Жаҳон | 15:01 / 05.11.2024
5992
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди

Янги қонун ирқий тенгсизлик муаммосини бартараф этиш учун ишлаб чиқилди.

Фото: AP / Diane Bondareff

Ню-Йорк шаҳар ҳокимияти аҳолига йўлнинг исталган жойидан ёки светофор қизил чироғидан ўтишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда AP нашри хабар бермоқда.

Илгари бундай ҳаракатлар 250 долларгача жарима билан жазоланарди. Таъкидланишича, янги қонун ирқий тенгсизлик муаммосини бартараф этишга қаратилган. Қонун муаллифи шаҳар кенгаши аъзоси ва асли ҳаитийлик бўлган демократик партия депутати Мерседес Нарсисс ҳисобланади. У ўтган йили йўлни қизил чироқда кесиб ўтгани учун жаримага тортилганларнинг 92 фоизини қора танлилар ташкил этганини эслатди.

“Келинг, очиқ гапирайлик. Ню-Йорк шаҳри аҳолиси доим қаергадир шошиб юради”, — деди Нарсисс. “Одатий кундалик ҳаракатлар учун жазолайдиган қонунларни, айниқса, улар рангли жамоаларга адолатсиз таъсир кўрсатаётган бўлса, бартараф этиш лозим. Ушбу жарималарни бекор қилиш орқали полициячиларимизга бошқа муҳимроқ масалаларга эътибор қаратиш имкониятини яратамиз”.

Танқидчилар қонун янада кўпроқ авариялар ва пиёдалар ўлимига олиб келишини айтмоқда.

Қонунчилик ҳужжати сентябр ойидаёқ шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган эди, бироқ Ню-Йорк шаҳри мери Эрик Адамс қарорни қабул қилишдан бош тортган. 30 кун ўтгач норма ўз-ўзидан кучга кирди. Шу билан бирга, шаҳар маъмурияти қизил чироқда ва йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтиш ниҳоятда хавфли эканини алоҳида қайд этди. Янги қонун махсус йўлаклардан ташқарида йўлни кесиб ўтувчи пиёдалар ҳеч қандай устунликка эга эмаслигини ва бошқа ҳаракат иштирокчиларига йўл бериши шартлигини таъкидлайди.

Маълумот учун, сўнгги йилларда АҚШнинг Денвер, Канзас-Сити шаҳарларида, шунингдек Миссури, Калифорния, Невада ва Виржиния штатларида йўлни белгиланган жойдан ташқари кесиб ўтгани учун бериладиган жарималар бекор қилинган.

Мавзуга оид