Ўзбекистон | 15:04 / 03.11.2024
2653
2 дақиқада ўқилади

Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди

Айбланувчи хотинига болтанинг тиғ қисми билан оғир жароҳатлар етказганига қарамасдан судда унга шартли ҳукм чиқарилган.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида хотинига оғир тан жароҳатлари етказган шахсга ҳукм чиқарилган. Бу ҳақда Бухоро судлари расмий Теlegram-каналида хабар берилмоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 16 апрел куни соат 20:00 ларда 1987 йил Ғиждувон тумани Оқработ қишлоғида туғилган шахс уйида турмуш ўртоғи билан тортишиб қолган ва болтанинг тиғ қисми билан хотинининг бош ва орқа бел соҳасига қасддан уриб, унга оғир шикаст етказган.

Суд айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 7-қисми “ж” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Бироқ айбланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланиб, шартли ҳукм қилинган ҳолда 2 йил синов муддати белгиланган.

Хабарда судя бунга асос қилиб жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, айбланувчи қилмишига пушаймонлигини, жабрланувчи билан ярашиб, вояга етмаган тўрт нафар фарзандини тарбиялаб келаётганини, оилада ягона боқувчилигини, қарамоғида қария касалманд онаси борлигини, Ғиждувон тумани “Оқработ” МФЙнинг кафолат хатини эътиборга олгани айтилади.

Мавзуга оид