Ҳиндистон фармацевтика компанияси Россияга Америка чипларини етказиб бераётгани маълум бўлди
Апрел—август ойлари давомида Shreya Россияга Dell Technologies компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 300 миллион долларлик 1111 та суперзамонавий PowerEdge XE9680 серверларини экспорт қилган.
Хитой ва Ҳонконг ғарб микросхемаларининг Россияга етказилишида асосий воситачига айланди. Аммо охирги йилда тақиқланган технологиялар импорти Ҳиндистон орқали ҳам амалга оширилмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, ушбу давлат Хитойдан кейинги иккинчи ўринни эгалламоқда.
Бундан ташқари, Ҳиндистон суперзамонавий эҳтиёт қисмларни етказиб беришни йўлга қўйишга муваффақ бўлган. Савдо операцияларини кузатиб борадиган ImportGenius ва NBD компаниялари маълумотларини таҳлил қилган Bloombergʼнинг ёзишича, бу билан 1995 йилда Россияга фармацевтика маҳсулотларини етказиб берган Shreya компанияси шуғулланмоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, жорий йилнинг апрел—август ойлари давомида Shreya Россияга АҚШнинг Dell Technologies компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 300 миллион долларлик 1111 та суперзамонавий PowerEdge XE9680 серверларини экспорт қилган. Уларга сунъий интеллект билан ишлашга мўлжалланган Nvidia ёки Advanced Micro Devices процессорлари ўрнатилган.
Июл ойида Америка технологик компаниясининг маҳаллий бўлинмаси — Dell India бу йилги энг катта етказиб беришни амалга оширган — 738 та сервер. Августда эса Shreya Россияга 385 та серверни юборган — бу энг йирик экспорт партияси ҳисобланади. Ускуналарнинг ўзи асосан Dell International Services India Private Ltd. буюртмасига асосан Малайзиядан олиб келинади. Bloombergʼнинг қайд этишича, ўтган давр мобайнида у ердан 834 та PowerEdge XE9680 сервер олиб келинган ва улар Россияга жўнатилган.
«Таъкидланишича, санкция остидаги товарларнинг Ҳиндистон орқали экспорти 2023 йил декабридан бошлаб ўсиши кузатилмоқда», — дейди ЕИнинг санкциялар бўйича бош вакили Девид О’Салливан. Журналистлар учун ўтказилган брифингда у мазкур ҳолатни Ҳиндистон сиёсати билан эмас, балки «кўп миқдорда тўпланиб қолган рупий» билан изоҳлади.
Россия нефт етказиб бергани учун ҳинд компанияларидан пул олишда қийинчиликларга дуч келмоқда; чунки рупий — конвертация қилинмайдиган валюта бўлиб, пуллар Ҳиндистон банклари ҳисобрақамларида қолади. Икки томонлама савдодаги номутаносиблик жуда катта: 2023 йилда Россия Ҳиндистондан 5 миллиард долларлик товар харид қилган бўлса, 67 миллиард долларлик маҳсулот сотган — асосан хомашё. Шу боис қўлга киритиглан рупийлар билан тўлаш мумкин бўлган товарлар миқдори кўп эмас.
Вазиятдан хабардор манбанинг таъкидлашича, ғарб давлатлари Ҳиндистон Россияга қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган маҳсулотларни харид қилаётганидан норози, шу боисдан охирги ойларда АҚШ ва ЕИ амалдорлари мамлакатга ташриф буюрган ва ҳинд ҳукуматини бундай ҳаракатларга нисбатан чора кўришга чақирган.
Shreya’нинг асосий бизнеси — фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш. Савдо маълумотларига кўра, 2022 йил январдан 2024 йил августга қадар у Россияга бу турдаги товарлардан 22 миллион долларлик сотган.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024