Жаҳон | 15:30 / 29.10.2024
2512
3 дақиқада ўқилади

РФ Мудофаа вазирлиги алоқа бошқармаси собиқ бошлиғи пора учун ҳибсга олинди

Александр Оглоблинга нисбатан 10 миллион рубл пора олгани учун иш очилди. Аввалроқ генерал-майор Бош штаб бошлиғи ўринбосарига қарши кўрсатма берган эди.

Александр Оглоблин Фото: Игорь Иванко / Коммерсантъ

Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) Бош ҳарбий тергов бошқармаси Россия Қуролли кучлари алоқа бош бошқармаси 1-бошқармаси собиқ бошлиғи, генерал-майор Александр Оглоблинга нисбатан жиноий иш қўзғатди. У давлат мудофаа топшириғини бажариш чоғида ўта йирик миқдорда пора олганликда айбланмоқда, деб хабар берди Тергов қўмитаси 28 октябр, душанба куни.

Тергов маълумотларига кўра, 2016-2021 йилларда Оглоблин Пермдаги "Телта" телефон заводи вакилларидан 10 миллион рублдан ортиқ маблағ олган. Ушбу пул учун генерал-майор Россия Мудофаа вазирлиги учун алоқа воситаларини етказиб бериш бўйича "бир неча миллионлик" давлат мудофаа буюртмасини бажаришда "умумий ҳомийлик"ни ваъда қилган.

Москванинг 235-гарнизон ҳарбий суди Оглоблинни тергов изолятори (ТИЗО)га юборди.

Россияда генерал-майор Мўминжонов 2 ноябргача ҳибсга олинди

Москвадаги 235-гарнизон ҳарбий суди пора олишда гумон қилинган Ленинград ҳарбий округи қўмондони ўринбосари Валерий Мўминжоновни тергов талабини қаноатлантириб, ҳибсга олди. ТАСС мухбирининг 3 сентябр куни суд залидан хабар беришича, генерал-майорни 2 ноябрга қадар ҳибсда сақлаш тўғрисидаги суд қарори ҳали кучга киргани йўқ ва ҳимоя томони бу ҳақда апелляция бериш ниятида.

Мўминжонованинг адвокати ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилишда унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини қўллашни сўради. Ленинград ҳарбий округи қўмондони ўринбосарининг ўзи айбини тан олмади.

Мўминжоновнинг ҳибсга олингани бир кун аввал маълум бўлди, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси унга нисбатан жуда катта миқдорда пора олгани учун жиноий иш қўзғатилганини билдирди. Тергов маълумотларига кўра, у Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг ресурслар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган ва Россия армиясини кийим-кечак билан таъминлаш учун жавобгар бўлганида 20 миллион рублдан ортиқ миқдорда пора олган. Валерий Мўминжонов, Тергов қўмитасининг маълумотларига кўра, Мудофаа вазирлиги манфаатларини кўзлаб, шу жумладан Россия Федерацияси ҳарбий амалиётлари зонасида кийим-кечак етказиб бериш бўйича тижорат компаниялари билан 1,5 миллиард рублдан ортиқ шартномалар тузишга «кўмаклашган». 

«Тергов давомида Мўминжонов ва унинг оила аъзолари Москва ва Воронеж шаҳарларида қиймати 120 миллион рублдан ортиқ бўлган кўплаб кўчмас мулк объектларига эга экани аниқланди, уларни сотиб олишнинг қонунийлиги текширилмоқда», — дейилади РФ Тергов қўмитаси хабарида.

Мавзуга оид