Жаҳон | 20:49 / 25.10.2024
6961
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг Коркино қишлоғида такси ҳайдовчиси ўлдирилганидан кейин оммавий тартибсизликлар юз берди

Қотилликда лўлилар айбланган. Маҳаллий аҳоли полициянинг ҳаракатсизлиги ва лўлилар диаспораси билан боғлиқ муаммолар анчадан бери маълум бўлса-да, ҳал этилмаётганидан норози бўлган.

Фото: 74.ru

Россиянинг Челябинск области, Коркино қишлоғида 24 октябр куни такси ҳайдовчиси ўлдирилиши ортидан оммавий тартибсизликлар юз берди. Оқибатда, 43 киши қўлга олинди, уларга нисбатан майда безорилик моддаси бўйича баённома тузилди, деб хабар берди Meduza.

40 ёшли такси ҳайдовчиси (аёл киши) 23 октябр куни кечқурун ўлик ҳолда топилган. Ҳайдовчи «маҳаллий лўлилар» чақириғига борган ва ҳозир улар қотилликда гумон қилинмоқда. Аёлнинг танасида бир нечта пичоқ жароҳатлари топилган.

24 октябр куни ҳуқуқ-тартибот идоралари қотилликда гумон қилинган 17 ёшли йигит қўлга олингани ҳақида хабар берди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган яна бир шахс ҳақида хабар бериб, унинг жиноятга алоқадорлиги ҳали тасдиқланмаганини қўшимча қилди. Тергов маълумотларига кўра, такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасида низо келиб чиққан. Йўловчи аёлнинг «кўкрак қисмига камида тўрт марта пичоқ санчган».

24 октябр куни кечқурун Коркино аҳолиси тўпланиб (манбалар 150 киши демоқда), гумонланувчилар яшаётган жойга борган. Оломон бир нечта машинага зарар етказган ва камида битта уйни ёқиб юборган. Уйлардан бири тошбўрон қилинган. Воқеа жойига полиция махсус кучлари ва бошқа хавфсизлик кучлари етиб бориб, уйни ўраб, ҳимояга олган. Аҳоли полициянинг ҳаракатсизлиги ва лўлилар диаспораси билан боғлиқ муаммолар анчадан бери маълум бўлса-да, ҳал этилмаётганидан норози бўлган.

Маҳаллий манбалар оломон қуршаб олган уйда яшовчи одам қуролдан ўқ узгани ҳақида хабар берди. Коркино муниципал округи раҳбари Наталя Лошчинина икки жабрланувчи ҳақида хабар берди: бир киши бўйнидан, иккинчиси сонидан жароҳат олган.

Кўп ўтмай, полиция оломон ичидаги одамларни ҳибсга олишни бошлаган. 25 октябр куни эрталаб Тергов қўмитасининг Челябинск области бўйича департаменти одамларга қарата ўқ узган 58 ёшли фуқарони ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Тергов маълумотларига кўра, эркак оломонга қарата ўқ узиб, 37 ва 29 ёшли йигитларга жароҳат етказиб, қочиб кетган.

Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин «кенг жамоатчилик норозилиги туфайли» такси ҳайдовчисининг ўлдирилиши ва қотилликка уриниш бўйича жиноий ишни Тергов қўмитасига топширишни буюрди. Тергов қўмитаси ҳисоботида, шунингдек, «шаҳарда яшовчи лўлиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари муаммоси маҳаллий аҳолини анчадан бери ташвишга солаётгани, бироқ ҳал этилмагани» айтилган. Бастрикин «маҳаллий аҳолининг далилларини текшириш ва содир бўлган воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш учун тўлиқ чоралар кўришни» буюрди.

Коркино Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимидан четлатилди ва ички текширув тайинланди, деб хабар қилди ИИВ Челябинск области бўйича бош бошқармаси.

Тергов қўмитасининг Челябинск области бўйича бошқармаси хабарига кўра, суд такси ҳайдовчиси бўлган 40 ёшли аёлни ўлдиришда гумон қилинган Коркино шаҳрида яшовчи 17 ёшли йигитни икки ойга ҳибсга олди.

Мавзуга оид