Жаҳон | 18:37 / 29.10.2024
5132
3 дақиқада ўқилади

Олимлар газ плиталаридан фойдаланиш ва бевақт ўлим ўртасидаги боғлиқликни маълум қилди

Bloomberg маълумотларига кўра, газ плиталари Европада йилига 40 минг кишининг ўлимига ҳисса қўшади.

Фото: AFP

Испаниядаги Жауме I университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирда Европа уй хўжаликларининг учдан бир қисми газ плиталаридан фойдаланмоқда. Бироқ бундай плиталар ишлатилганда азот диоксиди ва қаттиқ заррачалар ажралиб чиқади, оқибатда респиратор касалликлари юзага келиб, эрта ўлимга сабаб бўлади. Бундан ташқари, газ плиталари карбонат ангидрид каби иссиқхона газларини чиқаради, бу эса иқлим ўзгаришига олиб келади.

Олимларнинг таъкидлашича, табиий газ Европа минтақасидаги уйларни иситиш учун ҳам кенг қўлланади. Умуман олганда, Европа Иттифоқидаги умумий иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 25 фоизи уй хўжаликларига тўғри келади.

“Жамоат соғлиғини сақлаш нуқтаи назаридан газ плиталари заҳарли”, — деди Bloomberg тадқиқотининг етакчи муаллифи Хуана Мария Делгадо-Саборит. Унинг сўзларига кўра, газ плиталари туфайли эрта ўлим муаммоси “биз ўйлагандан кўра анча ёмонроқ”.

Тадқиқот нотижорат Европа иқлим жамғармаси томонидан молиялаштирилган.

Олимларнинг маълумотларига кўра, уйларининг зарарли зарралар билан ифлосланишига оид энг жиддий муаммолар газдан юқори даражада фойдаланадиган Буюк Британия, Руминия, Полша ва Италия каби мамлакатларда кузатилмоқда.

“Ушбу тадқиқот қарор қабул қилувчи шахслар учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак, чунки у газ плиталарининг инсонлар саломатлигига кўрсатадиган таъсирини аниқ қилиб тасвирлайди”, — деб таъкидлади Бирмингем университети атмосфера фанлари профессори Кристиан Пфранг Bloomberg билан суҳбатда.

Турар жой биноларида ўрнатилган газ плиталари астма ва бошқа соғлиқ муаммоларига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида Bloomberg ўтган йили ҳам экспертлар ва илмий тадқиқотларга асосланиб хабар берганди. Хусусан, 2013 йилда ўтказилган жамоат соғлиги тадқиқоти натижаларига кўра, турар жой биноларида овқат тайёрлаш учун газдан фойдаланиш вақтинчалик астма пайдо бўлиш хавфини 42 фоизга, бутун умр давомида сурункали астма пайдо бўлиш хавфини эса 24 фоизга оширган.

Мавзуга оид