Жаҳон | 17:00
579
2 дақиқада ўқилади

Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ

5 ноябр БМТ томонидан Бутунжаҳон цунами ҳақида хабардорлик куни деб эълон қилинган.

Фото: AP

2015 йил декабр ойида БМТ Бош Ассамблеяси 5 ноябрни Бутунжаҳон цунами ҳақида хабардорлик куни деб эълон қилди. БМТ матбуот хизмати хабарига кўра, Бош Ассамблея барча давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, фуқаролик жамиятини цунами хавфидан жамоатчилик хабардорлигини оширишга ва тажриба алмашишга чақирган.

Ушбу кунни эълон қилиш ташаббуси Японияга тегишли бўлиб, у эрта огоҳлантириш, цунами оқибатларини бартараф этиш ва офатлар хавфини камайтириш соҳасида катта тажриба тўплаган.

«Цунами» сўзи икки япон сўзидан келиб чиққан - «цу» (порт, бандаргоҳ) ва «нами» (тўлқин). Цунами - бу денгиз тўлқинларининг кучли сериясидир. Аксарият ҳолларда цунами зилзилалар оқибатида юзага келади. Цунамини келтириб чиқарадиган бошқа ҳодисаларга океан яқинида ёки океандаги вулқон отилиши, сув ости чўкиндиларининг ҳаракати, тошларни сувга чўктирадиган қирғоқ кўчкилари ёки инсон фаолияти ёки метеорит таъсиридан келиб чиққан океандаги йирик тебранишлар киради.

Кўпинча цунами қирғоққа турбулент сувнинг вертикал девори сифатида ёпирилади, бу жуда ҳалокатли бўлиши мумкин.

Бутунжаҳон цунамидан хабардорлик кунини ўтказишдан асосий мақсад ушбу офат билан боғлиқ хавфларни камайтиришга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ва аҳолининг бундай ҳодисаларга тайёргарлигини оширишдан иборат.

Қайд қилинишича, охирги 100 йилда сайёрада 58 та цунами содир бўлган. Улар 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Ушбу офатларнинг ҳар бири ўртача ҳисобда 4600 киши ўлимига сабаб бўлган, бу бошқа табиий офатлардан кўп. Энг ҳалокатлиси 2004 йил декабр ойида Ҳинд океанидаги цунами бўлиб, 14 мамлакатда 227 минг киши ҳалок бўлган. Энг кўп зарар кўрган давлатлар Индонезия, Шри-Ланка, Ҳиндистон ва Таиланд бўлди.

Дунё миқёсида қирғоқбўйи паст ҳудудларида ва ривожланаётган кичик орол давлатларидаги 700 миллиондан ортиқ одам денгиз сатҳидаги экстремал ҳодисаларга, жумладан цунамига дучор бўлмоқда.

Мавзуга оид