Жаҳон | 13:40 / 30.10.2024
3935
9 дақиқада ўқилади

Байт Лаҳияга ракета ҳужуми, «Ҳизбуллоҳ»нинг янги етакчиси ва АҚШни кўндира олмаётган Зеленский — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазода бир зарба билан юзга яқин инсонни ҳалок қилди. 29 октябр куни Исроил Ғазо шимолидаги Байт Лаҳия турар жой мавзесига ҳужум қилган.

Аввалига қурбонлар сони 55 нафар экани маълум қилинган эди, бироқ Фаластин фуқаролик мудофааси хизмати камида 93 нафар тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани, ўнлаб инсонлар яраланганини маълум қилди. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, ярадорлар вайроналар остида қолмоқда.

Тиббий хизматчиларнинг айтишича, ўлдирилганлар орасида болалар 20 нафарни ташкил этмоқда. Исроил ҳужум қилган бинода 200 дан зиёд киши истиқомат қилиб келган. Ўнлаб одамлар бедарак йўқолган ҳисобланмоқда.

Ярадорларнинг кўпчилиги Жабалия қочқинлар лагеридаги Камол Адван шифохонасига етказилган. Бироқ шифохона персонал борасида катта қийинчиликларга дучор бўлиб турибди. Уларнинг тиббий анжомлари тугаган, икки нафар педиатр мавжуд. Бирорта жарроҳ йўқ.

Чунки бир неча кун аввал Исроил аскарлари ўнлаб тиббий ходимларни олиб қочиб кетишган. Шифохона директори Ҳуссам Абу Сафиянинг айтишича, исроилликлар жарроҳларнинг барчасини олиб чиқиб кетишган, мураккаб операцияларни ўтказа оладиган одам қолмаган.

«Ҳизбуллоҳ»нинг янги раҳбари

«Ҳизбуллоҳ» бош котибининг ўринбосари шайх Наим Қосим сешанба куни Ливаннинг қуролланган ҳаракатининг янги раҳбари этиб сайланди. У кейинги 30 йил ичида ташкилотда юқори лавозимларда ишлаб келган.

8 октябр кунги мурожаатида Наим Қосим «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил ўртасидаги можаро «ким биринчи бўлиб йиғлайдиган» уруш эканини айтиб, «Ҳизбуллоҳ» биринчи йиғламаслигини таъкидлаган эди. У Ливан парламенти спикери Набиҳ Беррининг оташкесим борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллашини ҳам билдирган.

Бу мурожаат Исроил Ҳошим Сафиуддинни ўлдирганидан бир неча кун ўтиб, ташкилот бош котиби Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан 11 кун ўтиб эфирга узатилган эди.

Наим Қосим 1991 йилдаёқ «Ҳизбуллоҳ»нинг ўша вақтдаги бош котиби Аббос ал-Мусовий томонидан ўринбосар этиб тайинланган. У кейинги йили Исроил ҳужуми натижасида ўлдирилган. У Ҳасан Насруллоҳ даврида ҳам лавозимини сақлаб қолган ва «Ҳизбуллоҳ»нинг етакчи сўзчиси бўлиб келган.

UNRWA'га қарши Исроил

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA'нинг фаолиятини тақиқлаш бўйича Исроил қонуни БМТ Низомига зид экани боис катта резонанс ва айбловлар келтириб чиқармоқда.

Исроил қўллаётган чоралар 5,9 млн фаластинлик қочқинлар учун жиддий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. UNRWA уларга таълим, тиббий хизмат, озиқ-овқат таъминоти каби ҳаётий зарур хизматлар кўрсатиб келади.

Исроил парламенти шу кунларда UNRWA'нинг Исроил ва оккупация қилинган Фаластин ерларида фаолиятини тақиқловчи иккита қонунни қабул қилди. Натижада UNRWA халқаро ҳуқуқ билан кафолатланган имтиёзлар ва иммунитетдан айрилиши мумкин. Бу қарор Исроилнинг халқаро ҳамкорларининг бундай қилмаслик тўғрисидаги чақириқларига қарамасдан қабул қилинган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилни халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилишга чақирди.

Қабул қилинган қонунлар Исроилни БМТ ва Бош Ассамблея аъзолигидан маҳрум этиш масаласини ҳам кўтармоқда. Кнессетда овоз беришдан аввал ташқи ишлар вазирлиги вакиллари бу қонунлар Исроилнинг БМТдан четлатилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

Ҳеч бир давлат шу пайтгача БМТдан четлатилмаган. Бундай қарор БМТ Хавфсизлик Кенгашида овоз олиши керак. Исроил билан боғлиқ ҳолатда АҚШ ва бошқа иттифоқчилар қарорга вето қўйиши аниқ.

Бироқ, Бош Ассамблеядан четлатиш ҳолати рўй берган. 1974 йилнинг 12 ноябрида Бош Ассамблеяда апертеид сиёсати учун Жанубий Африка Республикаси Бош Ассамблеядан четлатилиши тўғрисида овоз берилган. Овоз бериш жараёни АҚШ, Буюк Британия ва бошқа ғарб ҳукуматларининг қаршилигига қарамасдан ўтказилган. Бироқ бу ҳам ЖАРнинг БМТ аъзолигидан маҳрум этилишига олиб келмаган.

Нетаняҳуни ҳибсга олиш чўзилмоқда

Халқаро жиноят суди шу суднинг прокуратураси томонидан 20 майда Исроил етакчиларини ҳибсга олиш бўйича топширилган сўровни кўриб чиқишни яна беш ойга қолдиргани боис иккиюзламачиликда айбланиб, танқид қилинмоқда. Чунки Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш бўйича ордер бор-йўғи 24 кун ичида маъқулланган эди.

Шу йилнинг 20 май куни Халқаро жиноят судининг прокуратураси томонидан берилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш бўйича сўроқ Исроил ва унинг иттифоқчилари томонидан тизимли тўсиқларга дучор бўлмоқда.

ХЖС Украина билан боғлиқ ишларга тезкор муносабатда бўлган, бироқ Ғазо иши бўйича суриштирувлар бошлангач, бирорта ҳибс учун ордер чиқармаган, бу ҳаддан зиёд кечиктиришлар ва икки томонлама стандартлардан дарак беради.

Халқаро жиноят суди исроиллик мансабдорларни ҳибсга олиш учун ордер берилса АҚШ томонидан санкцияларга дучор бўлиши таҳдидига бот-бот дучор бўлмоқда.

Июн ойида Нидерландия ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг мамлакатдаги элчисини Халқаро жиноят суди ортидан жосуслик қилаётгани учун чақириб олган эди. Кейинроқ, октябр ойида Нидерландия прокуратураси Исроил разведкасининг юқори мартабали мулозимлари устидан суриштирувга аралашганлик учун жиноят иши очиш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.

АҚШнинг Украинага ёрдами

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг «ғалаба режаси» доирасида АҚШдан 2500 км масофага уча оладиган Tomahawk қанотли ракеталарни етказиб беришни илтимос қилган. Бу қуроллар «ноядровий тиювчи пакет» дея шартли аталган пункт доирасида талаб қилинган, деб ёзади The New York Times.

Tomahawk ракеталари 2500 км масофага уча олади, бу эса Украинада мавжуд ATACMS ракеталарининг масофасидан етти баробар кўп ҳамда Москва ва Санкт Петербург каби шаҳарларни нишонга олиш имконини беради.

Америка мулозимлари Зеленскийнинг таклифига ишонқирамай муносабатда бўлишган ва унинг нореаллигига ишора қилишган. Уларнинг қайд этишича, Украина сўнгги ойларда кўп муҳокама қилинган узоқ масофадаги объектларни нишонга олиш заруриятини ишонарли тарзда далиллай олмайган. Бундан ташқари, улар Россия ҳудудида йўқ қилиниши кўзда тутилган нишонлар сони етказиб берилиши мумкин бўлган ракеталар сонидан анча кўплигини айтишмоқда.

Зеленский сентябр ойида Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ президенти Жо байден Украинага ғарб ракеталари билан Россия ичкарисига зарба беришга рухсат бермаганидан умидсизликка тушган. Зеленский бу масалада АҚШнинг позицияси Patriot ракеталари ва F-16 самолётлари каби секин-аста ўзгаришидан умид қилган.

«Барча деталлар, нишонлар рўйхати, зарба бериш учун асосларни АҚШга тақдим этганмиз. Афсуски, ҳозирча сиёсий қарор йўқ», — деган нашрга Украина президенти офиси маслаҳатчиси Дмитро Литвин.

Economist нашрининг ёзишича, АҚШ ўз зиммасига жиддий таҳдидларни олмасдан, Украинага ортиқ ҳарбий ёрдам бера олмайди.

Туркия Республикасининг 101 йиллиги

Туркия кеча Республикага асос солинганлигининг 101 йиллигини нишонлади. Бу тарихий санага бағишланган умуммиллий байрам мамлакат бўйлаб катта тантана билан нишонланди.

Тадбирлар мамлакат пойтахти Анқара шаҳрида бошланди. Бу ерда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукуматнинг ва армиянинг асосий шахслари билан бирга Аниткабир мақбарасида республика асосчиси Мустафо Камол Отатуркка ҳурмат бажо келтиришди.

Эрдўған Туркия Отатуркнинг модернизация ва ривожланиш бўйича концепциясини давом эттиришга содиқ ва қатъиятли эканини таъкидлади.

Бу йил Республика кунига аталган тадбирларда миллатнинг тарихий йўлига ҳурмат кўрсатилди, шунингдек, Туркиянинг айниқса иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги замонавий ютуқлари ва интилишларига ҳам урғу берилди.

Эрдўған ўз чиқишида республиканинг бўлинмас принципларини мадҳ этиш билан бирга, Туркиянинг жаҳон майдонида кучли ва бардошли миллат бўлиб қолишини таъкидлади. 

Мавзуга оид