Фото: Президент Шавкат Мирзиёев сайловда овоз берди
Бугун мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларига сайловлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан биргаликда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз беришда иштирок этди.
Мамлакатимиз Конституциясининг 128-моддасида фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган.
Сайловда бешта: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Экологик партия, Халқ демократик партияси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси иштирок этмоқда. Бу муҳим воқеа “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида, ривожланган ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтмоқда.
Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилмоқда. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.
Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш мақсадида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Жорий йилги сайловларнинг яна бир эътиборли жиҳати – бу жараён иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда E-Saylov ахборот тизими орқали амалга оширилганида намоён бўлди. Мазкур ахборот тизими сайловларнинг очиқлигини юқори босқичга олиб чиқди.
Мамлакатимиздаги сайловлар юқори демократик тамойиллар асосида, очиқ ва шаффоф тарзда ўтмоқда. Фуқаролар ҳам амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга хайрихоҳ бўлган ҳолда сайловларда фаол иштирок этишмоқда.
Давлат раҳбари 59-сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди. Хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот қилди. Улар сайловлар очиқ, юқори савияда ўтаётганини, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошганини таъкидлашди.
Нуронийлар мамлакатимизга тинчлик-фаровонлик, Президентимизга соғлик-омонлик тилаб дуолар қилди.
Барча сайлов участкаларида сайловчилар учун қонунчилигимизда белгиланган шароитлар яратилган. Жойларда 5 минг 770 та округ ва 11 минг 28 та, жумладан, 40 та хорижий мамлакатда 57 та сайлов участкаси ташкил этилган.
Сайлов жараёнини кузатишда МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси таркибида 850 нафардан зиёд хорижий ва халқаро кузатувчилар иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди. Ўз юрти ва яшаётган ҳудуди тақдирига дахлдорлигини ҳис қилиб, сайловларда фаол қатнашаётган фуқароларга миннатдорлик билдирди.
Мавзуга оид
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024
Шавкат Мирзиёев Навоийдаги кимёвий завод фаолияти билан танишди
14:01 / 31.10.2024
«Бу Камала ва Байден шарафига». Трамп чиқинди ташувчи машинага миниб олди
21:25 / 30.10.2024