Жаҳон | 21:40 / 04.11.2024
11655
15 дақиқада ўқилади

Трамп ниманинг эвазига ғолиб бўлиши мумкин? Ҳаррис-чи? Йилнинг асосий сайлови учун батафсил превю

Сўровлар номзодларнинг имкониятларини қанчалик тўғри баҳолайди? Ва овоз бериш натижаларини қайси штатлар белгилайди?

Paul Sancya / AP / Scanpix / LETA; Brian Snyder / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШда эртага президентлик сайловлари ўтказилади. «Медуза»нинг батафсил превюси — сайловчи делегатлар кимлиги, қандай штатлар иккиланувчи ҳисобланиши, нима учун Доналд Трамп ғалаба қозониши мумкинлиги, социологлар Камала Ҳарриснинг имкониятларини аслидагидан кам баҳолаётгани эҳтимоли ва ғолиб номи қачон маълум бўлиши ҳақида.

Овозлар қандай ҳисобланади ва ғолиб қандай аниқланади?

АҚШдаги президентлик сайловларида тўғридан тўғри овоз берилмайди. Ҳар бир штатда алоҳида овоз бериш жараёни ўтказилади ва шунчаки кўпчилик овоз мазкур штатдаги делегатлар кимни қўллашини белгилайди.

Сайловчи делегатлар сони штатлар учун конгрессдаги ўринлар сонига қараб тақсимланган: уларнинг сони жами 538 нафар, шундан 100 нафари 50 штат учун тенг тақсимланган, қолганлари эса аҳоли сонига мутаносиб тарзда бўлинган. Президентликка номзод ғалаба қозониши учун 270 делегат овози керак бўлади: улар 16 декабр куни овоз беришади, 6 январда эса натижалар парламентда тасдиқланади.

Ким фаворит?

Ҳозирда президентлик пойгасида фаворит йўқ. Математик моделлар номзодларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли бир хиллигини тахмин қилган.

Бундан ташқари, кўплаб поллстерлар (ижтимоий сўровномалар) Ҳаррис ва Трампни қўллаш даражасини шу қадар тенг баҳоламоқдаки, айрим таҳлилчилар социологларни нотўғри ишлашда айбламоқда: гўёки улар номзодлардан бирортаси устунлигини кўрсатувчи натижани эълон қилишдан қўрқиб, натижа тахминан дуранг ҳолга келгунича сўровни давом эттирган бўлиши мумкин — акс ҳолда сўров натижалари бундай даражада бир хиллашиши статистик жиҳатдан имконсиз.

Қайси штатлар ҳал қилади?

Кўпчилик штатларда азалдан партиялардан бирини танлаш анъанаси шаклланган. Масалан, Ню Йорк штати аҳолиси ўнлаб йиллардан буён президентлик сайловларида демократ номзодни қўллайди, Техас анчадан буён фақат республикачилар учун овоз беради. Ҳар сафарги сайлов тақдири бир неча «иккиланувчи» штатда ҳал бўлади.

Уларнинг рўйхати демографик ва сиёсий омиллар туфайли вақти-вақти билан ўзгариб туради. Бу сафар еттита ҳал қилувчи штат бор — уларни уч гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчиси, мамлакат жанубидаги Невада ва Аризона — уларда мос равишда 6 ва 11 нафардан сайловчи делегат бор. Аризона анча узоқ вақт республикачи «қизил» штат бўлган, аммо сўнгги 10 йил ичида кескин сўлга оғган ва 2020 йил бу ерда Жо Байден ғалаба қозонган. Невада азалдан сўлроқ, аммо сўнгги ўн йилликларда штатдаги овоз бериш натижалари мамлакатнинг умумий натижаларига мос келади: маҳаллий аҳоли демократларни қўллаган йили демократ номзод, республикачиларни қўллаганида республикачи номзод президентликка сайланган.

Иккала штатда ҳам лотин америкаликлар улуши ортиб бормоқда — ҳозирда улар жами сайловчиларнинг 30 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, Мексика билан чегарага яқинлиги Невада ва Аризона аҳолиси учун ноқонуний миграция масаласини биринчи ўринга олиб чиқади, шу туфайли улар бу сафар ўнглар томон силжиши мумкин. Катта эҳтимол билан, барча «иккиланувчи» штатлар орасида Аризона — Доналд Трамп учун энг қулайидир.

АҚШ жануби-шарқида яна иккита ҳал қилувчи штат — Шимолий Каролина ва Жоржия жойлашган, уларнинг ҳар бирида 16 нафардан сайловчи делегат бор. Бу бир вақтнинг ўзида энг диндор ва консерватив америкаликлар яшовчи Библия камарининг ҳамда энг кўп афроамерикаликлар яшовчи Қуёш камарининг бир қисми ҳисобланадиган минтақадир. Қолаверса, мазкур штатларда урбанизация (шаҳарлашиш) рўй бермоқда — шу туфайли сўнгги сайловларда улар сўллар томон оғган.

Шимолий Каролина 1980 йилдан буён фақат бир марта демократ номзодни қўллаган (2008 йилда Барак Обамани), Жоржияда эса Обама икки сафар ҳам ютқазган, лекин 2020 йилда Байден ғолиб чиққан — бу сафар эса сўровлар икки номзоднинг имкониятларини тенг кўрсатмоқда.

Пенсилваниянинг энг йирик иккинчи шаҳри Питтсбур маркази. Фото: Евгений Фелдман

Ниҳоят, мамлакат шимолида Занг минтақаси штатлари — Пенсилвания, Мичиган ва Висконсин жойлашган. Уларда мос равишда 19, 15 ва 10 нафардан сайловчи делегатлар мавжуд. Бу штатларнинг аксар аҳолиси оқ танлилар ва авваллари уларнинг иқтисодиёти ишлаб чиқариш секторига асосланганди. Демократлар касаба-уюшмалар ҳаракатини қўллаб-қувватлаган, мазкур штатлардаги ишчилар демократларни қўллаган — мамлакатнинг бу қисмини ҳатто «кўк девор» деб аташарди.

Аммо XX аср охирида пўлат саноати таназзулга юз тутди, харажатларни қисқартириш мақсадида ишлаб чиқариш АҚШдан бошқа мамлакатларга кўчирилди. Минтақа оғир инқирозга юз тутди.

2016 йилда бу уч штатда кичик фарқ билан Трамп ғалаба қозонади — 14 миллион бюллетен ҳисоблаб чиқилганида республикачилар номзоди 78 мингта кўпроқ овоз олгани ойдинлашади. Айнан Занг минтақаси унинг президентлигини таъминлаганди, аммо 2020 йилда Пенсилвания, Мичиган ва Висконсин Байден учун овоз беради. Агар Камала Ҳаррис ўз партиядоши ғолиб чиққан «иккиланувчи» штатларда муваффақиятни такрорлай олса, Занг минтақасидаги ғолиблик унга зарур 270 делегат овозини кафолатлайди.

Трамп ниманинг ҳисобига ғолиб бўлиши мумкин?

Сайловчилар Трампнинг президентлигини жуда муваффақиятли бўлган (пандемия ва у туфайли рўй берган инқирозга қарамай) деб эслашади. Ва аксинча, Байденни инфляция ўсгани ва миграция инқирози учун айблашади, бу норозилик Ҳаррисга мерос бўлиб ўтмоқда. Трампнинг миллионлаб ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилишдан тортиб даромад солиғини бутунлай бекор қилишгача бўлган популистик ваъдалари — етарлича машҳурликка эришган. Демократларни ташқи қарз ўсиши ёки инфляция учун танқид қилаётган сайловчилар унинг бу таклифларини амалга ошириш қанчалик қимматга тушиши мумкинлигини ўйламайдилар.

Бундан ташқари, Трамп унинг ҳар қандай ҳаракатини оқлайдиган тарафдорларининг эҳтиросли фидойилигидан фойдаланмоқда. Ҳатто унинг партиядошларидан учдан икки қисми «мигрантлар миллат қонини заҳарламоқда» деган гапларини маъқуллайди. Июл ойидаги суиқасд эса унга олдин танқидий кўз билан қараганларда ҳам симпатия уйғотган.

Ниҳоят, Ҳаррисда кампания учун фақат уч ой бўлди — ҳа, бошланишида унинг рейтинги тезлик билан ўсди, аммо эффект абадий давом эта олмасди, замонавий сайловлар эса узоқ муддатли машаққатли меҳнатни талаб қилади. Демократларнинг иккинчи номзодида ноқулай саволларга жавоб бериш учун праймеризнинг узоқ ойлари бўлмади, унинг штаби эса жамоадан Байден ёллаган одамларни чиқариб ташлади. Катта ташкилотнинг икки қисми одатда ўзаро зиддиятга киришади. 2019 йилги муваффақиятсиз кампанияда шундай ички келишмовчилик туфайли Ҳаррис мунтазам равишда позициясини ўзгартирган ва биринчи штатда овоз бериш бошланишигача демократлар праймеризидан чиққанди.

Қолаверса, консерватор сайловчиларнинг бир қисмини ўзига жалб қилиб турган «учинчи» номзод — кичик Роберт Кеннеди — республикачилар фойдасига пойгани тарк этди. Радикал сўллар Жилл Стайн ва Корнелл Уэст эса бир неча «иккиланувчи» штатларда бюллетенга киритилган ва улар Ҳарриснинг овозларини ўғирлаши мумкин.

Сўровлар Трампга етарлича баҳо бермаган бўлиши мумкинми?

Трампнинг тарафдорлари социологларга ўз қарашлари ҳақида ҳақиқатни айтишдан уялиши ҳақида кенг тарқалган назария фактларга асосланмаган. Аммо, улар поллстерларнинг қўнғироқларига умуман жавоб беришни истамасликлари туфайли маълумотлар бузилган бўлиши мумкин.

Трамп рейтинги «Брэдли эффекти» туфайли пастроқ кўринаётган бўлиши мумкин, бу атама 1982 йилда Калифорния губернаторлиги учун номзодини қўйган афроамерикалик Том Брэдли билан боғлиқ. У сўровларга кўра олдинда борган, аммо якунда катта фарқ билан ютқазган — ва кейинроқ таҳлилчилар буни сайловчилар сиёсий ҳушёрлик қилишгани ва социологларга жавобларида қора танли номзодга овоз беришни истамаслигини тан олмагани билан изоҳлашган. Поллстерлар 2016 йил Ҳиллари Клинтоннинг имкониятларини юқори баҳолагани — ва 2024 йил Трампнинг рейтингини паст баҳолаётгани ҳам шу билан тушунтирилиши мумкин.

Бундан ташқари, республикачилар узоқ йиллардан буён илк бор рўйхатдан ўтган тарафдорлари сони бўйича демократларга яқинлашди. Шунингдек, социологлар афроамерикаликлар ва лотинамерикаликларнинг республикачилар томон эҳтимолий «оқими»ни яширган бўлиши мумкин.

 Доналд Трамп ва Камала Ҳарриснинг дебати Вашингтондаги Shawʼs Tavern ресторанида трансляция қилинмоқда, 2024 йил 10 сентябр
Alex Wong / Getty Images

Ҳаррис ниманинг эвазига ғолиб бўлиши мумкин?

Трамп ўтган сафарги сайловдаги мағлубиятидан кейин давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айбланган; май ойида суд уни ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича жиноий ишнинг 34 эпизодида айбдор деб топган; январда эса ҳакамлар ҳайъати уни зўравонлик ва туҳматда айблаган журналист аёлга товон тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Республикачи сайловчиларнинг ҳам бир қисми Трампдан чарчаган, Оқ уйда унинг қўли остида ишлаганларнинг кўпчилиги республикачилар партиясидан бу сафарги сайловда ҳам унинг номзоди кўрсатилишини танқид қилганди.

Ҳаррис сентябрдаги дебатларда катта фарқ билан ғолиб чиққанди. Унинг штаби Трампни маслаҳатчилари томонидан ёзилган радикал руҳдаги «Проект-2025» билан боғлай олганди — президент ҳокимиятини кескин кучайтириш ғояси сайловчилар томонидан илиқ қарши олинмайди. Радикал ёш сенатор, Трамп вице-президентликка номзод сифатида танлаган Жей Ди Вэнс ҳам республикачилар зарарига ишлади. Бошқа ултралоялистлар ҳам сувни лойқалатди: масалан, қизиқчи Тони Ҳинчклифф Ню Йоркдаги митингда пуэрторикаликларни ҳақоратлади: «иккиланувчи» штатларда эса келиб чиқишига кўра Американинг ушбу колониясига мансуб бўлган юз минглаб сайловчилар яшайди.

Консерваторлар учун асосий муаммо эса аборт тақиқи бўлиб қолмоқда. 2022 йилда Олий судга Трамп томонидан қўйилган уч нафар ҳакам ҳомиладорликни тиббий йўл билан тўхтатишга бўлган федерал ҳуқуқни бекор қилганди. Шундан буён ушбу масала референдумга қўйилган олти штатнинг барчасида тақиққа қарши бўлганлар катта фарқ билан устун келишди. Аризона ва Флорида штатларида эса аборт бўйича овоз бериш президентлик сайловлари билан бир вақтда ўтказилади — ва бу Ҳаррисга мазкур штатларда қўшимча овозлар олиб келади. Сўровларга кўра, демократларни қўллашга тайёр бўлган аёллар улуши бутун мамлакат бўйлаб ошган. Трамп ва бошқа республикачилар сўнгги ойларда тақиқ масаласида нисбатан юмшоқ позиция танлашга ҳаракат қилишди.

Ҳаррис фойдаси учун яна бир омил унинг штаби самарадорлиги бўлиши мумкин. У рекорд даражадаги қисқа муддатда миллиард долларлик хайрия йиғди (бу Трампнинг мавжуд бюджетидан анча каттароқ) ва минглаб кўнгиллиларни Пенсилвания ҳамда бошқа ҳал қилувчи штатларга уйма-уй юриб, ташвиқот қилиш учун юборди. Унинг популистик иқтисодий дастури ҳам қўшимча ёрдам бўлиши мумкин.

Трамп эса, аксинча, кампаниянинг сўнгги қисмида Ню Мехико ва Виржинияда митинглар ўтказишга кўп вақт сарфлади — ҳолбуки, бу штатлар азалдан демократларга овоз беради ва Ҳаррис буткул муваффақиятсизликка учраган тақдирдагина унга овоз бериши мумкин эди.

Сўровлар Ҳаррисга етарлича баҳо бермаган бўлиши мумкинми?

2 ноябр куни кечқурун Айовадан бўлган поллстер Энн Зелцер унинг фирмаси ўтказган сўровни эълон қилди: унга кўра, Ҳаррис 47 фоиз, Трамп — 44 фоиз овоз олган. Бу сўров эса умумий картинадан яққол ажралиб турибди. 2020 йилда Байден Айовада 8 фоиз фарқ билан ютқазган, қўшни, нисбатан либерал штатларда эса, деярли барча сўровлар Ҳаррис ва Трамп тахминан тенг кетаётганини кўрсатган. Аммо Зелцер оқ танли аҳоли мутлақ кўпчиликни ташкил этадиган ва шаҳарлашмаган штатида сўров ўтказишга ихтисослашган бўлиб, сўровларида деярли хатолик бўлмайди. 2008 йилда у ўтказган сўров Обама кутилмаганда демократлар праймеризида Клинтонни мағлуб этишини кўрсатган, 2016 йилда эса Зелцер Айова (ва атрофдаги ҳудудлар) ўнглар томонга кескин силжишини олдиндан кўрган камдан кам социологлардан бири бўлган.

Айова — катта штат эмас, аммо бу ердаги натижа Занг минтақасидаги учта қўшни «иккиланувчи» штатлардаги овоз бериш натижалари билан мутаносиб бўлади — ва ҳатто Трамп Зелцер башорат қилаётганининг фақат ярмини бой берса ҳам, бу Ҳаррис катта захира билан ғолиб бўлишини англатади. Ва агар Висконсин, Мичиган ва Пенсилваниядаги сўровлар социологларнинг журъатсизлиги туфайли дурангни кўрсатаётган бўлса ҳам, Канзас ва Небраскадаги айрим сўровлар сўллар томон силжишга ишора қилмоқда.

Агар бу рўй берса, асосий сабаб аёллар ўртасида демократларни қўллаб-қувватлаш кучайгани бўлади. Ва бу ўзгариш айрим оилаларда аёллар турмуш ўртоғига очиқчасига қарши чиқишдан қўрқиши туфайли социологлар эътиборидан четда қолган бўлиши мумкин. Ҳарриснинг салоҳиятли тарафдорларини жалб қилиш билан шуғулланаётган кўнгиллилари шу ҳақда ёзишган. Демократларни қўлловчи гуруҳлардан бири эса Жулия Робертс овозлаштирган реклама ролигини суратга олган.

Бундан ташқари, социологлар 2020 йилда Байден фойдасига қилган хатоларидан кейин ўз методларини ҳаддан ташқари ўзгартирган ва энди демократларнинг рейтингини етарлича баҳоламаётган бўлиши мумкин. 

Натижалар қачон маълум бўлади?

Сайловчи делегатлар ўз штатларидаги сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига кўра овоз бериши шарт бўлгани туфайли, иккиланувчи штатлардаги натижалардан кейин умумий натижа тушунарли бўлади.

2020 йилда пандемия туфайли овозларни ҳисоблаш шанбага қадар давом этганди: кўплаб штатларда муддатдан олдин овоз бериш ёки почта орқали овоз бериш илк бор йўлга қўйилган, давомат эса рекорд даражада бўлганди. Шундан буён ҳудудларнинг кўпчилиги овозларни ҳисоблаш усулларини жараённи тезлаштириш учун ўзгартиришди.

Шунга қарамай, айрим штатларда сайловчилар сайлов куни кечқурун почта орқали юборган бюллетенларни ҳам ҳисобга олади — бу эса уларни санаш 5 ноябрдан бир неча кун ўтганидан кейин бошланишини англатади. Пенсилваниядаги энг йирик округларидан биридаги сайлов кенгаши вакили «Медуза» сўровига жавобан штатда бюллетенларнинг асосий қисми жумага қадар санаб бўлиниши, кейинги кунларда комиссия аъзолари баҳсли ҳолатларни муҳокама қилишини айтган.

Бироқ, номзодлардан бирортаси катта устунликка эришса,  сайлов натижалари анча олдинроқ — Тошкент вақти билан 6 ноябр куни биринчи ярмидаёқ маълум бўлади. Бундан ташқари, кўплаб штатлардаги сайлов комиссиялари, янги қоидаларга кўра, ҳали ҳисобланмаган бюллетенлар миқдорини округлар кесимида тақдим этишга мажбур. Бу шуни англатадики, экстраполяция моделлари овоз бериш натижаларини ҳисоблаш тугашидан анча олдин аниқ башорат қила олади.

Мавзуга оид