Жаҳон | 11:10 / 31.10.2024
1459
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия мудофаа вазирининг беш ўринбосарига қарши санкциялар киритди

Умуман олганда, АҚШ санкциялари рўйхатида 32 киши ва 360 дан ортиқ компания бор. Қора рўйхатга, жумладан, Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари ўринбосари Анна Цивилева, Павел Фрадков ва Александр Фомин ҳам киритилган.

Фото: AFP/Scanpix/LETA

Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли Россияга қарши киритилган санкцияларни кенгайтирди. 30 октябр, чоршанба куни АҚШ Молия вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган хабарга кўра, чекловлар 32 жисмоний шахс ва 360 дан ортиқ компанияларга тегишли.

Россия мудофаа вазирининг беш ўринбосари қора рўйхатга киритилди: Анна Цивилева, Александр Фомин, Павел Фрадков, Виктор Горемикин ва Андрей Булига. Рўйхатда жами 32 киши бор – Россия, Беларус, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Швейцария ва Чили фуқаролари.

АҚШ Молия вазирлиги: Ҳарбий сектор билан боғлиқ шахсларга қарши чоралар

Рўйхатга юридик шахслар ҳам киради, улар орасида шиналар ишлаб чиқарувчи "Кордиант" (октябр ойи бошида миллиардер Алексей Мордашовнинг "Севергрупп"и томонидан сотиб олинган), "Беспилотные технологии Мордовии", "Арсенал" илмий-техника маркази, Коломна заводи, "Русская лаборатория воздушного транспорта", Москва авиация институти (МАИ) ), "Росатом" давлат компаниясининг "шуъба корхоналари" — "Росатом Цифровые решения" ва "Росатом микроэлектроника".

"Қўшма Штатлар бугунги кунда 400 га яқин ташкилот ва шахсга нисбатан санкциялар киритмоқда. Бу қарор Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари учун муҳим бўлган бир неча соҳаларни нишонга олади", деди давлат котиби Энтони Блинкен. У гап, хусусан, Россиянинг мудофаа ва энергетика соҳалари ҳақида кетаётганини тушунтирди.

АҚШ молия вазирлиги баёнотида қайд этилишича, санкциялар Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва товарлар етказиб берувчиларга қаратилган бўлиб, аввалроқ киритилган чекловчи чораларни четлаб ўтишни қийинлаштиришга йўналтирилган. "Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россияга Украинага қарши уруш учун зарур бўлган муҳим воситалар ва технологиялар оқимини тўхтатиш учун бутун дунё бўйлаб қатъий чоралар кўришда давом этмоқда", деди молия вазири биринчи ўринбосари Уолли Адейемо.

Мавзуга оид