Жаҳон | 15:22 / 25.10.2024
1856
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея ҳукумати аҳолини ёлғизликдан қутқариш учун 327 млн доллар сарфлашни режалаштирмоқда

Йилига минглаб корейслар ёлғизликда вафот этади. Бу ҳукуматни жиддий чоралар кўришга мажбурламоқда.

Фото: AFP

Жанубий Кореяда ҳар йили минглаб одамлар ёлғизликда вафот этади, уларнинг жасадлари эса кунлар ёки ҳафталар ўтгач топилади. Сеул ҳокимияти келгуси беш йил ичида бу муаммони ҳал қилиш учун тахминан 327 миллион доллар маблағ ажратишини эълон қилди, деб хабар бермоқда CNN.

“Ёлғиз ўлимлар” бутун Корея бўйлаб кенг тарқалган. Муаммо шунчалик жиддийлашганидан ҳукумат чора кўришга қарор қилди.

Ёлғиз одамлар учун ишонч телефони ва онлайн маслаҳат платформаси ишга туширилади. Келажакда шахсий ташрифлар ҳам йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Сеулда психологик машғулотлар ва яшил ҳудудлар ташкил этилади. Кексалар учун овқатланиш дастурлари ишлаб чиқилиб, яккаланиб қолган аҳоли қатламларини аниқлаш учун махсус тизим жорий этилади. Юқоридагиларга қўшимча бошқа чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Мутахассислар ҳукумат режасини маъқуллади, лекин кўпроқ иш қилиш кераклигини таъкидлади. Улар ёлғизликни корейс маданиятининг ўзига хос хусусияти деб билади.

2023 йилда Жанубий Кореяда 3661 киши ёлғиз ҳаётдан кўз юмган. Шу билан бирга, улар орасида эркаклар устунлик қилади — 84 фоиздан ортиқ.

Ёлғизликда вафот этиш ҳолати фақат Жанубий Кореяда кузатилмаяпти. 2024 йил биринчи ярмида Японияда 40 мингга яқин одам ўз уйида ёлғиз вафот этди. Уларнинг 4 мингга яқини ўлимидан бир ой ўтиб топилган, 130 нафар одамнинг ўлими бир йил давомида аниқланмаган.

Мавзуга оид