суиистеъмол фактлари аниқланди», деди Костин.
«Мен Украина президенти Володимир Зеленскийнинг нафақат ногиронлик, тегишли пенсия ва бошқа ҳисоб-китобларни тайинлаш бўйича барча ноқонуний қарорлар бекор қилиниши, балки шахсий жавобгарлик, жумладан, сиёсий жавобгарлик ҳам бўлиши керак деган позициясини қўллаб-қувватлайман», деб қўшимча қилди Костин.
«Мен Украина президенти ва Олий Радасига ишонч билдиргани учун миннатдорман. Аммо шундай вазиятда бош прокурор лавозимини тарк этишимни тўғри деб ҳисоблайман», деди у.
Аввалроқ, Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг «турли давлат органлари мансабдор шахсларининг ногиронлик билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари» бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. «Мансабдорларнинг кўплаб қонунбузарликлари ва сохта ногиронликни олгани аниқланди», деди Украина президенти.
Зеленский «биз Украина прокуратураси тизимидаги вазиятни алоҳида кўриб чиқдик», деди. Украина президенти «ҳозирги вазият учун жавобгарлик шахсий бўлиши кераклигини» қўшимча қилиб, ҳукуматга «кадрлар бўйича қарорлар» қабул қилишни топширди.
Андрий Костин - украиналик ҳуқуқшунос ва сиёсатчи. У 2022 йил июлидан бери Украина бош прокурори лавозимини эгаллаб келган, бунгача Олий Рада депутати бўлган.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
17:38 / 23.12.2024