Тепаликка қўлбола лифтда, балиқ овига қайиқда: қоражийдалик 90 ёшли отахон ҳикояси
Тожиали ота чорбоғига ёғочдан лифт ясаган. Баҳаво тепаликка лифтда кўтарилиб ошна-оғайнилари билан суҳбат қуради. Қайиқда сузиб балиқ овлайди, асалари, узум парваришлаб яхшигина даромад олади. “Инсон доим ҳаракатда бўлиши, ҳаётдан завқланишни билиши керак”, – дейди анчагина тетик отахон.
Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани Қоражийда қишлоғида яшовчи Тожиали ота Нортожиев билан суҳбатлашсангиз дилингиз яйрайди. Отахон лифтни нима мақсадда ясагани, кичиккина балиқчилик кўли, асалари ҳақида сўзлаб берди.
“Мана шу ҳовузни 20 йил аввал балиқ боқиш мақсадида қазиганман. Ҳар йили балиқ кўпайтириш учун уруғ ташлайман. Куз ойларида тайёр бўлиб етилган балиқларга қармоқ ёки тўр ташлаб тутиб қариндошларга, маҳаллага савоб учун тарқатамиз.
Балиқ овлаётган одам бор диққатини бир ишга қаратиб фақат шу билан машғул бўлар экан. Бошқа дунё машғулотларини унутиб фақат балиқ овлашга асосий эътиборини бераркан. Шунинг учун ҳам балиқ тутиш умрни узайтиради. Асабларининг тинчланишига олиб келади.
Ният қилганман, Худо хоҳласа 100 ёшга кирсам ҳам балиқ боқиш, асалари кўпайтириш билан шуғулланаман.
Асаларининг инсон соғлиғига катта фойдаси бор, ҳатто заҳри ҳам шифо одамзодга. Ибн Сино бобомизнинг тайёрлаган кўп дорилари таркибида асал бор. Асалари боқиш ҳам кунлик юмушим. Улардан олинган асални савдо учун ишлатмаймиз, тижорат билан шуғулланмаймиз. Асални йўқсил оилаларга ҳам хайрия қиламиз.
Аллоҳ қувватимизни бериб турса ҳар куни кўлга келиб балиқларни овқатлантириб тураман. Боғимизда 3-4 хил узум навлари бор. Ризққа яраша ҳар йили ҳосил бериб турибди. Бу узумларни 13-14 йил аввал экканман ва яқинда бошқа хил навларни ҳам олиб келиш ниятимиз бор.
Ҳар куни деҳқончилик, боғдорчилик, асаларига емиш бериш, балиқ боқиш-хуллас, ҳаракатим кўп бўлгани учун ҳам Аллоҳга шукур соғлиғимдан шу пайтгача муаммо бўлмаган. Меҳнатимнинг роҳатини кўриб анча қувонаман. Аслида тоғни талқон қилувчи ишларни бажармайман, лекин озгина меҳнатидан кичик бир натижани кўрсам ҳам роҳатланиб кетаман. Шундай қилиб яшаб юрибмиз Аллоҳга шукур.
Инсон дунёга келиб қилаётган ишидан завқ олиши, роҳатланиши керак. Ўзи умр қисқагина бўлса. Биз ҳам шу мақсадда у-бу қилишга, балиқ боқишга ҳаракат қилганмиз. Бу ишлар фақат завқ олиш учун аслида.
Боғ ичидаги лифтни ҳам ўзим ясаганман. Иккита лифтни қурганмиз: бири кексалар, болалар, болали аёллар тепаликка кўтарилиши учун, иккинчиси эса озиқ-овқат олиб чиқиш учун. Тепага чиққан меҳмонларга овқат етказишда бирор ким овқатдан куйиб қолмасин деган мақсадда ҳам қурилган. Бу ҳам юмушларни осонлаштириб берадиган нарса-да.
Беш қиз, уч ўғил отасиман. Набираларининг сони жуда кўп. Ҳаттоки икки набирам ҳам неваралик бўлган. Аллоҳга шукур, ҳар куни жисмоний меҳнат қиламан, бадантарбияни канда қилмайман.
Шу сабабли ҳам ёшим 90 га яқинлашаётган бўлса ҳам белимда қувватим бор”, – дейди отахон.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
13:44 / 01.05.2024
Фарғонада туман прокурори ўринбосари 2 минг доллар олаётганда ушланди
21:31 / 23.02.2024
Қўштепа туманига янги ҳоким тайинланди
10:13 / 26.11.2023
Фарғонада эҳсон қутисини ўғирлаб кетганлар қўлга олинди
15:37 / 30.09.2023