Жаҳон | 08:50 / 23.10.2024
3028
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 20 млрд долларлик ёрдам юборишни режалаштирмоқда

Россия Федерациясининг музлатилган активларидан келиб тушган даромаддан олинган 20 миллиард долларни Киевга жўнатиш тўғрисидаги қарор 99 фоизга қабул қилинди, деди АҚШ молия вазирлиги раҳбари.

Фото: Federalreserve

Қўшма Штатлар ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага 20 миллиард доллар (конвертация қилинганда: 18,5 миллиард евро) миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда. «Катта еттилик»нинг 50 миллиард долларлик ёрдам пакетига шартли равишда 20 миллиард доллар ҳисса қўшишимиз мумкинлигини айтмоқчиман», дея 22 октябр, сешанба куни АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa.

Бу Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украинага 50 миллиард доллар ажратиш бўйича «Катта еттиликка» аъзо давлатлар июн ойида эришган келишувга ишора қилади.

Йелленнинг аниқлик киритишича, Киевга Америка ҳукумати томонидан қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарор «99 фоизга қабул қилинган». Бу борадаги якуний қарор шу ҳафта охиригача қабул этилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, АҚШ молия вазири Украинага ушбу молиявий ёрдам кўрсатиш юки америкалик солиқ тўловчиларга тушмаслигини таъкидлади. «Бу ёрдам учун Россия тўлайди», деди Жанет Йеллен.

АҚШ Украинага 400 млн долларлик ҳарбий ёрдам беради

АҚШ Украинага яна 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда 21 октябр куни Киевга ташрифи чоғида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув чоғида Остин ушбу пакетга, хусусан, қўшимча ўқ-дорилар, зирҳли техника ва бошқа қуроллар киритилишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар икки томонлама хавфсизлик бўйича келишувга мувофиқ Украинага ёрдам кўрсатишда давом этади.

Зеленский Остинга ҳарбий ёрдам пакети ва Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери АҚШнинг умумий кўмаги учун миннатдорчилик билдирди, деб хабар қилди Украина президенти девонхонаси.

Мавзуга оид