«Эронни ечинтиришди» — шарқшунос нега форслар Исроилга қарши чиқолмаётгани ҳақида
26 октябрга ўтар кечаси Исроил Эронга жавоб зарбалари йўллади. Ой бошида Эрон Исроил бўйлаб 200 дан ортиқ ракета билан зарба берган эди.
Энди Исроилнинг 140 дан ортиқ қирувчи самолётлари Сурия ва Ироқ узра 1600 км масофани босиб ўтиб, уч соат давомида Эрон объектларини бомбалагани, гарчи 40 йилдан буён Исроилни йўқ қилишга тайёргарлик кўрган бўлса-да, Эрон айтарли жавоб бера олмагани даъво қилинмоқда.
Исроилнинг аҳолиси 10 миллиондан камроқ. Эронда эса 80 млн одам яшайди. Исроилда одам жон бошига ЯИМ 52 минг доллар, Эронда эса 7,5 минг доллар.
Бир пайтлар бу мамлакатда яшаган шарқшунос ва эроншунос Михаил Крутихин 1979 йилги ислом инқилобини кузатган. «Новая газета» билан суҳбатда у Эрон қандай қилиб ислом республикасига айлангани ва нега жанговар режим «Исроил ҳарбий машинаси»га қарши тура олмаганини тушунтирди.
— Эрон Исроил ўз ҳужуми билан унга «минимал талафот» етказганини таъкидламоқда. Сиз бунга ишонасизми?
— Албатта, бунга ишониб бўлмайди. Шак-шубҳасиз, улар ёлғон гапиришмоқда. Фикримча, бир неча кундан сўнг мустақил манбалар ва Исроил сунъий йўлдошдан олинган суратларни кўрсатса, талафот жиддий бўлгани ойдинлашади. Кўплаб шарҳловчилар айтганидек, Эронни ечинтиришди: энди унда мамлакатни қўриқлаши мумкин бўлган адекват ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими йўқ. Уларда Россияда ишлаб чиқарилган машҳур С-400 тизимлари бўлган, бироқ исроиллик учувчилар шу қадар безбетлашиб кетишганки, бу қурилмалардан иккитасини ракета ишлатмасдан, самолётдаги пулемётдан ўт очиб, йўқ қилишган.
Эронликлар ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган. Сўнгги хабарларга кўра, исроилликлар радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланишган ва Эрон ракеталари сохта нишонларга қараб учишган. Бошқача қилиб айтганда, Эрон ўзининг тўлиқ ҳимоясизлигини намойиш этган, энди эса унинг барча ҲҲМ тизими йўқ қилинди. Исроил эса исталган дақиқада осмондан туриб Эронда хоҳлаган ишни қила олишини эълон қилиб бўлди. Эрон ҳаводан мудофаа тизимидан айрилди.
— Сиз сўзлаётган ва Исроил матбуоти ёзаётган гапларга қарасак, бундай мудофаанинг ўзи аввалдан бўлмаган.
— Чиндан ҳам, Эроннинг бирор самолёти ҳавога кўтарилмаган. Лекин Эрон узра Исроилнинг 140 та самолёти парвоз қилган. Исроилликлар Эрон самолётларини ҳарбий экспонатлар деб аташади. Бу машиналар Исроил авиациясига бас кела олмайди.
Бундан ташқари, ракета ва пилотсиз парвоз қурилмалари ясалаётган заводлар, учириш қурилмалари ва ракета омборларига жиддий талафот етказилган. Зарба нафақат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига, шунингдек, Эрон ҳарбий саноати юрагига ҳам берилган. Талафот жуда улкан. Бундан икки-уч кун аввал Эрон раҳбарияти баёнотлари ҳаддан ташқари жанговар эди.
— Ҳа, жавоб зарбаси юз берса, Исроилга мингта ракета учиришни ваъда қилишаётганди.
— Ҳа, ҳа, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) раҳбари Ҳуссайн Саломий «Исроил — шунчаки йўқ нарса» экани, бақувват ва кучли Эрон у билан исталган нарса қила олишини айтганди. Ҳозиргача Исроилдаги мухолифат каналлари Саломийнинг бу баёнотларини айлантириб ётишибди.
— Исроилга 40 йилдан буён қаршилик қилиб келаётган Эрондек катта ва жанговарлиги юқори давлат нега бу қадар ожиз бўлиб қолди? Нега у зарбаларни қайтаришга тайёргарлик кўрмаган?
— Сиз бир нарсага эътибор беринг: бу Эрон-Ироқ уруши тугаганидан буён Эрон ҳудудига илк марта бостириб кириш, яна ҳаводан. 1988 йилдан буён ўтган 36 йил ичида Эронга ҳеч ким ҳужум қилмаган.
— Лекин Эроннинг ўзи Исроилни йўқ қилишни режалаштириб келган-ку? Наҳотки Исролдан ҳимояланишни ўйламаган?
— Эрон — бу технологик ривожланган давлатлар ичра ўзини иҳоталаган давлат. У нормал армия, нормал ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қуришдан умид қила олмаган, у фақат ўзи каби диктаторлик режимларидан ёрдам сўраган. Ва биз биламизки, бундай давлатларнинг айримларида ишлаб чиқарилган ҲҲМ тизимлари бир тийинга қимматлигини кўрсатиб бўлган.
1979 йилги ислом инқилобигача шоҳ даврида Эрон армияси ғарб давлатларидан ҳам яхшироқ қурол-аслаҳага эга эди. Масалан, Эронда ҳаво ёстиқли десант кемалари шу кемани ишлаб чиқарувчи Буюк Британияникидан ҳам кўпроқ эди. Эроннинг ажойиб учувчилари бор эди ва улар америкалик йўриқчилар томонидан ўқитилганди. Эрон армияси жуда кучли эди.
— Лекин Эроннинг риторикаси ҳозиргидек жанговар эмасди-ку?
— Нима бўланда ҳам, бу мамлакат бировга ҳужум қилишни ўйламасди. У минтақада барқарорлик яловбардори эди. На фаластинликлар, на бошқа араблар Эрон армиясини хабардор қилмасдан минтақада бир иш бошларди.
— Эронда бу «ўзгаришлар» қачон бошланди?
— 1979 йил февралида шоҳ Паҳлавий тахтдан қулатилгач.
— Тушунарли. Лекин шоҳ Муҳаммаризо Паҳлавий режими ғарбпараст бўлса ҳам, жуда ёқимсиз эди ва инқилоб рўй бериши табиий эди. Нега айнан теократия ўрнатилди, нега шоҳ режими ўрнига қандайдир прогрессив тузум ўйлаб топилмади?
— Ўша вақтда мамлакатда иккита назарий йўл бор эди. Шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий чиндан ҳам қаттол золим сифатида танилганди, унинг қамоқхоналарда қийноқ камералари бўлган, мухолифатни бостирган. Биринчи йўл — ўша аксилдемократик унсурларни йўқ қилиш, мамлакатни жаҳон иқтисодиётига қўшиш, демократлаштириш йўлидан бориш эди. У технологик ва саноат ривожи учун зарур эди. Мамлакатни очиш керак эди.
Алал-оқибатда иккинчи йўл танланди. Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний танлаган ҳаракат бутун мамлакат бўйлаб ўз ячейкаларига эга бўлган ягона сиёсий куч эди: жойлардаги исталган мулла орқали улар аҳолига таъсир ўтказа олишарди. Бирорта ташкилотда бундай тармоқ мавжуд эмасди. Натижада, инқилобдан сўнг ислом респуликаси эълон қилинди ва унинг мақсади мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ёки демократия бўлмади. Мақсад сифатида улар шиа исломини имкон қадар каттароқ ҳудудларга ёйиш, Исроилни давлат сифатида йўқ қилиш ва барча яҳудийларни геноцид қилишни белгилаб олишди.
— Бу мақсадларнинг қай бири муҳимроқ эди: шиа исломини ёйишми ёки Исроилни йўқ қилиш?
— Улар биргаликда кетяпти. Бу ҳолатда Америка оддий бир қўриқчи таёқдек тасвирланган, Эрон Америкага ҳужум қилишни мақсад қилмаган. У шунчаки, нафратга лойиқ Исроилга ёрдам бераёган узоқдаги душман. Яъни, мамлакат ривожланиш ўрнига мафкурани асосий мақсад қилиб олиб, барча куч ва воситаларини шу мақсад йўлига сарфлай бошлади, аҳолининг яшаш тарзини яхшилашга эмас.
Бу йўлда Эрон аҳолисининг қарийб ярмини кучишлатарлар армиясига айлантиришди. Иккинчи армия — Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини яратишди. Иккита қуролли кучлар пайдо бўлди: армия ва ИИМК. Параллел равишда Басиж номли яримҳарбий ёлланмалар гуруҳини ташкил этишди, форс тилидан бу «мобилизация» деб таржима қилинади. Улар армия, полиция, жандармерия ва бошқалар қаторида мамлакат ичидаги осойишталикни назорат қилган. Буларни совет вақтидаги халқ дружиначилари отярдига қиёслаш мумкин.
— Улар анъанавий қадриятларни ҳимоя қилишганми?
— Тўппа тўғри! Улар шариат меъёрларига риоя қилинишини кузатишган. Ҳар бир эронлик ортидан бир неча шундай «назоратчи» кузатиб туради. Буларнинг барчаси жамиятни ривожлантириш ўрнига қилинган.
— Исроилни йўқ қилиш нега керак бўлган? Ҳаттоки Эрон билан умумий чегараси бўлмаган Исроил уларга нима халақит қилган? Йўқ қилишди ҳам дейдик, бу муваффақият билан кейин нима қилишмоқчи бўлган?
—Ҳумайнийнинг ғояси шу бўлган. Айнан унинг унинг ғояси. Шунақа тентакона ғоя.
— Лекин бу ғояни кенг омма қўллаб-қувватлаган. Демак, кимдир уларга Исроилни нега ёмон кўриш кераклигини тушунтирганда? Шоҳ Эрони ва Исроил иттифоқчи бўлишган ва минтақада тотув яшашган-ку?
— Эронда кенг омма уларга тепадан айтилган ҳар қандай нарсани қўллаб-қувватлайди. Тасаввур қилинг: Эронда митинг бўлмоқда, унга халқ қувиб чиқарилган, ёки катта залда ёки майдонда ҳамма ерда ўтирибди. Минбарда кимдир нутқ сўзламоқда, пастдагилар у нима деяётганини ҳам тушунишмайди. Эронликларда шундай мойиллик бор: улар она тилининг оҳангини «ширин форсий»ни жуда яхши кўришади. Агар инсон чиройли гапираётган бўлса, унинг мазмунига тупурилади. Сўзлаётган инсоннинг ортида яна биттаси туриб олади ва вақти-вақти билан оломонга қарата керакли сўзларни бақириб туради.
Оломон аввалдан ёдлаган ибораларни бақириб айтиши керак. Аввалига уч марта «Аллоҳу акбар», кейин «Ҳумайний доҳий», сўнг «Америкага ўлим», «Исроилга ўлим». Бир пайтлар «Совет иттифоқига ўлим» деб ҳам бақиришган. Ҳозирги шиорлар орасида бир нечта янгилари бор.
Оломон мутлақо сомеъ, чунки мафкуравий йўриқ шундай: мамлакатдаги инсонлар айнан шундай бўлиши керак. Бу мафкуравий йўриқни Ҳумайнийнинг «Буйруқлар трактати»да ҳам топиш мумкин. Унга кўра, ҳар бир мусулмон киши иккита йўлдан биридан юриши керак. Ўзини қандай тутишни, нималар қилишни биладиган мусулмонлар бор, улар мужтаҳидлар деб аталади. Булар барча муқаддас китобларни ўқиган, Қуръонга қараб хулосага келади. Агар мусулмон кишиси оятуллоҳлар томонидан мужтаҳид дея топилиш даражасигача ўқий олмаса, у мужтаҳид топиб, унинг йўриқларига амал қилиши керак, чунки унинг ўзи мустақил фикрлашга, миясини ишлатишга ҳақли эмас. Бу Ҳумайнийнинг жамият идеали. Бу идеал Эронда муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
— Барибир сиз 40 йил аввалги жамият идеалини тасвирлаб беряпсиз. Ўтган йили ва аввалги йилларда биз Эронда норозилик намойишларини кўрдик, жамият қанчалик ўзгарганига гувоҳ бўлдик.
— Жамият ўзгармаган. Мен ҳозир Эронга оид юзлаб материалларни кўриб чиқяпман, митинглардаги минглаб одамлар ўзларини худди мен тасвирлагандек тутишмоқда. Мулла уларга нима деса, ўшани қилишади.
— 2022-23 йиллардаги намойшлар-чи? Одамлар «Диктаторга ўлим» ва «Эрон озод бўлади» деган шиорлар билан чиқиш қилишди, аёллар ҳижобларини ёқишди?
— Ҳа, Эронда ҳануз демократик, либерал ва ғарбпараст қарашлардаги инсонлар қатлами бор. Лекин уларнинг сони 80 миллионлик аҳоли фонида жуда кам. Бунақа эронликлар ҳам бор ва улар режимнинг душманлари ҳисобланади.
— Чет эл агентларими?
— Шартли айтганда, ҳа — чет эл агентлари. Сўнгги йилларда Эрондаги режим бироз кучсизлашди ва бу одамлар ўзини намоён қила бошлашди. Агар Эрон кўчаларидан хроникага қаралса, у ерда бугун мусиқа ҳам янграмоқда, рақс ҳам тушилмоқда. Либерал ва ғарбпараст қарашдаги инсонлар оммаси бор, бироқ улар инқилобий куч эмас, улар билан инқилоб қилиб бўлмайди. Вақти-вақти билан қандайдир норозиликлар чақнаб туради, бироқ Эронда сиёсий мухолифат йўқ. Энг яхши ҳолатда, уларнинг барчаси Эрон чегарасидан ташқарида. Мамлакатни тарк эта олмаганларни тўлиқ ўлдириб юборишган.
Сўнгги катта маҳкама, адашмасам, 1983 йилда рўй берган эди ва ўшанда 600 киши ўлимга ҳукм қилинган. Ўшанда мухолифатнинг пайи қирқилган. Уларни ҳукуматга совет элчихонаси ва КГБ ходими, инглизлар томонга қочиб ўтган Владимир Кузичкин топширган. Ўшандан буён Эронда бутун мухолифат қирилган деб ҳисобланади.
— Нега санкцияларга қарамасдан нефт савдосида катта даромад олаётган, табиий ресурсларга бой давлат ўзини яхши қуроллантирмасдан кўп сонли проксиларига қурол-яроғ улашган?
— Эроннинг проксилари жуда ҳам кўп эмас. Буларнинг биринчиси ироқлик шиалар, уларни нафақат қуроллантириш, уларнинг сафига ўз агентурасини қўшиш ҳам керак эди. Кейингиси диктатор Асад бошчилигидаги Сурия. У ерда режим Россия билан иттифоқликда қўллаб-қувватланади. Ундан кейингиси, албатта, Ливандаги шиалар — уларга ҳам мамлакатни ривожлантириш ўрнига, нефт савдосидан келаётган катта пуллар сарфланган. Пуллар шиа исломини бир қатор мамлакатларга ёйиш учун ишлатилган. Яман ҳам шу мамлакатлар орасига қўшилди.
— Агар Исроилни йўқ қилишдек вазифа турган экан, Эрондагилар бу даҳшатли агрессорга қандай қарши туришни ўйлашмаганми? Нега мудофаа учун қуролланишмаган?
— Эрон, албатта, қуролланган, бироқ буни жуда ёмон амалга оширган. Эронликлар атом саноатини ривожлантиришга интилмоқда, бироқ уларда доктрина бор: атом бомбаси яратмаслик. Қачонлардир олий бош раҳнамо бу ислом меъёрларига зид, дея чиқиш қилган. Эронликлар уранни бойитишмоқда, бироқ экспертлар фикрича, ҳозирча бомба яратишмаган.
— Ҳа, яратишмагандир, лекин шу йил февралида исташса «эртагаёқ» ясаши мумкинлигини эълон қилишганди.
— Бунга биргина доктрина эмас, объектив шарт-шароитлар ҳам монелик қилади: улар ҳануз ядровий қурол яратиш учун айрим ускуна ва технологияларни қўлга киритишмаган. Ҳамма пуллар қурол-яроғ сотиб олишга сарфланмоқда.
— Эрон ўзини ҳимоя қила олмаса улар қандай сарфланмоқда?
— Ёмон харжланмоқда. Мен хизмат қилганимда шаҳаншоҳ даврида қандай генераллар бўлганини эслайман: жуда билимли, тез мушоҳада қиладиган, кўркам, маданиятли ва узоқни кўра биладиган одамлар эди. Ҳозир ИИМК ва «Ҳизбуллоҳ» раҳбариятига қаранг. Бозордан келиб қолган одамларга ўхшашади.
— Лекин фақат ИИМК эмас, армия ҳам бор-ку? Исломий давлатларда улар кўпинча жамиятнинг дунёвий қисми вакиллари бўлишади. Эронда ундай эмасми?
— Уларда биринчи ўринда ИИМК туради, мунтазам армия анча кучсиз. Армия ўз таъсир кучини йўқотган, мен ҳозир у ҳарбийлар кимлигини ҳам билмайман. Яна унутманг, Басиж ҳам бор — у миллий гвардия ролини бажаради.
— Исроил экспертлари Эрон аҳолисининг 70 фоизи оятуллоҳлар режимини қўлламаслигини таъкидлайди. Ростдан ҳам шундай малумотлар борми?
— Унчалик эмас. 70 фоиздан зиёдроқ аҳоли айнан ўша лом-мим демайдиган, кимни қўлла дейилса қўллаб кетаверадиган инсонлар. Бу одамлар ўз шахсий сиёсий қарашлари ва фикрларидан маҳрум одамлар, уларга фикрлаш тақиқланган. Исломий донолик манбалари уларга кимга қандай муносабатда бўлиш кераклигини тушунтиради. Усиз сиз – бўш ўринсиз, фикр билдиришга ҳаққингиз йўқ. Шу сабабли бу инсонлар оятуллоҳлар режимига қарши ёки уни қўллайди, дейишдан маъни йўқ. Бир оятуллоҳ тарафдорларини тўплаб, уларга ниманидир сингдира бошлайди. Бошқаси бунга мутлақо зид тушунчани сингдириши мумкин. Лекин, экспертлар бир нарсада ҳақ: Эрон аҳолисининг асосий қисми у қадар Исроилга қарши кайфиятда эмас.
Билимли оммага келсак, улар айнан исроилпараст ва америкапараст кайфиятда. Лекин бундай инсонлар мамлакатда ҳеч нарсани ҳал қилмайди ва ҳеч ким уларни қарор қабул қилишга ёки мамлакатнинг сиёсий ҳаётига таъсир ўтказишга қўйиб бермайди.
— Улар таъқиб остидами?
— Жуда ўзидан кетиб қолишса таъқиб қилинади, албатта. Бироқ, ҳозир мухолифатга дахлдор деб ҳисоблаш мумкин бўлган қарийб барча эронликлар ўз мамлакатидан ташқарида яшайди.
— Модомики Эрон Исроилга қарама-қаршиликда енгилаётган экан, буни маҳаллий аҳолига ҳаттоки маҳаллий матбуот орқали ҳам ғалаба сифатида тақдим этишнинг имкони йўқ. Бу мамлакатдаги вазиятга қандай таъсир қилади?
— Вазият ўзгарса, масалан АҚШдаги сайловлардан сўнг Исроилнинг йўлини тўсишмаса, улар Форс кўрфази соҳилидаги нефтни қайта ишлаш корхоналарига зарба бериши мумкин. Мамлакатда ҳозир муаммолар жуда кўп, мен яқинда бозорлардан келган тасвирларни кўриб, қашшоқликка гувоҳ бўлдим. Агар муаммолар чуқурлашса, улар фақат муллаларнинг иродасини бажариш кераклигини унутишлари, ўзларининг иқтисодий ҳуқуқларини талаб қила бошлашлари мумкин. Масалан, Исроил Хорг оролига зарба бериб, у ердаги Эроннинг импорт товарлар, жумладан озиқ-овқатлар туширадиган терминалини йўқ қилса, аҳоли исён бошлаши мумкин.
— Лекин биз бошқа давлатлардаги урушлардан гувоҳ бўлмоқдамизки, душман тарафидан яратилган қийинчиликлар бундай жамиятларда норозилик келиб чиқишига эмас, аксинча, диктатор атрофида янада жипслашувга сабаб бўлмоқда. Нега энди Эронда бошқача бўлиши керак?
— Эронда барибир вазият бошқача-да: етакчилар одамлар нимани қандай қилишлари кераклигини буюришади, шу нарсага чек қўйиш керак. Вазият жуда ёмон бўлгандан сўнг исёнчилар пайдо бўлади.
— Ахир уларни дарров тутиб ўлдиришади-ку?
— Шоҳ тахтдан қулатилган инқилоб чоғларида, ишчилар масалан иш ташлашлар эълон қилишган. Аввал аҳолининг ўқиган қисми, зиёлилар ишчиларга маош тўламай қўйишган ва улар исён қилишган. Ҳаммаси иқтисодиётга бориб тақалади.
— Ҳозир ҳам иқтисодиётдан бошланади, деган фикрдамисиз?
— Ҳозир буёғига қандай бўлишини билмаймиз. Ҳозир Эроннинг қисқичлари бирин-кетин чопиб ташланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз: аввал Ҳамас йўқ қилинди, энди эса «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий қудрати сўндирилмоқда. Ҳозир «Ҳизбуллоҳ»ни бутунлай йўқ қилиш қийин, чунки Эроннинг пуллари шарофати билан булар Ливандаги энг йирик сиёсий партия. Бироқ, Эроннинг бу қисқичлари юлиб олинади ва форслар барча кучлари ва маблағларини сарфлаб ўтказаётган сиёсатини давом эттириши тобора қийинлашади. Кейин нима бўлади? Режим барибир ортган пулларни аҳолининг эҳтиёжи учун сарфламайди. Мамлакат аллақачон моховдек ажратиб қўйилган, у санкциялар остида, турли эмбарголар остида, улар жаҳон иқтисодиётига қўшила олишмаяпти. Ўзларининг авариявий мафкураси билан ўзлари ўзларини рад этилган давлатга айлантиришган.
— Эронга санкциялар қандай таъсир қилмоқда? «Бизни калтаклашмоқда, биз эса кучайяпмиз» принципи бўйичами ёки инсонларни ўйланишга мажбур қилмоқдами?
— Ўйланишга жуда мажбур қилмоқда, гап нима ҳақида ўйланишда. Сўнгги йилларда, айниқса Байден президентлиги даврида эронликлар бу санкциялар ва эмбарголардан ҳайиқмасдан, юзлаб танкерлар билан ўз нефтини Хитойга жўнатмоқда ва қандайдир қилиб эвазига доллар олмоқда ва яна қандайдир йўллар билан уларни тасарруф этмоқда. Улар шундай қилиб жон сақлашмоқда. Агар Ғарб давлатларида бу вазиятни янада чуқурлаштирадиган ва контрабандани йўқ қиладиган етакчи келса, Эронга жуда ёмон бўлади. Шунда Эрон жангари гуруҳларни қўллаш сиёсатидан бироз тийилиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, Оқ уйга Эронни жиловлаш кайфиятидаги радикалроқ раҳбар келиши Яқин Шарқдаги жангари гуруҳлар фаоллиги жиддий тарзда сусайишга олиб келиши мумкин.
— АҚШ генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилган даврларга таққосланганда, Эронда ҳозир шимолда қудратли ва жанг қилишга қодир иттифоқчи бор. Бу Эроннинг истиқболларига қандай таъсир қилади?
— Аслида, Эроннинг иккита иттифоқчиси бор, деган қараш мавжуд. Бироқ, Туркия билан уларнинг расмий иттифоқи йўқ, Россия билан эса умумий иқтисодий манфаатлари йўқ. Эроннинг ўзи ўз гази ва нефти учун бозорлар излашдан манфаатдор, унинг рақобатчиларига ёрдам беришидан маъни нима? Бироқ бу икки давлат ўртасида кўп борада мафкуравий боғлиқлик бор. Масалан, ҳар икки давлатда ҳокимият аҳоли манфаатларини кўзлаб эмас, мутлақо аҳмоқона мафкура номидан ҳаракат қилади. Эронда, масалан, бу мафкура қўшниларини ўлдиришга чорлайди.
— Лекин Россия ва Эрон Америкага қарши дўстлашишган. Уларнинг умумий душмани битта.
— Улар Америкага қарши қандай дўстлашишлари мумкин? Шунчаки, Эронда аллақачон ҳокимиятдаги айрим арбоблар Ғарб ва АҚШ билан конструктив мулоқот ўрнатайлик, дея шама қила бошлаганди. Бунинг учун улар ён беришдан ташқари яна қаранглар, бўлмаса Россия билан иттифоқчилик қиламиз, деб кўрсатишлари ҳам керак бўлади. Улар Россиядан даладаги қўриқчи сифатида фойдаланишмоқда.
— Барибир Россия билан дўстлик Эрондаги вазиятга таъсир ўтказиши мумкинми?
— Ҳеч қанақа таъсир ўтказмайди. Россия ҳеч қандай жиддий қуролни Эронга бермайди. Агар берса ҳам, Исроил самолёти битта зарбада парчалаб ташлайдиган С-400 каби қурилмалар бўлади. Россия Эронга яна нима бериши мумкин?
— Балки Эронга жуда етишмаётган ядровий технологиялар бўлса-чи?
— Бунга шубҳам бор. Эронда уранни бойитиш эмас, атом бомбаси томон ҳаракатни англатувчи бирорта объект пайдо бўлса, унинг бошига ҳам Ироқ ва Суриядаги ядровий объектлар куни тушади. Аниқ ишонаманки, Исроил томонидан зудтар ҳужумдан қочиб қутила олишмайди.
— Балки Эрон 5 ноябрда — АҚШда сайловлар ўтиб олганидан сўнг Исроилга жавоб зарбаси беришга жазм қила оладими?
— Фикримча, йўқ. Ҳозир Эронда пропаганда йўрқномаси ишга тушган — бирор жиддий талафот етмаганини кўрсатиш. Бунинг учун можаро тугади даб ҳисоблаш керак: ортиқ бундай зарбалар билан алмашмайлик, деб. Эронга можаро авж олиши мутлақо керак эмас.
— Исроил ҳам катта урушни истамаётганини кўрсатиб бўлди.
— Мутлақо тўғри. Улар Исроил тинчгина яшаши учун дунёга оятуллоҳлар режими попугини пасайтириб қўйишни таклиф этишмоқда. Агар Эрон Исроилни Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» орқали қийнашни бас қилса, Исроил тинчиши мумкин. Улар қачонлардир, шоҳ даврларида Эрон билан тотув яшаш мумкинлигини кўрсатиб бўлишган.
— Ахир у пайтлар Исроил ва Эрон иттифоқчи бўлишган-ку, бугун бу қанчалик ғалати эшитилмасин?
— Албатта. Улар биргаликда Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш учун жуда кўп ишлашган.
— Эрон ўзининг энг фаол проксиларидан мосуво бўлса, Исроил учун нақадар хавфли бўлиб қолади?
— Фикримча, у қадар хавфли бўлмай қолади. Ҳаммаси Ислом республикаси режими кучсизлашаётганига қараб кетмоқда. Олий бош раҳнамо атрофидаги калласи ишлайдиган инсонлар ҳам буни билиб, тушуниб туришгандир. Олий бош раҳнамо ҳали кўп аҳмоқгарчиликларни қилмоқда, лекин у аниқ кучсизлашиб бормоқда. Оятуллоҳлар секин-аста мамлакатдаги вазият устидан назоратни йўқотмоқда.
— Мухолифат бўғилган, режимнинг ҳамма ишлари жойида бўлса, нега бундай бўлмоқда? Нега у кучсизланиши керак?
— Эронда шариат ва бошқа нарсаларни истамайдиган ўқиган синф барибир аҳолининг бошқа қисмига мафкуравий таъсир ўтказади. Бундан ташқари, эронликлар бир пайтлар Ҳумайний чорлаган нарсаларнинг барчаси амалга ошган қўшни Афғонистонни кўриб туришибди. У ҳам Эронда шахмат, мусиқа ва ашулани тақиқламоқчи бўлган. Афғонистонда бу ишлар амалга ошди. У ерда аёллар — уй ҳайвони даражасида. Эронликлар «тўлақонли» ислом шароитида Афғонистондагилар қандай яшаётганини кўриб туришибди ва бундан қочишга ҳаракат қилишади.
Энг асосийси, Эронда қаршиликнинг алоҳида кучи борлигини унутмаслик керак. Бу қадимий маданият, ўтмишда 25 асрлик буюк цивилизация ворислари. Араблар бир пайтлар қадами етган жойда исломни тарқатишганида ҳам Эрон билан бу осон кечмаган. Биринчидан, Эронда исломнинг кўриниши ҳам ўзига хос бўлиб чиқди — шиа мазҳаби. Иккинчидан, форслар мисрликлар каби араб тилини қабул қилишмади. Улар араб бўлиш учун Мисрнинг буюк тарихидан, цивилизациясидан воз кечишди. Эронликлар эса ҳеч қачон араб бўлишмайди, бу мутлақо иложсиз. Маданият ва цивилизация — эртами-кечми ўзини кўрсатади.
— Қай тарзда кўрсатади?
— Бу Уйғонишнинг қандайдир варианти сифатида юзага чиқиши мумкин. Ҳаттоки замонавийроқ оятуллоҳлар отилиб чиқиши мумкин. Инқилоб чоғида муллалар ўртасида жуда катта таъсир кучига ва у ёки бу даражада либерал кўзқарашларга эга оятуллоҳлар бўлган.
— Шартли Эрон Горбачёви керак бўлар экан-да?
— Жуда шартли. Мен ўзгаришлар Эроннинг «ичидан» бошланиши мумкин ёки йўқлигини билмайман. У ердаги «лочин»ларнинг барчасида куч-қудрат жуда катта. Лекин норозилик вақти-вақти билан оятуллоҳлар ўртасида ҳам юз бериб туради. Хориждаги мухолифат уларнинг айтган гапларини режим манзилига эътироз сифатида тарқатади ва Эронда нимадир пишиб етиляпти, деган тус беради. Лекин ҳозирча «лочин»лар жуда кучли.
Мавзуга оид
21:37 / 31.10.2024
Германияда Эроннинг барча бош консулликлари ёпилади
15:50 / 31.10.2024
Германия канцлери Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «вазиятни кескинлаштирмасликка» чақирди
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
21:21 / 30.10.2024