Жамият | 18:05 / 25.10.2024
10148
7 дақиқада ўқилади

“Барчаси ота-онамнинг қўллови туфайли”: Microsoft элчисига айланган ўзбек қизи

Фарғона шаҳридаги 10-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Дилафруз Жўрабоева Microsoft компаниясининг ёшларга мўлжалланган Microsoft Learn Student дастури Ўзбекистондаги илк аёл амбассадори бўлди. Эндиликда у Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги юзи сифатида фаолият олиб боради.

Kun.uz мухбири 16 ёшида Microsoft’нинг расмий элчиси унвонига сазовор бўлган қиз билан муваффақият йўли, орзулари ва келажак режалари ҳақида суҳбатлашди.

Қишлоқдан шаҳарга кўчиб келган қиз

“Асли Бувайда туманиданман. Болалигимда биринчи синфни яхши баҳоларга тамомлай олмаганим учун оилавий Фарғона шаҳрига кўчиб келишга мажбур бўлганмиз.

Дилафруз Жўрақулова

Бир муддат ўзимни журналист сифатида ҳам кўрдим. Вақтлар ўтиб Фарғона шаҳрига ҳам замонавий касблар кириб кела бошлади. “Нажот таълим” марказидаги SMM курсига рўйхатга ёзилдим. Икки кундан кейин марказдан дастурлаш курсига таклиф қилишди. Бошида бу касбни эплай олмасам керак деб қўрққанман. Чунки SMM’да кўпроқ ўғил болалар муваффақиятга эришади деб ўйлар эдим.

Спорт соҳасидаги дастурчилик ишларида ҳам ўзимни синаб кўрдим. Лекин дастурлашда ҳам ўз йўналишим бўлиши керак деган қарорга келдим ва Backend (вебсайт ва мобил иловаларнинг ички қисми) соҳасига кирдим.

Соҳада кўпроқ билим орттириш учун 15 ёшимда Тошкент шаҳрига кўчиб кетишга мажбур бўлганман. Албатта, бу ёшда катта шаҳарда яшаш мен учун осон бўлмади. Устозим қизиқишларимни кўриб Microsoft’даги тадбирларга жалб қила бошлади. Microsoft бир қисми бўлишим ҳақида эса умуман ўйламаган эдим.

Microsoft MLSA лойиҳасида қатнашган Ўзбекистондаги ягона мактаб ўқувчиси

Ўзбекистонда биринчи марта “Microsoft Developers Community Uzbekistan” жамоасига асос солдик. Шу жамоа билан бирга катта тадбир ташкил этдик ва унда минглаб одамларга кўнгилли сифатида ёрдам бердим. Microsoft’да ишлашни астойдил хоҳлаганман. 16 ёшга тўлганимда Microsoft амбассадори сифатида фаолият юритишни бошладим. Кейинчалик устозим билан Microsoft доирасидаги махсус дастурга тайёргарлик кўра бошладик.

Microsoft MLSA лойиҳасида қатнашишга тайёргарлик кўрган ва унда иштирок этган Ўзбекистондаги ягона мактаб ёшидаги ўқувчи эдим. Сабаби бу лойиҳада кўпроқ университет талабалари иштирок этарди. Ҳозирда халқаро тажриба алмашувчи юзлаб чет давлатлардан дўстларим бор. Улар шу ёшимда бундай ютуққа эришганимдан ҳайратланишади. Ушбу лойиҳада иштирок этиш учун деярли бир йил тайёргарлик кўрдим.

Компания амбассадори бўлган ёшларга бир қатор имтиёзлар яратилади. Энг қулай имконият сифатида ҳар йили компания элчисига Америка визасини олишга ёрдам берилади. Биз ўзбек ёшлари ҳам бундай имкониятдан фойдаланиши керак деб ҳисоблаб кўплаб ўзбекистонлик амбассадорлар етиштириб чиқарувчи жамоага асос солмоқчимиз. Бу орқали жуда кўп ёшларга ёрдам беришни ният қилганмиз.

Энг ёш мутахассислардан бири

2024 йилда Ўзбекистондаги 46 нафар аёл дастурчилар орасидан ўрин олган энг ёш мутахассисман. Халқимиз орасида баъзи қотиб қолган стереотипларга кўра қизлар IТ йўналишида бирор натижага эриша олмайди. Аммо бу ўринсиз фикр. IТ’нинг аёлларга берадиган қулайликлари анчагина. Булардан бири ҳар бир аёл уйида туриб бирор вазифани бажариши мумкин. Бу унинг оиласига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Аммо мен ҳам биринчи бу соҳага кириб келганимда анча қийинчиликларга дуч келганман. Асосий муаммо фикр алмашадиган қиз бола ёки аёл мутахассисларнинг камлиги эди. Шу вақтда онам билан фикр алмашар эдим. Вазифаларни бирга тайёрлар эдик. Бирга ижодий янгиликлар қўшардик.

2024 йилда аёлларга халқаро информатика олимпиадасида иштирок этишга рухсат берилди. Ва шу йил мен ҳам Полшадаги технология ҳафталигида иштирок этишга муваффақ бўлдим. Кўзга кўринган IТ мутахассислари орасидан ўз ўрнимга эга бўлдим, десам хато бўлмайди.

Бу натижаларга эришишимда ота-онамнинг меҳнатлари, қўлловлари анчагина. Ота-онам олий маълумотли бўлишмаса ҳам бизнинг илмли бўлишимиз учун қўлдан келганча ҳаракат қилганлар.

Қизимиз ишончни оқлади

“Олий маълумотли бўлмаганимиз учун ҳам болаларимизнинг келажагини яратиш учун шаҳарга кўчиб келдик. Мен оддий машина устаси, аёлим эса чевар. Шундай бўлса ҳам фарзандларимиз илмли бўлиши учун астойдил ҳаракат қилиб келмоқдамиз.

Сардор Эргашев, Дилафрузнинг отаси

Турмуш ўртоғим қизим билан ярим тунгача дарс тайёрлаб, хаёли бошқа жойга чалғимасин деб ёнида турган. Дилафруз ишдан келганимда доим дарс қилиб ўтирар эди. Ёшлигидан билим олишга қизиқиши кучли бўлган. Фарзандим ўз соҳасининг мутахассиси бўлиб ишончимизни оқламоқда”.

Қиз боланинг илмли бўлиши муҳим

“Барча ота-онанинг орзуси фарзандининг камолини кўриш албатта. Бу ҳали бошланиши Худо хоҳласа. Ҳали қизимнинг катта марраларни забт этишига ишонаман. Ота-оналарга айтадиган гапим шуки, қизларни ўқитиш керак. Қизлар жамиятда билимли бўлса, келажак авлод ҳам илм йўлини танлаши аниқ.

Муборак Эргашева, Дилафрузнинг онаси

Қизим билан бирга тунлари дарс тайёрлар эдик. Баъзида дарслари кўп бўлиб шижоати сўниб қолганда уни рағбатлантириб турар эдим. Келажакдаги режаларини эслатиб турар эдим.

Қишлоқдан Фарғона шаҳрига кўчиб келганимизда уйимиз ҳам йўқ эди. Ижарада турганмиз бошида, кейинчалик мана Аллоҳ ризқни ҳам, уйни ҳам берди. Турмуш ўртоғим фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмаслик учун бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Фарзандларимиз қайси фанларга қизиқишяпти, бу каби вазифаларни менга ишонганлар. Шу сабабли фарзандларим дарс тайёрлаб бўлгунича ухламай кузатиб тураман. Болалар уйга вазифаларини тугатиб бўлишсагина ухлашларига ёки бошқа юмушларни бажаришига рухсат бераман. Қизим дастурчилик курсини ўргана бошлаганида мен ҳам бу соҳага қизиб қолдим. Ҳатто қизим билан бирга ўтириб дарс ҳам тайёрлар эдим.

Мана шунча меҳнат ўз мевасини бермоқда. Доим фарзандларим билими билан бутун дунёга танилсин, дея дуо қилардим. Мана шу дуонинг амалдаги ижобати бўляпти.

Барча ота-оналар фарзандларининг илмли бўлишига ҳаракат қилиши керак. Қиз бола ёки ўғил бола деб ажратмаслиги керак. Аёлларнинг илмли бўлиши жамиятга ҳам фойдали бўлиб келган. Шунингдек, ота-оналар боласи билан дўст бўлиши керак. Оилавий аҳилликка эришилса фарзандлар ҳам шу муҳитдан баҳра олиб ўсади. Фарзандларининг қайси соҳага қизиқишини ҳам диққат билан кузатиб туриш керак. Шунда улар ўзлари қизиққан соҳада муваффақиятга эришади”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Мавзуга оид