Жаҳон | 15:07 / 25.10.2024
12300
8 дақиқада ўқилади

Ветнамдан Эронгача: Шимолий Корея қачон ва кимларга урушда ёрдам берган?

Давлат думаси Шимолий Корея билан «ҳар томонлама стратегик шериклик» тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Ҳужжатда мамлакатлардан бирортасига ҳужум қилинганда, ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги банд мавжуд, Wall Street Journal эса келишувда шимолий кореялик ҳарбийларни Украинадаги урушга юбориш тўғрисидаги банд ҳам борлиги ҳақида ёзган.

Фото: Getty Images

23 октябр куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Пентагонда Россияга шимолий кореялик ҳарбийлар жўнатилаётгани ҳақида далиллар мавжудлигини билдирди. Жанубий Корея разведкаси аллақачон КХДР Москвага уч минг нафар ҳарбий етказиб берганини хабар қилган, уларнинг жами сони 10 мингдан ошиши кўзда тутилган. Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский ҳар бирида 6 мингдан аскар бўладиган икки бригада ҳақида гапирганди.

24 октябр куни Россия президенти Владимир Путин Қозондаги BRICS саммити якунларига кўра ўтказилган матбуот анжуманида шимолий кореялик ҳарбийлар Украина билан урушда қатнашиш учун Россияга юборилаётгани ҳақидаги хабарларга илк бор муносабат билдирди. У уларнинг Россиядалигини рад этмади, аммо улар қай мақсадда келганига ҳам аниқлик киритмади.

КХДР чиндан ҳам ўзининг минглаб ҳарбийларини Россия армиясига ёрдам учун юборган бўлса, бу кампания шимолий кореялик ҳарбий хизматчилар Корея чегараларидан ташқаридаги урушда бу қадар катта контингент билан иштирок этишига биринчи мисол бўлади.

Аммо шимолий кореялик ҳарбийлар олдин ҳам, ҳозирги каби кўламда бўлмаса-да, дўстона мамлакатларга уларнинг урушида ёрдам кўрсатган. Улар бутун дунё бўйлаб, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарқ ва Африкагача бўлган ҳудудлардаги можароларда қатнашган. BBC’нинг навбатдаги материалида КХДР армияси қандай қилиб бошқаларнинг урушларида жанг қилиш тажрибасига эга бўлгани ҳақида маълумот келтирилди.

Ветнамдаги уруш

КХДР биринчи марта 1960-йилларда мамлакатдан ташқаридаги урушга бевосита аралашган. Ветнам уруши кўп жиҳатдан Корея урушига ўхшаб кетарди: коммунистик Шимол Америка қўлловидаги Жанубга қарши курашган. Шимолий Корея ўз урушида ғолиб чиққан ва америкаликларга қарши курашда Ветнамга ёрдам кўрсатишга тайёр эди.

1966 йил октябрида ҳукмрон Корея Меҳнат партияси Ветнамга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарор қилади. 1967 йил бошида КХДР Ханойга қурол етказиб беришни бошлайди, Ветнамга қурол, ўқ-дори ва 2 млн комплект униформа тақдим этилган.

Бундан ташқари, Ханой ҳимояси учун Ветнам Шимолий Кореядан қирувчи самолётлар олади, бу учоқлар асосан советларнинг МиГ-17 ва МиГ-21 русумли ҳарбий самолётларидан ташкил топган 921- ва 923-авиаполкларни кучайтиради. Ўшанда фақат самолётлар «қайсидир давлат томонидан» тақдим этилгани маълум эди. Ва фақат 1996 йилга келиб Пентагон қирувчиларни ўшанда Пхенян берганини узил-кесил аниқлайди, Ветнам эса буни янада кейинроқ, 2001 йилда расман тан олади. Шунингдек, уруш вақтида 200 нафаргача шимолий кореялик учувчилар ҳам Ветнам коммунистлари томонда туриб жанг қилган.

Урушда ҳалок бўлган шимолий кореялик 12 пилот Ветнамнинг Бакзянг провинциясига кўмилган. 2001 йилда уларнинг жасад қолдиқлари КХДРга олиб кетилган, аммо Ветнамдаги ҳарбий ёдгорликни сақлаб қолишга қарор қилишган. Фото: AFP via Getty Images

Яқин Шарқ

КХДР асосчиси ва кўп йиллик раҳбари Ким Ир Сен Исроилни «империя сателлити» деб атаган ва 1960-йиллардан яҳудийлар давлати душманларига ёрдам кўрсатган. Пхенян расмий равишда Миср ва Сурия билан ҳамкорлик қилган, норасмий равишда — Фаластин озодлик ҳаракати ташкилоти ва бошқа радикал тузилмаларни ҳам қўллаб, уларнинг аъзолари учун машғулот лагерлари ташкил этган.

Аммо шимолий кореялик ҳарбийлар араб-исроил можаросида тўғридан тўғри иштирок этиши фақат 1973 йилга келиб рўй беради.

1972 йил 18 июлда Миср президенти Анвар Саодат совет ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юбориш, уларнинг базаларини давлат ихтиёрига ўтказишни буюради. Совет Иттифоқи бу вақтда «разрядка» сиёсати олиб бораётган ва АҚШ билан тўғридан тўғри ёки билвосита тўқнашувдан қочишга уринарди. Саодат Москванинг қуроллардан фойдаланиш бўйича ўрнатган чекловларидан норози бўлади. Якунда Миср СССРнинг ҳарбий маслаҳатчилари, учувчилари ва техник муҳандисларидан маҳрум бўлади, ҳолбуки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари асосан советларнинг МиГ-21 самолётларидан иборат эди.

Анвар Саодат Миср армиясининг Сувайш каналидаги позициясида, 1973 йил октябр.
Фото: Universal Images Group via Getty Images

1973 йил июнда Саодат Мисрга КХДРдан ҳарбий маслаҳатчиларни таклиф қилади. Президент ва мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони (ва бўлажак президент) Ҳусни Муборак Шимолий Корея СССРдан олинган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва МиГ-21 қирувчиларини бошқаришни бошқалардан яхшироқ эплаши мумкин деб ҳисоблайди, дея ёзган Яқин Шарқ бўйича мутахассис, Wall Street Journal халқаро бўлимининг собиқ муҳаррири Жей Соломон.

Пхенян советларнинг зенит-ракета комплексларига хизмат кўрсатиш учун Мисрга жами 1500 нафар мутахассис юборади. Бундан ташқари, КХДР Исроил билан уруш арафасида Миср ҳарбий-ҳаво кучлари учун 20 нафар тажрибали учувчиларни тақдим этади. Кейинроқ Исроил авиацияси қўмондони Бинямин Пелед ўз ҳисоботида ҳарбий ҳаракатлар вақтида рақибнинг камита иккита қирувчиси шимолий кореялик пилотлар томонидан бошқарилганини ёзган.

Сирия президенти Ҳафиз Асад ва Ким Ир Сен Пхенянда, 1974 йил. Фото: AFP via Getty Images

1973 йилги урушдан кейин кўп ўтмай Исроил разведкаси Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари сўзлашувини тутиб олади. Исроил сўровига кўра, Пентагон мутахассислари булар ҳам КХДР учувчилари бўлганини аниқлаган.

Эрон-Ироқ уруши

Эронда 1979 йил рўй берган Ислом инқилобидан кейин Ким Ир Сен республиканинг янги раҳбарияти билан яхши алоқалар йўлга қўйишга ҳаракат қилади. АҚШ ўшанда Эронга санкциялар қўллаганди, 1980 йилда мамлакатга Ироқ қўшини бостириб киргач, қурол етказиб беришга эмбарго янада кучайтирилади.

Пхенян санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Эронга қурол етказиб беришни бошлайди, Ислом республикасига ракета қурилмалари билан биргаликда 100 нафар атрофидаги шимолий кореялик ҳарбийлар ҳам келади. Икки мамлакат ўртасидаги интенсив ҳарбий ҳамкорлик Эрон-Ироқ урушидан кейин ҳам, 1990-йиллар бошида КХДРда иқтисодий инқироз бошлангунига қадар давом этади.

Африка

Совуқ уруш авжига чиққан паллада КХДРда Африка мамлакатлари сиёсатида иштирок этиш учун ҳам ресурслар етарли эди. Шимолий кореялик ҳарбий маслаҳатчилар Полисарио фронтида — Ғарбий Саҳройи Кабирдаги айирмачиларга ёрдам кўрсатади; улар Ангола ва Намибиядаги исёнчиларга ҳам ҳарбий машқлар ўтказишади.

1970-йилларда Пхенян наладил Африканинг икки қаттол диктатори: Экваториал Гвинея президенти Франсиско Нгема ҳамда Уганда раҳбари Иди Амин билан алоқаларни йўлга қўяди. Нгема Ким Чен Ирга ҳавас қилишини яширмас, Шимолий Кореядан келган инструкторлар унинг қўриқчилари таркибига киритилганди, Экваториал Гвинея орқали эса Африка жануби-ғарбидаги исёнчиларга корейс қуроллари етказиб берилади. Диктатор ағдарилганидан кейин унинг оиласи КХДРдан бошпана топган.

КХДР Жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари Ли Сон Чҳол Кампаладаги (Уганда) полиция академиясига ташрифда, 2013 йил. 1988 йилдан шимолий кореялик мутахассислар бу ерда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига таълим бериб келган.

Шимолий Кореянинг Уганда билан яқин алоқалари Иди Амин режими қулатилганидан кейин ҳам тўхтаб қолмаган. Африканинг ушбу мамлакатида КХДР билан ҳамкорликда ҳарбий завод қурилган. КХДРга қарши халқаро санкцияларга қарамай, ҳамкорлик ўнлаб йиллар давом этган. Масалан, 2007 йилда Уганда ва Шимолий Корея угандаликлар армияси учун учувчилар ва ходимлар тайёрлаш бўйича келишув имзолаган.

2016 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши 2770-сонли резолюцияни қабул қилади, унда «КХДРда полициячилар, ҳарбийлашган тузилмалар ва ҳарбийларни ўқитиш учун инструкторлар, маслаҳатчилар ёки бошқа мансабдор шахсларни» жалб қилиш тўғридан тўғри тақиқланганди. Аммо шундан фақат икки йил ўтибгина Уганда халқаро жамият босимига ён бериб, Пхенян билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатади ва КХДРдан бўлган 14 нафар учувчи-инструкторга виза беришни рад этади.

Мавзуга оид