Жаҳон | 15:20 / 30.10.2024
6165
2 дақиқада ўқилади

УҚК генерали Марченко: Донбассдаги фронт «парчаланди»

Донецк областида фронтдаги вазият ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва одамлар етишмаслиги, шунингдек, «бошқарувнинг номутаносиблиги» туфайли мураккаблашди, деди украиналик генерал Дмитрий Марченко.

Фото: GENYA SAVILOV / AFP

Украина қуролли кучлари Селидово шаҳрини деярли эгаллаб олган рус қўшинлари олдинга силжиши фонида Донецк областида ўз позицияларини йўқотишда давом этмоқда. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари генерал-майори Дмитрий Марченко Олий раданинг собиқ депутати Борислав Береза билан видео интервюсида маълум қилди. Унинг сўзларини 29 октябр, сешанба куни Украина ОАВ келтирди.

«Барчамиз биламиз, агар фронтимиз парчаланиб кетяпти, десам, ҳарбий сирни ошкор этмаган бўламан. Афсуски, россияликлар аллақачон Селидовога кириб борган. Ўйлайманки, яқин келажакда улар уни ўраб олишади ва бу уларга Покровскка тактик кириш имконини беради», — деди УҚКни Ривожлантириш ва моддий қўллаб-қувватлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлайдиган Марченко.

У фронтдаги бу ҳолатнинг учта сабабини айтиб ўтди: «Биринчидан, ўқ-дорилар, қурол-яроғлар етишмайди. Иккинчидан, одамлар йўқ, қўшимча кучлар йўқ. Одамлар жуда чарчаган, улар фронтда позицияларини ушлаб тура олишмаяпти. Учинчидан, бу бошқарувдаги номутаносиблик». «Ҳозир бўлаётган нарса бўйича мен айтмоқчиманки, бундай бўлмаслиги керак», — дея хулоса қилди Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошидан 2022 йил 6 апрелгача Миколайив шаҳри мудофаасига муваффақиятли раҳбарлик қилган генерал-майор.

Россия армияси Донецк областидаги Горняк шаҳрини эгаллади

Россия қўшинлари Донецк области Покровский районидаги Горняк шаҳрини назоратга олди. Бу ҳақда Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси 28 октябр куни ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Оммага очиқ фотосуратлар ва видеолардан фойдаланган ҳолда фронтдаги вазиятни кузатувчи лойиҳа харитасига кўра, руслар Селидово, Богоявленка, Новоукраинка аҳоли пунктларида, шунингдек, Шахтерское ва Новоалексеевка яқинида ҳам олдинга силжишган.

Бир кеча олдин DeepState россиялик ҳарбийлар Селидовода шаҳар кенгаши биносини эгаллаб олгани ҳақида хабар берган эди. Расмийлар шаҳарда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Мавзуга оид