iPhone смартфонлари учун биринчи сунъий интеллект функциялари чиқарилди
Аммо Apple Intelligence фақат iPhone 15 Pro/Pro Max ва iPhone 16 смартфонларида мавжуд.
Apple компанияси iOS 18.1 тизимини чиқарди. Ушбу янгиланиш диққатга сазовордир, чунки ёзда тақдим этилган сунъий интеллектга (СИ) асосланган Apple Intelligence функцияларига биринчи марта эга бўлди.
iOS 18.1 тизимига янгиланиш орқали қуйидаги СИ хусусиятларини олиш мумкин:
- Матн билан ишлаш учун Writing Tools ва билдиришномалар учун СИ хулосаси;
- Photos иловасида фотосуратдан баъзи элементларни олиб ташлаш учун Clean Up функцияси;
- Safari орқали веб-саҳифани ўқиётганда СИ унинг қисқача мазмунини айтиб бериши мумкин;
- Электрон почтани «ақлли» саралаш;
- Матн сўрови асосида слайд-шоу яратиш.
- Тез-тез ишлатиладиган иловалардан фақат энг муҳим билдиришномаларни кўрсатадиган махсус СИ фокус режими.
Янгиланиш ҳажми 1,8 Gb, лекин Apple Intelligence функциялари учун камида 4 Gb бўш жой керак бўлади. XS смартфонидан бошлаб барча iPhone эгалари IOS 18.1 тизимини олиши мумкин. Аммо Apple Intelligence фақат iPhone 15 Pro/Pro Max ва iPhone 16 смартфонларида мавжуд.
Сунъий интеллектни қўллаб-қувватламайдиган iPhone қурилмалари учун бошқа бир нечта фойдали хусусиятлар ҳам тайёрланган. Эҳтимол, энг муҳими, телефон суҳбатларини ёзиб олиш ва транскрипция қилиш имкониятидир. Шунингдек, Siri дизайни ва функционаллиги ҳам янгиланган.
ChatGPT интеграцияси ва Genmoji билан Image Playground функцияларини ўз ичига олган Apple Intelligence хусусиятлари iOS 18.2 тизимида йил охиригача чиқарилади. Тизим 2025 йилнинг баҳорида iOS 18.3 ёки 18.4 версияларининг чиқарилиши билан тўлиқ ишга тушади.