Жаҳон | 19:26 / 24.10.2024
3326
2 дақиқада ўқилади

The Times: Исроил АҚШда махфий ҳужжатлар тарқалиб кетгани туфайли Эронга ҳужумини кечиктирди

АҚШ Федерал қидирув бюроси Пентагонда Исроилнинг Эронга ҳужум режаларига оид ўта махфий разведка маълумотлари тарқалганидан кейин тергов бошлади.

Фото: Reuters

Исроил Эронга жавоб ҳужумини кечиктирди — бунга АҚШда ҳужумга оид махфий ҳарбий маълумотлар сизиб чиққани сабаб бўлмоқда, деб ёзади The Times.

«Америка ҳужжатларидаги маълумотларнинг тарқалиши айрим стратегия ва компонентларни ўзгартириш зарурати туфайли ҳужумни кечиктирди. Қасос бўлади, фақат у кутилганидан кўпроқ вақт талаб қилади», — дейди нашр манбаси.

АҚШ Федерал қидирув бюроси Пентагонда Исроилнинг Эронга ҳужум режаларига оид ўта махфий разведка маълумотлари тарқалганидан кейин тергов бошлаган. 15-16 октябр саналари кўрсатилган ҳужжатлар Эронга қарашли Telegram-каналларда пайдо бўлган.

The Times’нинг ёзишича, сизиб чиққан ҳужжатларда АҚШ Исроилнинг эҳтимолий зарбасини сунъий йўлдош тасвирлари ва бошқа разведка маълумотлари асосида баҳолаган. Тарқалган маълумотларда Исроил зарба берадиган потенциал объектлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Эрон қўшинлари 1 октябр куни йил бошидан бери иккинчи маротаба Исроилга 200 дан ортиқ ракета учирди. Эрон мазкур ҳужум ўлдирилган ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳония, «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва Ливандаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Аббос Нилфорушан учун жавоб деб атаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 9 октябр куни АҚШ президенти Жо Байденга Исроил жавоб зарбаларини ҳарбий нишонларга қаратишини маълум қилганди. The Washington Post маълумотларига кўра, Исроил АҚШдаги сайловларга қадар Эронга ҳужум уюштиришни режалаштирган. «Аш-Шарқ ал-Аусат» газетасининг ёзишича, Исроил «ҳафта давомида» Эронга ҳужум қилиши мумкин.

Мавзуга оид