Жаҳон | 10:50 / 26.10.2024
1884
3 дақиқада ўқилади

G7 Киевга РФ активларидан маблағ ажратиш тартибини ҳал қилди

Йил охиригача Украина Россия активларидан даромад эвазига 50 миллиард долларлик кредитнинг бир қисмини олиши мумкин.

Фото: Alessandro Garofalo/picture alliance/LaPresse/ZUMA Press

«Еттилик» (G7) давлатлари етакчилари Украинага Ғарб мамлакатларида музлатилган Россия активларидан келадиган даромад ҳисобига 50 миллиард долларга яқин кредит ажратиш бўйича келишиб олдилар. Бу ҳақда 25 октябр, жума куни Италия ҳукумати сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.

Баёнотга кўра, бир қанча Ғарб давлатларининг молия вазирлари аввалроқ Украинага кредит бериш масаласида «қарз изчиллиги, мувофиқлаштирилиши, адолатли тақсимланиши ва G7 барча ҳамкорлари ўртасида бирдамликни таъминлаш учун техник ечим» бўйича келишиб олган. Киевга кредит «Катта еттилик» давлатларининг тегишли ҳуқуқий тизимлари ва халқаро қонунларга мувофиқ» берилади.

Киевга ажратилган пуллар Украинани иқтисодий ва ҳарбий қўллаб-қувватлашга, шунингдек, Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин мамлакатни тиклашга сарфланиши керак, дея қайд этади G7. «Бизнинг мақсадимиз йил охиригача маблағларни тўлашни бошлашдир», дейилади баёнотда.

G7 давлатлари Украинага 50 млрд доллар ажратиш мажбуриятини олди

«Катта еттилик» жорий йил охиригача Украинага 50 миллиард доллар, АҚШ эса бу давлатга 20 миллиард доллар кредит ажратиш мажбуриятини олган. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Украина Молия вазирлиги раҳбари Сергей Марченко билан келишув имзоланганидан сўнг маълум қилди.

Йеллен АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини таъкидлади.

Олдинга яна бир шундай қадам қўйилганини эълон қилишдан жуда мамнунман. «Катта еттилик» Украинага жорий йил охиригача 50 миллиард доллар кредит ажратиш мажбуриятини олган. Шунингдек, Қўшма Штатлар мамлакатга 20 миллиард доллар миқдорида кредит ажратади, уни Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромаддан тўлаш режалаштирилган, деди у.

АҚШ Молия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, уруш харажатларини энди АҚШ ва Европадаги солиқ тўловчилар эмас, балки Россия ўз зиммасига олиши керак бўлади.

Йеллен Украинани қўллаб-қувватлаш Қўшма Штатларнинг миллий манфаатлари учун ҳаётий аҳамиятга эга эканлигини ва Украинанинг қулашига йўл қўйиш Европадаги НАТО иттифоқчилари хавфсизлигини хавф остига қўйишни англатишини таъкидлади.

Айнан шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар Украинага қурол-яроғ ва молиявий ёрдам беришда давом этмоқда, — деди у.

Мавзуга оид