Гуржистондаги сайловларда россияпараст партия ғолиб чиқди
Мухолифат сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва норозилик намойишларига тайёрланмоқда. Кузатувчилар «натижаларга сезиларли даражада таъсир кўрсатган» қонунбузарликлар ҳақида хабар берган.
Гуржистон марказий сайлов комиссияси парламент сайловларида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ғалаба қозонганини эълон қилди. Протоколларнинг 99,7 фоизи ҳисоблаб чиқилганда «Гуржистон орзуси» 54,1 фоиз овоз тўплагани маълум бўлган, бу эса унга парламентда якка ўзи ҳукумат шакллантириш учун етарли бўлган кўпчилик ўринларни кафолатлайди, аммо бу Конституцияга ўзгартириш киритиш учун етарли эмас. Парламентга яна тўртта мухолифатчи партия ўтган — «Ўзгаришлар учун коалиция» (10,9 фоиз овоз олган), «Бирлик миллий ҳаракати» (10,1 фоиз), «Кучли Гуржистон», (8,8 фоиз), «Гахария — Гуржистон учун» (7,8 фоиз).
«Гуржистон орзуси» йирик шаҳарларда мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан ҳам ёмонроқ натижаларини қайд этган (Тбилиси — 40 фоиз, Батуми — 49,7 фоиз, Кутаиси — 47,3 фоиз), аммо бу шаҳарларда ҳам биринчи ўринни эгаллаган. Фақат хориждаги участкаларда мухолифат устун келган, хориждаги сайловчиларнинг фақат 15 фоизи ҳукмрон партияни қўллаган.
Энг йирик мухолиф партиялар натижаларни тан олишдан бош тортди. «Бирлик миллий ҳаракати» ва «Ўзгаришлар учун коалиция» сайлов участкалари ёпилганидан бир неча соат ўтиб сайловлар «ўғирлангани»ни маълум қилиб, ҳукмрон партияни «конституцион тўнтариш»да айблади ва 27 октябрдан мунтазам норозилик акциялари бошлашини эълон қилди. «Ўзгаришлар учун коалиция» кенг кўламли сохталаштириш схемасини фош қилганини айтмоқда; тафсилотлар кейинроқ очиқланиши ваъда қилинган. Кейинроқ «Кучли Гуржистон» ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. Учала ҳаракат ҳам қўлга киритилган депутатлик мандатларидан воз кечишини билдирган.
«Гахария — Гуржистон учун» партияси етакчиси Гиорги Гахария эса унинг партияси мандатлардан воз кечиши эҳтимоли ҳақидаги саволга тўғридан тўғри жавобдан қочиб, аввалига кузатувчиларнинг кенг кўламли қоидабузарликлар ҳақидаги ҳисоботини ўрганиш лозимлигини айтган. Шу билан бирга, у ҳам эълон қилинган натижалар «гуржи халқи иродасини акс эттирмаслиги»ни таъкидлаган.
«Гуржистон орзуси»дагилар мухолифатчиларни ютқазишни билмасликда айблаган. «Мухолифатчиларда навбатдаги мағлубиятни тан олиш учун жасорат етишмади. Кўриб турибсизки, ўтган йиллар давомида улар бирор марта сайловлар натижасини, ўз мағлубиятини муносиб қабул қила олмаган», — деган бош вазир Ираклий Кобахидзе. У яқин вақтлар ичида парламент жараёнлари «мамлакат учун одатдаги режимда давом этиши» ва «Гуржистон орзуси»ни мухолифатдагилар мандатдан воз кечиш-кечмаслиги қизиқтирмаслигини айтган.
Кузатувчилар овоз бериш жараёнидаги қонунбузарликлар унинг натижасига таъсир кўрсатганини айтишган. «Адолатли сайловлар ва демократия учун халқаро жамият» (ISFED) овозларни санаб чиқиш жараёнининг ўзи жиддий қоидабузарликларсиз кечгани, аммо сайловларни «қўрқитиш ва сотиб олишга бўлган кенг тарқалган уринишлар туфали» ҳаққоний деб бўлмаслиги, қонунбузарликлар «натижаларга катта таъсир кўрсатгани»ни маълум қилган. ISFED кузатувчилари участкаларнинг 13 фоизида сотиб олиш ҳолатларини қайд этишган, 9 фоизида махфий овоз бериш шарти етарлича таъминланмаган, айрим участкаларда қутиларга сохта бюллетенлар ташланган. Шунингдек, My Vote Гуржистон фуқаролик ташкилоти ва «Гуржистон ёш ҳуқуқшунослари ассоциациялари» кузатув миссиялари ҳам асосан сайловчиларни рўйхатга олиш ва яширин овоз бериш билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этган.
Сайловни кузатиш бўйича Европа тармоғи (ENEMO) кузатув миссиясидагилар эса «мухолифатчиларга нисбатан зўравонлик», маъмурий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ва журналистларга босим ўтказиш ҳолатларини қайд этган — буларнинг барчаси «сайлов жараёнининг демократик характерини сезиларли даражада бузиши» таъкидланган.
«Гуржистон орзуси»ни ғалаба билан биринчи бўлиб Венгрия табриклади. Ушбу мамлакат бош вазири Виктор Орбан Кобахидзега сайлов натижалари эълон қилинмасидан табрик йўллаган, у X ижтимоий тармоғида шундай хабар қолдирган: «Гуржистон халқи ўз мамлакати учун нима яхшилигини билади ва бугун уларнинг овозига қулоқ солинди!» 27 октябр тонгида Гуржистоннинг қўшнилари — Озарбойжон ва Арманистондан ҳам табриклар борган. Илҳом Алиев гуржилар «тараққиёт, барқарорлик ва анъанавий қадриятларни қўллаб-қувватлашини изҳор қилгани» ҳақида таъкидлаган. Россия томонидан ҳозирча фақат Федерация кенгашининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси Григорий Карасин фикр билдирди: у «Гуржистон орзуси»нинг ғалабаси билан бир вақтда тўрт мухолиф партия парламентга киргани «мамлакат ички ҳаётида фаол давр бўлишидан дарак бераётгани»ни билдирган. АҚШ ва Евроиттифоқ ҳозирча расмий баёнот бермади.
Мавзуга оид
14:01 / 31.10.2024
«Бу Камала ва Байден шарафига». Трамп чиқинди ташувчи машинага миниб олди
09:10 / 31.10.2024
Гуржистон президенти Зурабишвили прокуратурага боришдан бош тортди
21:25 / 30.10.2024
Трампнинг тарафдорлари Байден уларни «чиқинди» деб атаганини айтишмоқда
19:23 / 30.10.2024