Жаҳон | 22:58 / 25.10.2024
2554
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Хитой электромобилларга жорий этилган божлар масаласига ечим топмоқчи

Ҳар иккала томон ҳам Жаҳон савдо ташкилоти талабларига риоя қилиш имконини берадиган ўзаро мақбул ечимдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

Фото: AP

Европа Иттифоқи ва Хитой ХХРдан импорт қилинадиган электромобилларга нисбатан божлар кучга киришидан олдин ўзаро манфаатли муқобил йўлларни қидириш бўйича музокараларни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда Еврокомиссия ЕИнинг савдо бўйича комиссари Валдис Домбровскис ҳамда Хитой савдо вазири Ван Вэнтао ўртасида ўтказилган видеоконференциядан кейин маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳар иккала томон Европа бозоридаги умумий ўйин қоидаларига, ҳам Жаҳон савдо ташкилоти талабларига риоя қилиш имконини берадиган ўзаро мақбул ечимдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ЕИ ва Хитой позициялари саккиз раундли музокараларга қарамай, сезиларли даражада бир-биридан фарқ қилмоқда.

Домбровскис асосан Хитой Европадан импорт қилинаётган бренди, чўчқа гўшти ва сутни текширишни бошлаганини танқид қилган. Еврокомиссия Пекиннинг бу борадаги хулосаларини асоссиз деб атади. Хитой Евроиттифоқнинг ХХРда ишлаб чиқарилган электромобилларига бож жорий этмоқчилиги фонида ЕИ маҳсулотларига қўшимча бож жорий этиш билан таҳдид қилганди.

Европа Иттифоқининг Хитой электромобилларига нисбатан 35,3 фоиз даражасидаги жарима божлари кейинги ҳафта кучга кириши керак, аммо Еврокомиссия бунга сиёсий ечим топишга тайёр эканини билдирди. Европа комиссиясига кўра, Хитойда электромобиллар давлатдан олинган субсидия ҳисобига ишлаб чиқарилмоқда, шу боисдан уларнинг нархи ЕИда ишлаб чиқарилган транспорт воситаларидан арзон.

Европа Иттифоқи бир неча ойлик ўйланишлардан кейин октябрь бошида Хитой билан кенг кўламли иқтисодий урушни бошлашга қарор қилганди. АҚШ эса Хитой учун ўз бозорини 2024 йил май ойида деярли ёпган эди — мамлакат Хитой автомобил саноатининг барча турдаги маҳсулотлари импорти учун 100 фоизли бож жорий этган.

Мавзуга оид