Ўзбекистон | 20:16 / 22.10.2024
12487
3 дақиқада ўқилади

Вазир “Док-1 Макс”дан ногирон бўлиб қолган болаларга ёрдам берилаётганини айтди. Жабрланувчи ота вазирнинг гапини ёлғон деди

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров журналистлар билан суҳбатда “Док-1 Макс” воқеаси сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга давлат тиббий ёрдам бераётганини айтди. Фарзанди “Док-1 Макс” сабаб ногирон бўлиб қолган оталардан бири вазирлик ходимлари ўғлидан хабар олмагани, вазир жамоатчиликка хато маълумот берганини айтди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

“Док-1 Макс” сиропи сабабли ногирон бўлиб қолган болаларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам” берилмоқда, дея маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров.

“Хабар оляпмиз, уларнинг асорати борларига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатяпмиз. Бу иш бўйича ҳали суриштирув ва тергов жараёнлари давом этяпти. [...] ёрдам бериляпти, ҳаммасининг алоҳида рўйхати бор”, – деган вазирнинг журналистлар билан суҳбатдаги сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

Аммо, фарзанди “Док-1 Макс”дан заҳарланиб, 65 кун комада ётган Феруз Нуритдинов Daryo.uz билан суҳбатда вазирнинг гапи тўғри эмаслигини айтган.

“Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам, ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари ҳам бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку. Қандай қилиб кўмак бераётган экан? Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан? Вазир бундай ёлғон гапириб турса, ундан пастдагилардан нима кутайлик?” – деган ота.

Феруз Нуритдиновнинг айтишича, ССВ раҳбарининг бу гапидан сўнг кўплаб ота-оналар у билан кўришиш ниятини билдирган.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, у фарзандини даволатиш учун айни кунга қадар сотилган уйи ва яқинларидан олинган қарзлари эвазига тўпланган катта миқдордаги маблағини сарфлаб бўлган. Шунга қарамай, унинг фарзанди гапиролмайдиган, юролмайдиган ногиронга айланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йил охири – 2023 йил бошида “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситалари сабаб 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган. Очилган жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди 23 кишини айбдор деб топди.

Ҳукмга асосан, Quramax раҳбари Сингҳ Равендра Пратап (20 йилга қамалди), Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариев (18 йилга қамалди) ва бошқалар – жами 7 нафар судланувчидан вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 млрд сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 млн сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 млн сўмдан маънавий зарар солидар тартибда ундирилиши белгиланган.

Мавзуга оид